Коронавирус: Сунъий йўлдош тасвирлари Хитойда вирус олдинроқ тарқаганини кўрсатмоқда - Koronavirus

Сурат манбаси, Screenshot
Сунъий йўлдош тасвирлари устида олиб борилган тадқиқот Ухандаги касалхона атрофида Covid-19 тарқагани айтилган вақтдан анча аввал автоуловларнинг кириб-чиқиши сезиларли даражада ортганини кўрсатган.
АҚШдаги Гарвард университети тадқиқотчилари ўтган йилнинг август ва декабрь ойлари ўртасида Ухандаги бешта касалхона атрофидаги автоуловлар ҳаракати акс этган сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилишган.
Мисол учун, 2018 йилнинг октябрь ойида Ухандаги энг катта касалхоналардан бири бўлган Тианйоу олдида 171 та автулов тўхтатилан бўлса, 2019 йилнинг худди шу даврида бу рақам 285 га чиққан. Бу 67 фоизга кўп, дегани.
Худди шу даврда хитойликлар ишлатадиган Baidu қидирув сайтида коронавирус аломатларига доир сўзлар воситасида қидирувлар сони сезиларли даражада ортган.
Автоуловлар ҳаракатининг ўтган йилларга нисбатан кўпайгани худди шу даврда Ухандан интернетда "йўтал" ва "ичкетар" сўзларига энг кўп қидирув берилганига доир маълумотлар билан уйғун.
Охирги маълумотларга таянган ҳолда Хитойда вирус ноябрь ойларида пайдо бўлгани тахмин қилинмоқда.

Сурат манбаси, AFP
Хитой расмийлари фақат 2019 йил 31 декабрга келиб сабаби маълум бўлмаган зотилжам касаллиги қайд этилганини билдиришган.
Гарвард университети тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари Жон Браунштейн Эй-би-си телеканали билан суҳбатда "коронавирус эпидемияси бошлангани айтилган вақтдан анча аввал коллектив ҳаётга сезиларли даражада таъсир ўтказган ўзгаришларнинг юз бергани аниқ" деб айтди.

Хитой расмийлари ушбу маълумотларни "кулгили" деб аташган ва тадқиқот юзаки маълумотларга таянганини айтганлар.
Тадқиқот борасида ҳозирча бошқа мутахассислар фикр билдиргани йўқ.

Сурат манбаси, Reuters
Би-би-сининг Пекиндаги мухбири Жон Садвортга тадқиқотчилар қўлланган маълумотлар чекланганига эътибор қаратади.
Масалан, ҳаво булутли бўлган кунларда баъзи саналардаги маълумотларни таққослашнинг имкони бўлмаган.
Мухбиримизга кўра, коронавирус эпидемияси ҳақиқатан ҳам анча олдин бошланган бўлса, бу вирус бошқа давлатларга ҳам олдинроқ қириб борганини англатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













