Россия Ўзбекистонга янада яқинлашмоқчими? Ўзбекистон Афғонистонни қанча электр билан таъминлайдими? Ғалаба Украинада, байрами Британияда. Ўзбекистон ва дунё. Янгиликлар.

Сурат манбаси, President.uz
- Россия Самарқандда ҳам консуллигини очадими?
- Ўзбекистон Афғонистонга йилига 6 млрд кВт/соат энергия етказиб бермоқчи;
- 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик нафақаси;
- "Евровидение 2023" нега Буюк Британияда ўтказиладиган бўлди?
Россия кимларга интилаяпти?
Самарқандда Россиянинг консуллиги очилади.
Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги консуллик департаменти директори Иван Волинкин ТАСС га маълум қилди.
Расмий шахс фақат Ўзбекистонда эмас, Россия бош консулликлари дунёнинг яна учта шаҳрида очилишини билдирган.
Волинкин бу шаҳарлар Актау (Қозоғистон), Гродно (Беларус) ва Канкун (Мексика) эканлигини айтган.
- "Консуллик департаменти орқали янги бош консулликлар, шу жумладан, Россия фуқаролари сайёҳлик оқими кўпайган ҳудудларда ҳам очиш йўли билан бизнинг консуллик мавжудлигимизни кенгайтириш масалалари ҳам фаол ишлаб чиқилмоқда", дейди Волинкин.
Дипломатнинг қўшимча қилишича, Россиянинг МДҲ давлатлари, Лотин Америкаси, Африка ва Осиёдаги дипломатик ваколатхоналари ходимларини "драматик равишда ошириш" ҳам тайёрланмоқда.
Ўзбекистонда ҳозирда бир шаҳри - пойтахт Тошкентда Россиянинг бош консуллиги фаолият юритмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Ўзбек электри Афғонга
25-26 июл кунлари Тошкентда бўлиб ўтган "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт" мавзусидаги халқаро конференцияда Ўзбекистон ва Афғонистоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам муҳокама қилинган.

Сурат манбаси, Milliy elektr tarmoqlari
Хабарларга кўра, Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев "Афғонистонни қайта тиклаш - Афғонистонда мустаҳкам тинчлик асоси" сессияси доирасида бу борадаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида гапирган.
Афғонистонда «Сурхон - Пули-Хумри» 500 кВ электр узатиш линиясини қуриш" инвестиция лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар таъкидланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида Афғонистонга суткада 24 миллион кВт/соат ёки йилига 6 миллиард кВт/соат энергия етказиб берилиши айтилган.
«Сурхон - Пули-Хумри» (Хўжа-Алвон) 500 кВ электр узатиш линиясининг умумий узунлиги 245,6 км. Шундан 45 км Ўзбекистон Республикаси ва 200,6 км Афғонистон ҳудудига тўғри келади.
Афғонистонда «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш тармоғи қурилишини бошлаш муддатини 31 августга қадар узайтиришга келишиб олинган. Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида тармоқнинг фақат бир қисми қурилган, лойиҳа 2021 йил июлидан тўхтатилган.
Афғонистондаги «Сурхон - Пули-Хумри» лойиҳасини лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш шартномасининг умумий қиймати 100,1 миллион долларни ташкил этади.
Ҳомиладорлик нафақаси - 2 млн сўм
Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг president.uz расмий сайтида маълум қилинди.
«Халқни рози қилиш - барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси» сарлавҳали хабарда президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 июль куни аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилиши ҳисоботининг қисқача мазмуни берилган. Унда бажарилаётган ишлар қаторида қабул қилинган қарорлар ҳам билдирилган.
- Жумладан, тадбиркорлик бўйича лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, муддатлари қисқартирилди. Йил бошидан буён 50 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Аҳоли сотиб олган уйларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилди. 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, - дейилади president.uz расмий сайтида.
Ғалаба Украинада, байрами Британияда
"Евровидение 2023" Буюк Британияда бўлиб ўтади.
Европа радиоэшиттиришлар иттифоқи шундай маълумот берди. Хабарга кўра, танлов ташкилотчилари уруш туфайли бу йилги танловда ғолиб чиққан «Евровидение»ни Украинада ўтказиш хавфли бўлади, деган қарорга келган.

Сурат манбаси, PA Media
"Евровидение" қоидаларига кўра, танлов ўтган йили ғолиб чиққан мамлакатда бўлиб ўтади. 2022 йилда Украинанинг «Калуш» гуруҳи «Стефания» қўшиғини тақдим этиб ғолиб бўлганди.
Бироқ, Россия босқинчилиги ва давом этаётган уруш туфайли ташкилотчилар иштирокчилар ва томошабинлар хавфсизлигини таъминлай олмаётганликларини ҳис қилишган.
Аввал хабар қилинганидек, Украина дастлаб бу қарорга қарши чиққан ва мусобақани ўз ҳудудида ўтказиш бўйича музокараларни давом эттиришни талаб қилган. Аммо натижада хавфсизлик масалалари ҳал қилувчи рол ўйнади.
Британиялик қўшиқчи Сем Райдер бу йилги танловда "Space man" қўшиғи билан иккинчи ўринни эгаллаган. Шунинг учун "Евровидение 2023" Буюк Британияда, лекин Украина номидан ва уни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилишига қарор қилинди.
Британия учун бу тўққизинчи мусобақа бўлади ва бу уларнинг умумий сони бўйича дунёда биринчи бўлади.
Британия бош вазири Борис Жонсон ўтган ҳафта Твиттерда Украина президенти Владимир Зеленский билан бу мавзуда гаплашганини ёзди.
"Икковимиз ҳам "Евровидение 2023" қаерда бўлмасин, у Украина ва унинг халқини ҳурмат қилиши кераклиги ҳақида келишиб олдик. Биз ҳозир мезбон бўлганимиз сабабли, Буюк Британия бу ваъдани бажариб, украиналик дўстларимиз номидан ажойиб танлов ўтказади", деб ёзади Борис Жонсон.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















