Ўзбекистон: Божхона тўловларининг оширилиши қашшоқликка олиб келадими?

техника

Янги йилдан 300 дан ортиқ маҳсулотга бож тўлови жорий қилиниши ва мавжудлариники оширилишини иқтисодчилар кескин танқид билан қаршилади. Юлий Юсуповга кўра, импорт ўрнини босиш фалсафасига қурилган сиёсат - қашшоқлик ва порахўрликдан бошқа нарсага сабаб бўлмайди.

"Балиқ ва денгиз маҳсулотлари, сабзавотлар, мевалар, ёнғоқлар учун божхона тўловларининг ўрнатилиши - агар нарсаларни ўз номи билан аташ керак бўлса, бу ҳақиқий жиноятдир", дейди иқтисодчи Юлий Юсупов.

Togri.uz сайтида эълон қилинган мақоласида иқтисодчи, ун, нон, сут ва гўшт маҳсулотлари, шакарга божхона тўловлари ҳукумат чораларининг нақадар ижтимоий йўналмаганидан дарак беришини айтган.

Юсупов жамоатчилик муҳокамасига қўйилмасдан 2 октябр куни имзоланган Президент қарорини таҳлил қилган.

"Халойиқ, лоббичиларнинг иштаҳаси геометрик прогрессда ошмоқда. Бизнинг имтиёздаги мопополчи "тадбиркор"ларимизнинг истагига фақат босиб олган ҳукумат бас келиши мумкин, деган ҳис пайдо бўляпти. Амалдаги ҳукумат уларнинг ҳеч бир талабини "рад қилолмайди"ган кўринади", дейди у Facebook саҳифасида.

Иқтисодчининг ёзишича, электромобилларга 10% бож жорий қилиниши Ўзбекистон автосаноатига рақобатчилар керак эмаслиги ва улар "экологияга тупириб" қўйганини англатади.

"Ундай бўлса, велосипедлар, самокатлар, отлар, эшаклар ва туяларга қўшимча солиқ ва тўловлар белгилаш, монополистимиз ҳеч қандай таҳдид сезмаслиги учун жамоат транспортида юришни ҳам таъқиқлаш зарур", дейди у.

Президент қарори билан янги йилдан кундалик эҳтиёж учун маҳсулотларига қуйидаги божлар жорий қилинади.

  • Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари - 15-30% божхона тўловлари (болалар кийимлари - 10%).
  • Пойафзал - 20% божхона тўлови.
  • Гигиена воситалари ва косметика маҳсулотлари - божхона тўловлари 20-30 % ставкалари.
  • Идиш-товоқлар - 15% божхона тўлови, ошхона буюмлари - 20%.
  • 30% - газ плиталари.
  • 20% - маиший идиш-товоқ ювиш машиналари, кир ювиш машиналари, чангютгичлар, кондиционерлар, бошқа элекит механик жиҳозлар, совутгичлар, музлатгичлар, элект плиталар, сув иситиш мосламалари, замонавий телевизорлар.
  • 10% - микротўлқинли печлар, телефон аппаратлар, аудио ва видео ёзувчи мосламалар, радиоприемниклар, мониторлар, проекторлар, электр лампалар, ёритиш мосламалари.
  • 20% - мотоцикллар.
  • Импорт қилинадиган автоуловларга юқори, амалда ман этувчи божхона тўловлари (солиқлар ва акцизлар) сақланиб қолинди (уларнинг ҳажми двигател ҳажмига боғлиқ).

Юсупов кўра, бу каби божхона тўловлари ва яна импорт қилинадиган маиший техника учун ҳар хил тарифсиз тўсиқлар билан Ўзбекистон аҳолиси ХХI асрга ҳали-бери кириб бормайди.

"Аммо бизнинг "электр техник саноатимиз" етакчилари - "Артель" ва Асака автозаводи импорт қилинадиган қисмларни йиғиш билан шуғулланиш орқали шундоқ ҳам камбағал маҳаллий аҳоли ҳисобидан юқори монопол даромад олишда давом этадилар", дейди у.

Иқтисодчининг таъкидлашича, гўёки маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қурилиш, кимёвий маҳсулотлар, совутгич каби маҳсулотларга бож тўловларининг жорий қилиниши ёки оширилиши монополлардан ташқари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун фойда келтирмайди.

"Буларнинг барчаси бизнесни юритиш харажатларини камайтириш, хом ашёни чуқур қайта ишлашни яратиш сиёсати, халқаро меҳнат тақсимотига қўшилиш ва экспортга йўналтирилган сиёсат юритиш истаги билан мутлақо мос келмайди", дейди у.

Юлий Юсупов ҳукуматнинг 1996 йилдан буён қатъий амал қилиб келаётган импорт ўрнини босиш фалсафасига биноан давлат танлов асосида олиб борадиган саноат сиёсатини кескин танқид қилган.

"Бу мутлақо янглиш мантиқ ва қашшоқлик, порахўрликдан бошқа нарсага сабаб бўлмайди", дейди у.

Иқтисодчига кўра, юқори даражадаги божхона тўловлари камдан-кам ҳолларда "ҳимояланган" саноатни ривожлантиришга ёрдам беради.

"Биринчидан, божхона тўловлари қанча юқори бўлса, контрабанда ва қинғир импорт ("Абу Сахий" каби тузилмалар орқали) шунча кўп бўлади, қонуний олиб кирилган маҳсулотлар билан рақобатлашишдан кўра айнан улар билан курашиш анча қийин".

Муаллиф автосаноат ва Артель эришганидек, ноқонуний ва қинғир импорт каналларини тўсишга муваффақ бўлганда ҳам бу монополияни келтириб чиқаради.

"Бу монополияни келтириб чиқаради ва сифатини яхшилаш ва харажатларни камайтиришни, ҳатто хаёлларига ҳам келтирмаган ҳолда, мижозлар эвазига бойиб кетишга имкон беради. Шундай қилиб, ҳозирги босқичда божхона ислоҳоти ортга қайтарилди, деса ҳам бўлади. Умид қиламизки, бир кун келиб биз унга яна қайтамиз", дейди у.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча бу қарорни расман изоҳламади, аммо баҳсу мунозаралар чоғида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги божхона тўловларининг оширилиши мамлакат ичида юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қулай шароитлар яратиши билан изоҳлаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek