Ўзбекистон ҳукумати чегарадан ўтишда яна чеклов киритди

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон ҳукумати яна бир бор жисмоний шахсларнинг қўшни давлатлардан олиб кирадиган товарларига чеклов киритди. Энди бир турдаги маиший техника воситаларини Ўзбекистонга ҳар олти ойда бир марта олиб кириш мумкин.

Буни кир ювиш машинаси мисолида тушунтирадиган бўлсак. 22 июнда чиққан чекловлар билан сиз нархи 300 долларгача бўлган кир ювиш машинасини бир ойда бир марта олиб кира олган бўлсангиз, энди олти ойгача бошқа кир ювиш машинаси олиб кира олмайсиз.

Энди бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини бир ойда кўпи билан 2 килогача олиб кириш мумкин. Масалан, Россияда ишлаб чиқарилган кунгабоқар ёғини Қозоғистон ё Қирғизистон орқали бир ойда фақат икки литргача олиб кира оласиз. Олдин ҳар куни 2 килогача олиб кира олардингиз.

Белгиланган миқдордан кўпроқ товар олиб ўтилганда, божхона тўловлари ундирилади.

Расмийлар 4 ойда иккинчи марта жорий қилинаётган чекловларни истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан изоҳламоқда. Улар шу йўл билан ички бозорга сифатсиз товарлар кириб келишини олдини олишмоқчи. "Муҳими бу чекловларни мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини инобатга олган ҳолда киритяпмиз, дейишяпти расмийлар.

Бундан ташқари Давлат Божхона қўмитаси чегара ўтиш нуқталаридаги тирбандлик ва узун навбатларни қўшни давлатлардан техника ёки бошқа товар олиб келаётган фуқароларга тўнкаб қўя қолган.

Аслида ҳам шундайми?

Бу каби чекловлар биринчи эмас. Ҳукумат 22 июнда маиший техникаларга киритган чекловларни кузатувчилар Ўзбекистонда маиший техникаларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган "Артел" қарори деб изоҳлашган эди.

16 октябр куни имзоланган қарор лойиҳаси эълон қилингандан бошлаб хуш қаршиланмади.

Истеҳзоли эътирозларда агар келаётган товарнинг божхона тўловлари тўланса сифатлига айланадими, деган саволлар берилган.

regulation.gov.uz га қўйилган қарор лойиҳасига ҳам кўплаб эътирозлар ёзилган.

Телеграмдаги @davletovuz каналининг ёзишича, одамлар бу қарор лойиҳасини жуда салбий кутиб олди, жуда кўпчилик ҳақли эътироз билдирди, лекин ҳужжат барибир қабул қилинди. "Унда нима қилишади эълон қилиб, агар одамларнинг фикри инобатга олинмаса", деб ёзади канал юритувчилари.

Порталдаги фикр билдирувчиларнинг бир гуруҳи "Чекловга сабаб нима, қани аргумент деб сўрашган"

Улардан бири қарорнинг қабул қилиниши аҳолининг нисбатан камбағал қатламига зарар келтиради, дейди.

Бу айримларнинг лоббиси, деб ёзади яна бири.

Қарор лойиҳасига изоҳ қолдирганлардан бири буни "Монополияни кучайтириш, рақобатни сусайтириш ва бунинг оқибатида нархларнинг тушиши ўрнига кўтарилиши, 1-2 йилдан бери иқтисодиётни ва бозорни очишга қаратилаётган ҳаракатларга тескари иш", деб изоҳ қолдирган.

Уларга кўра, "Бу қарорни қабул қилиш ўз-ўзидан монополияни ривожлантириб, рақобатни йўқ қилади ва нарх-навонинг сунъий равишда кўтарилишига олиб келади".

Лойиҳа остида қарорни қўллаб қувватлаганлар ҳам бор. Улар келтирган аргументлар расмийларнинг мустақил оммавий ахборот воситалари орқали чиқарган қарашлари билан деярли бир хиллигини кузатиш мумкин.

Шавкат Мирзиёев икки йил аввал ҳокимиятга келаркан, халқ орасида ислоҳотчи раҳбар сифатида кўринишга ҳаракат қилди. Каримов даврида қўшни давлатлардан бир ўтишда фақат 10 долларлик товар олиб ўтиш чеклови ҳар бир шахсга 1000 долларга чиқарилди.

Мамлакат ичидаги мутахассислар бу чекловларнинг олиниши ичкаридаги ишлаб чиқарувчиларни рақобат остида ишлашга ўтиши ва иқтисод ривожланиб, нархлар тушишига олиб келишини башорат қилишди.

Чекловлар олингач Нархлар тушмаган бўлса-да, халқ олдида танлов пайдо бўлди. Бироқ мутахассислар кутганидек, ички ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлашига туртки бўлмади.

Натижада кузатувчилар монополчиларга хизмат қилувчи дея таъриф бераётган 4 ойнинг ичида Вазирлар маҳкамасининг икки қарори қабул қилинди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek