Блогерлар нега "Ўзстандарт" ва Artel ни лаънатлаб, қораламоқда?

Twitter микро блогининг ўзбек сегменти "Ўзстандарт" ташаббуси билан муҳокамага қўйилган маиший электр техникаларининг импортини чекловчи қарор лойиҳасига қоралаш ва лаънатлаш билан жавоб қайтарди. Иқтисодий таҳлилчи эса Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар манзилига етиб келганини айтмоқда.
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, деб номланган қарор шу ҳолида қабул қилинса Ўзбекистонга кириб келаётган маиший техникаларга чекловлар қўйилиши ва бу мамлакат ичидаги ишлаб чиқарувчиларга қўл келиши айтилмоқда.
Иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши 5-7 йилга чўзилишига "бюрократия бизни енгди", дея муносабат билдирди.
Regulations.gov.uz га қўйилган "истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш" қарор лойиҳасини ижтимоий тармоқдагилар норозилик билан кутиб олди.
"Ўзстандарт ва Артелнинг ҳамкорлигини лаънатлайман ва қоралайман", деб ёзди блогер @davletovuz.
Нима учун деган саволга у "Ўзстандарт" четдан кириб келадиган маиший техник воситаларини сотишни чекламоқчи, дея жавоб берди.
"Чунки бизнинг стандарт бўйича қўмитамиз мамлакатнинг барча минтақасида сервис-марказлари бўлмаган компанияларнинг маиший техникаларини сотишни тақиқламоқчи. Бу ишлар монопол компания бўлмиш Artel ни қўллаб-қувватлаш учун қилиняпти, деб тахмин қиламиз", дейди у.
Ўнлаб бошқа блогерлар ҳам "Ўзстанддарт" ва Artel ширкатининг гўёки ҳамкорлигини қоралаган ва ланъатлаган.
"Ўзи артел маҳсулотини олган одам жуда катта хато қилган бўлади. Қимматроқ бўлсаям LG, Samsung ларни олавериш керак. Ё бўлмаса Хитойни бошқа брендлари артелдан ўлса ўлиги ортиқ", дейди бир твиттер иштирокчиси.
"Икки марта Артел телевизори олганман, эртасигаёқ қайтариб бериб, Самсунгни опкелганман. Артел газплитам бор, олганимдан афсусдаман. Артел чойнак бор, зангламас деб ёзиб қўйилган, аммо 2 ойда занглаб қолган. Худди шундай хитой чойнакларидан уч баробар қиммат", дейди @yoshulli

Сурат манбаси, Screenshot
Яна бир фойдаланувчи уйида Artel маҳсулотларидан фойдаланмаслигини айтди.
"Хонадонимда бирорта Артел буюм йўқ. Совғага кеп қолсаям, у бу яқинларимга бервораман. Офисда бир Артел кондиционер бор. Ёз бўйи ишламади, иссиқ ҳаво берди...".
"Артел телевизорим бир йилда 2 марта бузилди, холодилнигимни 3 йилда сроги келиб тугади, кир ювиш машинаси 6 ойда бузилди. Ҳозир ҳаммасини Самсунгга алмаштирганман", дейди Rico
Artel маҳсулотларидан мамнун мижозлар ҳам ёзишди.
"Бизда онамларни катта айвонларида катта артел кондюр туради, очик ошхонада газ плита, электрачойнак ва печь, бир бинойдак ишлаб келяпти, хамма мамнун. 400000 минг сумга мини печь олганман 4 йил аввал", - дейди Малика Акмалова.
Блогерларга кўра, regulations.gov.uz сайтига қўйилган қарор шу ҳолича қабул қилинса, кўплаб маиший техника жиҳозлари ишлаб чиқараётган Artel Ўзбекистонда монопол ташкилотга айланиши мумкин.
