Ўзбекистон: Солиқ кодекси мукаммаллашмоқдами?

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Ўзбекистонда янги солиқ кодекси муҳокамага қўйилди.
regulation.gov.uz расмий веб-сайтида 17 сентябргача муҳокама этилиши хабар қилинган лойиҳа муаллифларининг фикрича, Ўзбекистондаги солиқ қонунчилиги жуда соддалаштирилган, солиқлар ва бошқа тўловларнинг сони камайтирилган.
Аммо ҳаммаси ҳам қонун ижодкорлари тақдим этаётганидекми?
Ўзбекистоннинг янги солиқ кодексини ишлаб чиқиш жараёнида Молия вазирлиги, Давлат Солиқ қўмитаси мутахассислари, Халқаро Валюта жамғармаси, Жаҳон Банки ва бошқа халқаро экспертларнинг иштирок этганлари хабар қилинди.
Ўзбекистон раҳбарияти инсонларнинг ўзи истаган тадбиркорлик тури билан шуғулланишлари учун шароит яратаётганини, мамлакатда кўп даромад топиб, давлат ғазнасига солиқ тушириб, ўзини ҳам, давлатни ҳам бой қиладиган тўғри, софдил солиқ тўловчилар кўпайишини истамоқда.
2019 йилда жорий этилган соддалаштирилган қўшимча қиймат солиғи ҳам ана шу мақсадларни кўзлагани эълон қилинди.
Токи "соя иқтисоди"да даромад топаётганлар қонуний ишлаш йўлига ўтсинлар.
Маҳаллий веб-нашрларининг хабар қилишларича, электрон тижорат ривожланаётганини инобатга олиб янги солиқ кодексида Интернетда даромад кўраётганларни ҳам солиққа тортиш кўзда тутилди.
Кодекс лойиҳасида 2020 йил 1 январидан Интернет қидирув тизимларида реклама жойлаштириш, статистикани ўлчаш, онлайн-савдо майдонларини тақдим этиш ва стриминг хизматларини кўрсатадиган ширкатлар ҳам Ўзбекистонда солиқ идорасида рўйхатдан ўтишлари ва даромадидан солиқ тўлаши лозимлиги тартиби кўзда тутилган.
Маҳаллий ахборот манбалари Ўзбекистондаги Интернет маконида бундай хизматларни Google, Yandex, Alibaba ва Netflix сингари компаниялар кўрсатаётганини хабар қиладилар.
Ушбу банд Россиядаги Google солиқни ёдга солиши айтилмоқда.
regulation.gov.uz веб саҳифасидаги лойиҳа қизғин муҳокама бўлаяпти, деб бўлмайди.
Бироқ Ўзбекистон солиқчилигини ичидан биладиган мутахассислар мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашмоқдалар.
Хусусан, gazeta.uz веб-сайти муштарийси Елена Сергеевна шундай ёзади:
"Оҳ, бу Солиқ кодекси. Мана бир йилдан буён уни эзиб ташлашди. Йил бошида ҳамма Оммавий ахборот воситалари ва ТВ қичқиришди - Давлат сизлар учун солиқни камайтирди, мана энди соядан чиқинглар! Ҳа, чиндан ҳам камайтиришди, ҳар бир маошга 1%. Бунинг ўрнига микро фирмалар ва кичик корхоналарга ер солиғи, мулк солиғи, сувдан фойдалангани учун солиқ жорий қилишди, ягона солиқ тўловини кучида қолдиришди. Бу нарса фирмалар бўйнига солиқ босимини 3 марта ошириб юборди. Дарвоқе, ягона солиқ тўловини(ўша пайтда у ягона солиқ деб аталар эди) ичига ер, мулк ва сув ҳам кирган умум белгиланган солиқлар ўрнига киритишди. Ўйлайсизки, шундан кейин бюджетда пул пайдо бўлдими? Ундайга ўхшамайди. Ҳар ой инспекторлар қўнғироқ қилишади ва ялинишади - озгина бўлса ҳам пул ўтқазинг! Марҳамат! Мен, албаттаки, маблағ бўлса ўтказаман. Барибир тўлашим керак-ку. Аммо бу нормал нарса эмас!
Камерал назорат ўзи алоҳида муаммо. Саводли инспекторлар бармоқ билан санарли. Қолганлар фақат солиқ тўловчига бўйнига қанча солиқ солинганини ёзиб юбориш билангина шуғулланади. Йил чораги тугади, бир ҳафтадан кейин эса кабинетга бахт мактуби келиб тушади - Сизнинг оборотингизда 76 млн, сиз эса 2 млн деб кўрсатгансиз, зудлик билан қолган солиқни тўлаб қўйинг! Ҳа-да, 20 млн деб кўрсатдим, чунки менда ПАЙНЕТ хизмати. Пайнет эса 25% лик ставкада 2,5% мукофот пули олиш ҳаққига эга. Хат ёзиб, "мен вижонсиз солиқ тўловчини топдим" деб бошлиқнинг олдига югуришдан олдин анализ қилишни билиш керак.!
Ёки солиқ идорасига Солиқ Кодексининг ҳар бир бандларини кўрсатиб ўтган ҳолда конкрет савол билан хат ёзасан. Жавобингга эса ўша Солиқ Кодекси бандлари санаб ўтилган, солиқ ҳисоботлари ва тўловлари муддати ҳақидаги ёзувни оласан, бирор конкрет нарса йўқ. Қайси ставкаларни қўллаш керак? Ўзинг ўйлаб топ, агар кам солиқ тўлаган бўлсанг, биз кейинроқ сенга яна қўимча қанча тўлашинг кераклиги ҳақидаги бахт мактубини юборамиз. Табиийки, тафсилотли анлизисиз.
Мисол учун мен Солиқ Кодексига қўшимча солиқни тўлаш талабини қўйиш учун масъул бўлган солиқ идораси инспекторини шахсий жавобгарликка тортиш таклифини киритган бўлардим. Нотўғри ҳисобладингми - жарима тўла! Мана корхоналар солиқни тўғри ҳисобламагани учун жавобгар-ку, жаримасини ҳам тўлашаяпти бунинг учун каттагина. Нега мана шундай жавобгарлик Давлат солиқ назорати инспекторларида йўқ?"
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek

















