Россия яна кимларни 'дўстлар сафидан чиқарди'? Қозоғистон 'Аср лойиҳаси'га қўшилмоқчими? Рубль нега тушди? Ўзбекистонда пул кўпайиб кетдими? Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Бир давлатнинг икки рўйхати: унда "дўстмаслар" кўпаймоқда. Қозоғистон афғон темир йўли қурилишида қатнашмоқчи. Рубль фақат "салгина" арзонладими? 200 минг сўмлик банкнотани чиқарилиши муҳокамада. Гидромет аҳолини жазирамадан огоҳлантирди.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
"Дўстона бўлмаган давлатлар"нинг икки рўйхати
Россия ҳукумати "дўстона бўлмаган давлатлар" рўйхатини кенгайтириб, унга Греция, Дания, Словения, Хорватия ва Словакияни ҳам киритди. Умуман олганда, Россияда иккита шундай рўйхат мавжуд. Бу давлатлар илгари фақат АҚШ ва Чехия бўлган давлатлар қаторига қўшилди. Бошқа рўйхатда эса 48 та давлат мавжуд.
Ҳукумат Россиянинг хориждаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналарига қарши қаратилган "нодўстона хатти-ҳаракатлар"ни содир этган хорижий давлатлар рўйхатини "янгилади", дейилади бош вазир Михаил Мишустин қарорида.
Урушдан олдин ҳам Россия ҳукумати Россияга қарши "нодўстона ҳаракатлар қилган" давлатларни "дўст бўлмаган давлатлар" деб аташни бошлаганди. У вақтда гап дипломатик можаролар ҳақида эди.
2021 йил 23 апрелда Россия президенти бундай давлатларнинг Россия фуқароларини Москвадаги дипломатик ваколатхоналарига ишга жойлаштириш ҳуқуқини чекловчи фармонни имзолади.
Дастлаб рўйхатда фақат иккита давлат бор эди - 2021 йил 14 майда Россия ҳукумати унга Чехия ва АҚШни қўшганди.
Худди шу чекловлар билан Греция, Дания, Словения, Хорватия ва Словакия энди дуч келади. Чунки бош вазир Мишустин ўз буйруғини Путиннинг 2021 йил апрелдаги фармонига асосланиб имзолаган.
Фармонда элчихоналар ва консулликларда "Россия ҳудудида жойлашган шахслар орасидан" ходимларни ёллаш имкониятини тўлиқ тақиқлашгача чеклаш таклиф этилган.
Буйруққа кўра, Грецияда 34 киши, Данияда 20, Словакияда 16 кишилик чеклов белгиланган. "Словения ва Хорватия ўз дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига ходимларни ёллай олмайди", — дейилади ҳужжатда.
"Аср лойиҳаси" кимларни жалб этаяпти?

Сурат манбаси, Akorda.kz
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон "Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар" темир йўли қурилишида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Хабарларга кўра, билдирги Қирғизистонда бўлиб ўтаёган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида янграган.
"Биз темир йўлларнинг ер устки қурилмалари учун материаллар билан узлуксиз таъминлаб, ҳаракатдаги состав тақдим қилишимиз мумкин", - деган Қозоғистон президенти.
Бу ҳақда хабар берган "Нигоҳ", ўз ўрнида, "Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар" темир йўли лойиҳасининг йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишларини бошланганини эслатган.
Темир йўлининг узунлиги 600 км, тахминий қиймати — $5 млрд бўлиши режалаштирилганига ҳам тўхталиб ўтган.
Мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш кунлари кескин қисқариши ва юк контейнерини ташиш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми ошиши мумкин, деган "Нигоҳ" ўз хабарида.
Шавкат Мирзиёев орада бу лойиҳани "аср лойиҳаси", деб атаган. Ўзбекистоннинг бу лойиҳа ижросига ўта иштиёқманд экани ҳам англашилган.
Янги темир йўл лойиҳаси Марказий Осиёни Афғонистон ва Покистон орқали денгиз йўлларига боғловчи муҳим ташаббус сифатида баҳоланади. Унинг қурилишига орада Покистон ҳам устма-уст қўллашини баён қилган.
Рублнинг камтарона тушиши

Сурат манбаси, Getty Images
Россиянинг Украинага бостириб кириши замонавий Россия тарихидаги энг ёмон иқтисодий инқирозлардан бирига олиб келди.
Баҳорда доллар ҳаракатининг амплитудаси шундай кескин эдики, рублнинг икки ёки уч рублга ўзгариши эътиборсиз қолинарди.
Аммо охирги пайтларда курс ўзгарса, жуда заиф ва асосан бошқа валюталарга нисбатан мустаҳкамланиш томонга бўлмоқда.
Шу сабабли, бугунги кунда долларнинг тахминан уч рублга мустаҳкамланиши (чўққиси 58,7 рублгача) эътиборга лойиқдир.
Бунинг бир қанча сабаблари бор. Асосийси шундаки, Россия Федерацияси Марказий банки норезидент банкларга (энди улар Россия бозорида рублдан ташқари исталган валютада савдо қилишлари мумкин) ва импорт қилувчи компанияларга (энди улар 30% олдиндан тўлов қилиши шарт эмас) талабларни юмшатди.
200 минг сўм муҳокамаси
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 200 минг сўмлик банкнотанинг чиқарилиши сабаблари ҳақида тўхталди.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бунга ижтимоий тармоқларда 200 минг сўмлик банкнотани чиқарилиши ҳақидаги фикрлар сабаб бўлган.
Мамаризо Нурмуратов бу банкнота инфляцияни тўхтатиш ёки банкоматлар учун эмас, балки одамларга қулайлик яратиш мақсадида олдинроқ чиқарилганини маълум қилган.
"Пул массасининг кўпайиши — иқтисодиётда бўлаётган ижобий ўсиш ва ўзгаришларнинг маҳсули", — деган Марказий банк раиси.
Янада иссиққа тайёрмисиз?

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат иқлимий меъёрлардан 5−7 даража юқори бўлади.
Бу ҳақда Ўзгидгомет маркази маълум қилган.
Хабарга кўра, дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда иссиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши давом этади.
- Шанба-якшанба кунлари жазирама иссиқ сақланиб қолади. Эрондан жуда иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимлари кириб келиши ҳисобига ҳарорат иқлимий меъёрлардан 5−7 даражага юқори бўлади. Ҳаво кундузи +40…+45 даражагача, жануб ва чўл зоналарида +47 даражагача исиши кутилмоқда.
Ушбу кунларда ҳарорат фони иқлимий меъёрлардан 5−7 даражага юқори бўлади. Кундузи ҳаво ҳарорати +40…+45 даража атрофида, жанубда ва чўл зоналарининг баъзи жойларида +47 даражагача бўлиши кутилмоқда, - дейилади хабарда.
Юқоридаги маълумотга таяниб, Ўзгидромет аҳолидан қуёш урушининг олдини олиш мақсадида куннинг иккинчи ярмида тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида юрмасликни сўради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















