Ўзбекистон: Мирзиёев нима қилмоқчи? 5 млн камбағал бойиб, ОТМ грантлари ошади, наҳанглар овланади - O`zbekiston

Сурат манбаси, facebook/mirziyoyev
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Парламентига мурожаати мамлакатда кескин ўзгариш ва ислоҳотлар қилинишини назарда тутади.
Президент нутқида эслатган кўп ҳолатлар Ўзбекистон фуқароларини ўйлантириб келган воқеликлардир.
Камбағаллар камаяди
Ўзбекистон давлат раҳбари мамлакатда расман тан олинган 5 миллионга яқин фуқарони қамбағалликдан олиб чиқмоқчи.
Бу ўринда БМТ ва Жаҳон Банки билан бирга Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилади.
ОТМ грантлари кўпаяди
Президент мамлакатдаги олий ўқув юртларига кирадиган ёшлар учун давлат грантларини икки баробарга кўпайтириш ҳақида ҳам эслатган.
Ўзбекистонда таълим соҳаси охирги чорак асрда кескин тушиб кетган ва ажратилган маблағ ҳам узоқ йиллар жуда паст эди.
Дейлик, Британиядаги The Economist нашрига кўра, қўшни Қирғизистон ўз ЯИМ ҳисобидан 7.2% маблағни таълим соҳасига ажратиб, дунёнинг таълимга энг кўп пул сарфловчи 10 давлатидан бири бўлган.
Ўзбекистондаги олий таълим қамрови эса ёшлар сонига олганда, қарийб урушлардан хароб бўлган Афғонистон даражасида.
Наҳанглар овланадими?
Коррупция ҳамда порахўрликка қарши кескин кураш бошланиб, Парламент ва Президентга ҳисоб берадиган мустақил орган ташкил этилади.
Бундай орган ҳар бир вазирлик ва идорада ишлаб, аҳволни кузатиб боради.
Уларга ҳатто жиноий иш қўзғатиш ваколати ҳам берилиши мумкин.
Мирзиёев гапларига ўзбекистонликлар қанчалик ишонишади?
BBC Uzbek YouTube каналидаги видеолавҳамизни кўринг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Энди майда балиқларни ушлаб, баландпарвоз баёнотлар бериб халқни ишонтириб бўлмаслиги таъкидланган.
Коррупцияга оид жиноятларга келганда, мансабдор шахслар ҳамда давлат хизматчиларига нисбатан айбсизлик презумпцияси бекор қилинади.
Ўзбекистон қонунчилигида БМТ махсус моддаси ишлатилади.
Бунга кўра, агар Ўзбекистон амалдори ва давлат хизматчиси ҳамда уларнинг оила аъзолари ўз даромадлари, мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги мулклари ё ҳисоб рақамларидаги пуллар қаердан келганини исботлаб беролмасалар, бу ҳолат коррупция, деб ҳисобланади.
Хусусан, 5-6 миллион сўм ойлик олиб, бир юз минг долларлик саройсимон уйларда яшовчи амалдорлар назарда тутилган.
Шу қаторда очиқ маълумотлар портали ҳам яратилади.
50 минг одам Ўзбекистон фуқароси бўлади
Ўзбекистонда 1995 йилдан бери муқим яшаб келган 50 минг юртдошга автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролиги берилиши урғуланди.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистон фуқаролигини олиш деярли имконсиз эди.
Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери яшаб келаётган минглаб инсонлар фуқаролик олишган.
Улар, кўпинча, Ўзбекистонда ўқиган ва ёки ўзбекистонлик билан турмуш қурган қўшни мамлакатларда туғилган инсонлардир. Аксарият - ўзбеклар.
Айрим ҳолатларда эса СССР қулаган даврда хизмат тақозоси билан қўшни мамлакатларда яшаган асли ўзбекистонликлар ҳам бор.
Прописка ё фуқаролар оёғидан кишан олиб ташланадими?
Халқаро доирада ҳамон танқид қилинадиган прописка тизимини ислоҳ этиш ҳам қайд этилган.
Фуқаролар ўзи истаган жойда яшаб ё ишласа, улар ўша ердан пропискадан ўта олиши кераклиги таъминланади.
Жорий йил 1 апрелига қадар Парламент ва ҳукумат прописка тизимини ислоҳ этиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиши зарур.
Прописка тизим илдизи ҳали ярим қуллик ёки крепостной деҳқонлик ҳукм сурган Чор Россиясига бориб тақалади.

Сурат манбаси, Getty Images
Сталин даврида халқ душманлари оилаларини катта шаҳарларга киритмаслик учун Сталин уни қайта жорий этган.
Ислом Каримов эса 1999 йил Тошкент портлашларидан кейин пропискани Сталин давридан ҳам баттар қийинлаштириб, Тошкентни барча вилоятлик учун қарийб ёпиб қўйганди.
Прописка - амалда Апартеид яратади, фуқароларни табақлайди, маҳаллийчиликни кучайтиради, иқтисод, маданият ва илм-фан ривожланишини орқага тортади.
Асосийси, фуқароларни ўз ватанида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чеклайди.
Дунёда фақат Ўзбеклар ва Туркманлар ўз пойтахтида ҳам яшаш ҳуқуқидан деярли буткул маҳрум қилинган миллатлар саналади.
Прописка ё рўйхатга олиш мавжуд бошқа давлатларда бу кўпинча, бир неча дақиқалик оддий амалиёт бўлиб, у инсоннинг бирон жойда яшаши ё ишлаши учун мутлақо тўсиқ бўлмайди.
Журналист ва блогерларга кенг имконият яратилади
Президент кейинги уч йил ичида журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратилганини эсга олган.
Ва бундан кейин ҳам айни эркинлик давом этиши ҳақида гапирган.
Жаноб Мирзиёев профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашини ҳам қайд этган.
Сўнгги ойлари айрим блогерлар билан рўй берган ҳолатлар Ўзбекистон яна сўз эркинлигини чеклаш ва бўғиш даврига қайтмоқдами, деган хавотирларни уйғотган эди.
Хусусан, Андижонда маҳаллий амалдорларни текширишга интилган блогернинг қамалиши, Хоразмда норозилик амалларини ёртиган блогернинг руҳий шифохонага ташланиши ва энди Ўзбекистонни тарк этилга мажбур бўлгани ҳолатлари шулар жумласидан.
ЕОИИ ва четдаги ўзбеклар
ЕОИИ каби ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳақида гапирилган ва халқ вакиллари нима деса, шу бўлиши қайд этилган.
Маълумки, ушбу масалада Ўзбекистон фуқаролари орасида жуда қизғин баҳс давом этмоқда.
Айримлар ЕОИИга кириш Россиядаги мигрантларнинг аҳволини яхшилайди ва маҳаллий монополияга чек қўяди дейишади.
Бошқа фикрларга кўра, бу маҳаллий ишлаб чиқарувчини синдириб, сиёсий мустақилликкни хавф остига қўйиши мумкин.
Айни дамда, Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Япония ва БАА каби давлатлар билан ҳам мавжуд муносабатлар кучайиб боради.
Минтақада қўшнилар билан яхшиланган алоқалар янада мустаҳкамланади.
Энди четда яшовчи ўзбекистонликлар ватанда уй-жой ёки машина сотиб олиш учун кредитлар олиш имконига ҳам эга бўлишлари мумкин.
Тадбиркорларга жиноий уюшма айблови эса бекор қилинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