"Кечаги Ўзстандарт таклиф этаётган механизм ишга тушса, Артел Ўзбекистон ҳаво йўлларига айланади, электротехника ишлаб чиқарувчиларига Ўзбекистон бозорига киришни фақат Артел хал этади. Чунки фақат Артелдаги бутун минтақалар бўйича инфратузилма мавжуд. Оқибатда, Биринчидан, Малика, Абу саҳийдаги электротехника товарлари сотувчилари бизнесни йиғиштириб, Россияга мардикорликка кетишга тайёргарлик кўрса бўлаверади. Иккинчидан, электротехника товарлари кескин қисқаради, импорт фақат Артел бенефициарлари қўлига ўтади, чунки фақат улар энди электротехника товарларини сота олади. Учинчидан, табиий равишда электротехника товарларининг нархи кескин ошади. Иккиюзламачи Ўзстандарт таклиф этаётганидек истеъмолчини ҳимоя қилиш эмас, чўнтагини қоқиштириш бўлади бу", деб ёзди @bakiroo.
Унинг таъкидлашича, ҳуқуқий давлатларда бундай қарор лойиҳаси эълон қилиниши билан "Ўзстандарт" раҳбарияти ва Артел бенефициарлари камида сўроққа чақирилиб, изоҳ беришга мажбур қилинарди, коррупцион суриштирув бошланарди
Иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов эса Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги мутасаддиларининг Ўзбекистон Жаҳон Савдо ташкилотига кириш учун 5-7 йил кетиши мумкинлиги ҳақидаги жавобига кескин муносабат билдирди.
"Нима учун ЖСТга аъзо бўлишимиз амалдорларимизнинг томоғига тиқилган суякдек бўлмоқда? Чунки ЖСТга кирсак автосаноат монополияси, Артелга берилган имтиёзлар, мажбурий сертификатлаштириш ва ўзлариникига имтиёз яратувчи юқори бож тўловлари каби эркин рақобат ва сунъий монополияга шароит яратиб берувчи бизнинг барча "муқаддас сигир"ларимиздан воз кечишга мажбурлашади", дейди у.
Юсупов ҳамма нарса яна эски тос, эски ҳаммом ҳолига қайтиши мумкинлигини башорат қилган.
"Шунинг учун биз ЖСТга аъзо бўлганимизни ва бозор иқтисодиётини кўролмасак керак. Бюрократия бизни енгди. Улар фақат эркин конвертацияни бекор қилиши қолди ва ҳаммаси "эски яхши замон"ларга қайтади", дейди Юлий Юсупов.
"Ўзстандарт" ташаббуси билан қўйилган қарор лойиҳасига Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмита эътироз билдириб чиқди.
"Ўрганиш натижалари бўйича, ҳужжат лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларни, тадбиркорлик субъектларини манфаатларига зид келувчи шунингдек рақобат муҳитига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар назарда тутилгани аниқланди", деб ёзди Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати.
"Ўзстандарт" ва Artel ушбу эътирозларга муносабат билдиргани йўқ.
Лаънатлаш ва қоралаш қаердан келди?
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда фикр билдирувчилар ўзлари норози бўлган бўлган ҳодисаларга "лаънатлайман ва қоралайман" дея киноя тарзида муносабат билдириш урф бўлган.
Бу жумлалар Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев томонидан айтилганидан сўнг оммалашганига ишонилади.
Дилмурод Раҳматуллаев 26 куни ишдан олинганидан сўнг, гўёки у билан уюштирилган "суҳбат"ни сохта эканлигини айтиб чиқган.
«Мен ҳеч ким билан боғланганим йўқ, ҳеч ким билан бу масалада гаплашганим йўқ. Бу ҳам менга нисбатан уюштирилаётган навбатдаги бўҳтонлардан бири деб ўйлайман. Лаънатлайман ва қоралайман!"¸ деган у ўз видеомурожаатида.
Шундан сўнг ушбу жумлаларни ишлатиш ижтимоий тармоқларда урфга кирди.
Журналист ва ижтимоий тармоқларда анча фаол Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев ушбу жумлани расмийлар томонидан ишлатган иккинчи шахс бўлди.
У Муборак шаҳридаги футбол академияси ёпилгани борасида хабарларга шу тарзда жавоб берган.
"Болалар келажаги учун ажратилган пулларга ҳеч қачон афсусланмайсан, бу келажак учун қўйилган инвестициядир. Бироқ катта клубларга топилган пуллар академияларга етмай қолса, биз бундай ҳолатни лаънатлаймиз ва қоралаймиз", деган у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












