Коронавирус: Англияда Ўзбекистон каби давлатлар учун арзон вакцина синови бошланмоқда - Koronavirus

WHO

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бу ҳафта Англияда инсонларни Covid-19 дан ҳимоя қилиши мумкин бўлган вакцина синови бошланмоқда.

Нархи 3 фунт стерлинг бўлган (3,7 АҚШ доллари) вакцина янгича усулда ишлаб чиқилган ва фойдаси тасдиқлангани тақдирда, уни катта ҳажмда ишлаб чиқариш ҳам қулай экани айтилмоқда.

Лондон Империя коллежи мутахассислари потенциали кучли, аммо ҳозирга қадар синаб кўрилмаган технологияни қўллашни режалашмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Вакцина самарали бўлса, қисқа вақт ичида катта миқёсда ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин.

Олимлар ушбу вакцинани Англиянинг ўзи ҳамда Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар учун имкон қадар энг паст нархларда ишлаб чиқаришни ваъда қилишмоқда.

Би-би-ининг Andrew Marr Show дастурида қатнашган Лондон Империя коллежи тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари, профессор Робин Шатток янгича ёндашувни мана бундай тушунтирди:

"Одатда вакциналар, вирусни катталаштирган ёки уни активлаштирган ҳолда ва ё бошқа вируслардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилади. Биз жуда ҳам оддий йўлни танладик. Вируснинг юза қисмидаги протеиндан кичик бир парчанинг генетик материалини оламиз, ундан нусҳа кўчирамиз ва микроскопик ўлчамлардаги ёғ томчиларининг ичига жойлаштирамиз".

"Вужуднинг ўзи ишлаб чиқаради"

Профессор Шаттокнинг айтишича, шундан сўнг айни материал мускул тўқималарига киритилади.

"Ҳужайралар ўз навбатида бу генетик йўриқномани вужудга тадбиқ қилади ва ҳужайраларнинг ўзини иммунитет тизимини огоҳлантирувчи ушбу протеинларни ишлаб чиқарувчи база ҳолига келтиради".

Шаттокнинг сўзларига кўра, шу йўл билан вужудни ҳимоя қилувчи аксилтаначалар ишлаб чиқарилади.

Инглиз олимининг билдиришича, бу вакцинада жуда ҳам кичик доза ишлатилгани учун тезликда ва катта миқдорда ишлаб чиқариш имкони мавжуд.

Профессорнинг сўзларига кўра, бу усул нафақат коронавирус, балки бошқа турдаги вирусларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Вакцина тестлари муваффақиятли ўтгани тақдирда қачон тайёр бўлиши мумкин, деган саволга профессор Шатток мана бундай жавоб берди:

"Вакцина одамлар орасида касаллик тарқалишининг олдини олишини кўрсатишимиз керак. Хавфсизлик синовларидан кейин энг кеч октябрь ойида Англияда кенг миқёсли синовларни ўтказамиз. Албатта, бу пайтга келиб, вирусга чалинган қанча одам бўлииш ҳам муҳим. Бир вақтнинг ўзида дунёнинг бошқа давлатларида ҳам тестларни ўтказамиз".

Шаттокнинг сўзларига кўра, самарали бўлгани тақдирда, ҳеч қандан даромад олиш мақсади кўзланмаган ҳолда, вакциналарни бошқа давлатларда ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ҳозирча ушбу вакцина қанчалик узоқ муддатга иммунитет шакллантириши маълум эмас.

Ўтган ҳафта Англиядаги AstraZeneca ширкати Европанинг тўрт давлатига Оксфорд университетида ишлаб чиқилаётган вакцинадан 400 миллион доза етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.

Вакцина хавфсизлик тестларидан ўтиб, таъсири тасдиқлангач, йил охирига қадар етказиб берилади.

Ширкат аввалроқ айни вакцинадан Англияга 100 миллион доза етказиб бериш ҳақидаги шартномани ҳам имзолаган.

Дунёда коронавирус

Коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Душанба куни Европа бўйлаб карантин чораларини юмшатиш давом этди.

Англияда қатъий ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ноозиқ-овқат дўконларни очилишни бошлади.

BBC

Харидорларга фақат маҳсулотни сотиб оладиган бўлсаларгина қўл билан ушлашга рухсат этилади, саватчалар ҳар сафар ишлатилганда дезинфекция қилинади.

Франция қўшни давлатлар билан чегараларни очган бўлса, Испания Германиядан илк сайёҳларни қабул қилди.

Ҳозирча тажриба тариқасида.

Россияда охирги 24 соат ичида 8 246 янги коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари аниқланган, улардан 1359 нафари Москвада.

143 киши вафот этган, қурбонларнинг умумий сони 7 мингдан ошиб кетган.

8 246 янги ҳолат 1 майдан буён энг паст кўрсаткич.

АҚШда янги ўлим ҳоллари - 26. Вафот этган сони 117 мингдан ошган.

Касалликка чалинганлар 2 миллиондан кўп, 15 июнь куни 4303 янги ҳолат қайд этилган.

Хитойда 49 та янги ҳолат қайд этилган.

Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 5 мингдан ошган. Охирги суткада 74 та янги ҳолат қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2020 йил 15 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 5154 нафарни ташкил этмоқда.

Шулардан 6 нафари карантин марказида, қолгани аҳоли орасидан экани маълум қилинади.

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek