Ўзбекистон: Regulation.gov.uzга чала лойиҳалар тақдим қилинадими?

Москвадаги электротехника дўкони

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон электротехника бозорида соғлом рақобат йўқ деб кўрилади.

Ўзбекистонда ҳаётга жорий этиладиган янгиликни халқ билан маслаҳатлашиш мақсадида тузилган regulation.gov.uz расмий веб-сайтида эълон қилинишидан олдин лойиҳа матнлари пухта ўрганиладими?

Афтидан, йўқ.

"Ўзстандарт" таклиф қилган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси ҳақида ана шундай хулоса шаклланди.

Қарор матни 19 сентябр куни эълон қилинди ва 3 октябргача муҳокама этилиши кўзда тутилгани аёнлашган.

Қарорнинг номи ва матни рус тилида эълон қилинди ва "О дополнительных мерах по защите прав потребителей и совершенствования работ по оценке соответствия потребительской продукции, а также создания благоприятных условий для субъектов предпринимательской деятельности" деб номланади.

Бундан олдин Regulation.gov.uz сайтида кўп марта кузатилганидек, лойиҳанинг ўзбек тилидаги матни эълон қилинмаган.

Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгани айтилган қарорнинг лойиҳаси матни кескин танқидларга дуч келганини кўриш мумкин.

"Нималар қилябсизлар? Узурку лекин асаб бузилиб кетябди бундай таклифларни ўқиган сари. Қайси калласи каттадан чиқябди бундай таклифлар? Бундай таклифлар, қарорларни Президентга, Ҳукуматга киритишдан олдин олди-орқамизга, иқтисодимизга қараб олайлик....", деб фикр билдирди Шоядбек Шухратович Джураев.

"Бу лойиҳани муалифларига таклифим шуки. Бунақа чекловларни бас қилишсин. Мамлакатимизда сифатни баҳоловчи бирорта бир тузукроқ лаборатория йўқ, бўлса хам қўл билан саноқли. Ундан кўра, шуни хисобга олиб, синов лабораторияларини сонини оширишни, малакали мутахассисларни жалб этишни, замонавий лаборатория синов ускуналарини сонини ошириш хақида бошқ отиришса, бундан мамлакатимиздаги барчага фойдаси кўпроқ тегар эди. Бу қарор лойихасини умуман бекор қилишингизни таклиф қиламан", деб ёзди KADIROV RASULJON ASHURMAXMATOVICH.

"Yigi'shtiringlar bunaqa boshni kresloga qo'yib boshqa joy bilan o'ylanib yozilgan loyihalarni. aholiga qulaylik va ular mafaatlari, huquqlari deb hammaga og'irlashtirayapsizlar, ikkita biror intellektual patenti bo'lmagan, biror ilmiy yutuqqa erishmagan mahalliy yig'uvchi manfaatlari degani bu millionlab aholi manfaati degani emas", деб ёзди ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамасида қатнашган Regulation.gov.uz веб-сайти фойдаланувчиси Vohid Kholov.

Vohid Kholov сингари яна қатор ўқувчилар янги қарор лойиҳасида маҳаллий йиғувчи манфаатлари лоббиси илгари сурилаяпти, деган хулосага келдилар.

"Кечаги Ўзстандарт таклиф этаётган механизм ишга тушса, Артел Ўзбекистон ҳаво йўлларига айланади, электротехника ишлаб чиқарувчиларига Ўзбекистон бозорига киришни фақат Артел хал этади. Чунки фақат Артелдаги бутун минтақалар бўйича инфратузилма мавжуд. Оқибатда, Биринчидан, Малика, Абу саҳийдаги электротехника товарлари сотувчилари бизнесни йиғиштириб, Россияга мардикорликка кетишга тайёргарлик кўрса бўлаверади. Иккинчидан, электротехника товарлари кескин қисқаради, импорт фақат Артел бенефициарлари қўлига ўтади, чунки фақат улар энди электротехника товарларини сота олади. Учинчидан, табиий равишда электротехника товарларининг нархи кескин ошади. Иккиюзламачи Ўзстандарт таклиф этаётганидек истеъмолчини ҳимоя қилиш эмас, чўнтагини қоқиштириш бўлади бу", деб ёзди блогер Bakiroo.

Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам қарор лойиҳасида қатор тузатилиши талаб қилинадиган нуқталари борлигини эслатди.

"Ўрганиш натижалари бўйича, ҳужжат лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларни, тадбиркорлик субъектларини манфаатларига зид келувчи шунингдек рақобат муҳитига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар назарда тутилгани аниқланди", деб ёзди Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.

Аксилмонопол қўмита лойиҳа матни борасида ўз таклифларини киритган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek