Ўзбекистон: ойига 4,6 млн сўм топадиган беш кишилик оила камбағал деб кўрилиши керак O'zbekiston

Ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, Getty Images

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг таърифича, кунига 1,90 АҚШ долларидан кам даромадга эга инсон қашшоқ ҳисобланади.

Бу Ўзбекистондаги шу кеча-кундуздаги доллар курси(9550) бўйича 18145 сўм деганидир ва ойига 544350 сўмдан кам пенсия, нафақа ёки даромад топадиган ўзбекистонлик қашшоқ деб кўрилиши керак.

Аммо халқаро ташкилотлар аста-секин қашшоқлик даражасини кунига 1,9 долларлик даромад билан ўлчаш қоидасидан воз кечаяптилар.

Ўзбекистон ҳукумати узоқ йиллар мамлакатдаги қашшоқликни тан олишни истамади: 1990 йиллар бошидан ўзбекистонлик журналистлар "камбағал", "қашшоқ" сўзларини қўлламаслик ҳақида огоҳлантирилдилар, матбуот "кам таъминланган" деган таърифни ишлата бошлади.

2000 йиллардан кўплаб завод-фабрикалар ҳам тўхтади, пахта ва ғалланинг давлат планлари сабабли Ўзбекистонда деҳқончилик билан тирикчилик ўтказиш ҳам қийин бўлиб қолди.

Миллионлаб ўзбекистонликлар Россия, Қозоғистон, Туркия, АҚШ, Жанубий Кореяга меҳнат муҳожири бўлиб чиқиб кетдилар.

Марҳум президент Каримов Россияга пул ишлаб топиш учун чиқиб кетган мигрантларни "дангасалар" деб таърифлади.

"Ақллар сизиб чиқиши" кучайди, олий маълумотли олимлар, инженерлар, шифокор ва бошқа касблар эгалари билим ва тажрибаси қадрланган мамлакатларни танладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан кейин аҳоли турмуш шароитига давлатнинг муносабати ўзгарди, кабағалликни йўқотиш ҳукуматнинг устувор вазифаси сифатида қўйилди.

Аммо расмий ахборотлардан Ўзбекистондаги қашшоқлик сабаби боқимандаликда, деган таассурот уйғонади. Хўш, расмийларнинг бу қараши тўғрими?

Би-би-си ушбу саволни ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Игорь Цойга берди.

Игорь Цой

Сурат манбаси, .

Игорь Цой: Гапни Ўзбекистонда кимларни камбағал деб аташ бўйича тан олинган атама йўқлигидан бошласак. Статистика органлари доим "кам таъминланган аҳоли" деган тушунчани қўллаб келган: бундай аҳоли тоифасига кунлик истеъмол қиладиган озиқ-овқатининг энергетик қиймати 2100 калорияни ташкил этадиган одамлар киради. Аммо бугунга келиб бу меъёр эскириб улгурган. Бу нормани қўллашни 2000 йили Жаҳон Банки тавсия қилган эди. Ҳозиргача банк бу кўрсаткич янгиланиши лозимлиги ҳақида бир неча марта баёнот берди.

27 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни камайтиришга бағишланган видеоселектор мажлис ўтказди ва жумладан шундай деди: "Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани". Бу кунига 1-1,3 доллар дегани. Муҳтожликда белгилашда 1 ёки 1,3 деган кўрсаткич йўқ. Кунига бир кишига 1,9 доллар деган камбағаллик чизиғи бор. Бу камбағалликнинг экстремал даражаси ёки қашшоқлик дегани.

Нафақа бериш вазиятни ўнглолмаслиги аниқ. Камбағалликка қарши кураш муаммо устига пул қуйиш деганини англатмайди. Камбағаллик кўп йўналишли характер ва сабабларга эга вазият ҳисобланади. Камбағалликни нафақаларни кўпайтириш, янги иш жойларини барпо этиш, ўз бизнесини ташкил этиш учун кредитлар ажратиш ёки яшаш шароитини яхшилаш билангина енгиб бўлмайди.

Бунинг учун комплекс ёндашув талаб қилинади: ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, маориф даражасини кўтариш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарлар тараққиётини тезлаштириш, қишлоқ жойларида коммунал хизматларни ташкил қилиш лозим. Буларнинг ҳаммасини Президент Мирзиёев ўз маъруасида санаб ўтди. Молия-иқтисод масалалари ва камбағалликни камайтириш бўйича Бош вазир ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ҳукумат муаммо мавжудлиги ва унинг миқёсини англаб етганидан далолат.

Би-би-си: Бугунги ҳисоб-китоб бўйича 544350 Ўзбек сўми бир кишига бир ойга БМТнинг камбағал таърифи бўйича етадиган маблағ ҳисобланаркан. Шундан келиб чиқиб сиёсатчилардан бири беш кишилик оилага 2,5 миллион сўм етади, деган баёнот билан чиққанди. Сизнингча, бу Ўзбекистондаги истеъмол саватининг тўғри ҳисоб-китобими?

Игорь Цой: Бу мутлақо нотўғри ёндашув. Мен юқорида айтганимдек, кунига киши бошига 1,9 доллар дегани - камбағалликнинг энг қуйи нуқтаси. Назаримда, 10 минг - 13 минг сўмни силжиш нуқтаси қилиб олиш билан амалдорларимиз ўзлари учун вазифаларини осонлаштириб олмоқчи, мамлакатдаги қашшоқликнинг ҳақиқий миқёсини камайтириб кўрсатмоқчи бўлаяптилар. Бу рақам қашшоқликнинг кўрсаткичи. Унга йўналиш олиш билан амалдорлар бундан кейин ҳам камбағаллик кўпайишига кўмакчи бўлаверадилар.

Халқаро ташкилотлар аста-секин бу кўрсаткичдан фойдаланишдан воз кечаяптилар ёки қўллашни чеклаяптилар. Ҳозир немонитар қашшоқлик атамаси жорий этилаяпти. Бу аҳоли камбағаллигини уч индекс бўйича ўлчашни назарда тутади: кўп қатламли камбағаллик(у аҳоли камбағаллигининг қатламлари ва чуқурлигини ўлчайди), моддий депривация(нисбий камбағаллик даражасини аниқлаш) ва ижтимоий узилиб қолиш(бу социал аҳамиятли хизматлардан фойдаланиш имкониятини ўлчайди)ни назарда тутади.

Беш кишилик оилага 2,5 миллион сўм етарли экани ҳақидаги баёнот борасида. Жаҳон Банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон - аҳоли жон бошига миллий даромади ўртача мамлакат ҳисобланади(Йилига киши бошига 1533 АҚШ доллари). Даромаднинг ўртача даражаси икки гуруҳга бўлинади. Даромади ўртача даражадан паст мамлакатлар - киши бошига йилига 1036-4085 доллар. Ва даромади ўртача даражадан юқори мамлакатлар - киши бошига йилига 4086-12615 доллар. Биринчи гуруҳдаги мамлакатлар учун мезонлар қабул қилинган, бу мезонлар бўйича кунига киши бошига 3,2 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичини англатади. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичи деб кўрилиши керак. Ўзбекистон учун қашшоқлик чизиғи - кунига 3,2 доллардан кам пулга яшаш дегани. Бу дегани беш кишидан иборат оиланинг ялпи даромади ойига 480 доллар ёки 4,6 миллион сўмдан кам бўлса, бу оилани камбағал деб кўриш керак. Бизнинг амалдорларимиз мамлакатдаги камбағалликни камайтириш курашида мана шу рақамга таянишлари лозим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek