Дайжест. Россия: Тожикистонлик Манижа "Евровидение-2021" да, намойишчиларнинг ҳамон аниқ ҳисоби йўқ ва вирус чекинаяпти, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS
- Асли тожикистонлик Манижа "Рус аёли" билан Европани забт этадими?;
- ФХХнинг ички ҳисобига кўра, январдаги Навальний учун намойишларда 90 минг киши қатнашган;
- COVID-19. Статистика пасаяяпти, аммо ҳукумат янги тўлқиндан xавотирда;
- АҚШ Россияни вакциналарга қарши ахборот тарқатишда айблади;
Манижадан "Рус аёли"
"Евровидение-2021" вакили сифатида Россиядан асли тожикистонлик Манижа Сангин иштирок этади.
Тожикистонда туғилган ва 1990-йилларда Россияга кўчиб ўтган хонанда Манижа Сангин Роттердамда бўлиб ўтадиган халқаро танловга боради.
"Рус аёли" деб номланган қўшиғини "Россияда сўнгги бир неча асрлар давомида аёлнинг ўз-ўзини англашининг ўзгариши тўғрисида", дея изоҳлаган муаллиф.
Коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинган "Евровидение-2020" да Россияни Little Big гуруҳи тақдим этмоқчи эди.
Унинг иштирокчилари эса, бу йилги танловда қатнашмасликка қарор қилишди.
Аммо гуруҳнинг UNO қўшиғи YouTube да 189 миллион марта томоша қилинган ва ушбу платформадаги Евровидение канали тарихидаги энг кўп кўрилган видеога айланган.
2000 йиллардан Россия саҳналарида кўрина бошлаган Манижа Сангин аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида фаол танилган.
У 2000 йилда БМТнинг Қочқинлар бўйича Oлий комиссарлигининг илк россиялик кўнгилли элчиси бўлди.
"Евровидение" танлови иштирокчилар саралов босқичида Россиядан Манижадан ташқари яна икки ижрочи: Therr Maitz гуруҳи ( "Future is bright") ва #2Маши дуэти "Bitter words" қўшиғи билан қатнашган.
Шунингдек, ташкилотчилар "Евровидение-2021"ни томошабинсиз залда ўтказилишини маълум қилишган.
Намойишларда қанча одам қатнашган?

Сурат манбаси, MOSCOW CITY COURT/TASS
ФХХнинг ички ҳисоб-китобларига кўра, январда Навальний учун 90 минг киши намойишларга чиққан.
Бундай маълумотлар ФХХнинг махфий бўлимларидан бири бўлган Ҳарбий контрразведка департаменти (ДВКР) ҳисоб-китобларида учрайди, деб хабар беради "Медуза" хизмат томонидан нашрга берилган ҳисоботга асосланиб.
Шундай қилиб, бўлимнинг ёпиқ ҳисоботларида ҳибсга олинганларнинг сони инсон ҳуқуқлари ҳимоячилариникидан ҳам кўпроқ бўлиб чиқди.
Aлексей Навальнийни қўллаб-қувватлашга қаратилган акциялар Россиянинг бир нечта шаҳарларида 23 ва 31 январь кунлари бўлиб ўтди.
Биринчи акциядан сўнг, Ички ишлар вазирлиги Москвадаги норозилик намойишларида тўрт минг киши қатнашганлигини эълон қилди.
Россия ОАВлаpи эса, мухбирларининг маълумотларига асосланиб, 40 мингга яқин киши намойишга чиққанини маълум қилди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг бу борадаги саволларига "Кам сонли одамлар чиқди", дея жавоб берган.
Навальнийнинг сафдошлари ҳар бир акцияда жами 200-300 минг киши кўчага чиққанини билдирган.
Коронавирус шифохоналари ёпилмайди

Сурат манбаси, DONAT SOROKIN/TASS
Коронавирусга қарши кураш бўйича тезкор штаб маълумотларига кўра, Россияда бир кунда 9 минг 445 юқумли касаллик қайд этилди.
Бу 2 октабрдан бери энг паст кўрсаткич.
Сўнгги ойларда Россияда бўлгани каби касалланиш даражаси камайиб бораётган Москвада сўнгги 24 соат ичида 1066 нафар коронавирус юқтирган аниқланди.
Бу 24 сентябрдан бери кузатилган энг паст рақамдир.
Касалликлар сонининг аста-секин камайишига қарамай, Москва ҳукумати коронавирус билан касалланишнинг янги тўлқини бўлиши мумкинлигини инкор этмаётир, деди душанба куни пойтахт мэри ўринбосари Aнастасия Ракова.
"Биз на биринчи тўлқин, на иккинчи, на учинчиси учун башорат қилмаймиз. Бугун биз воқеалар ривожланишининг ҳар қандай сценарийсига тайёрмиз", деди Ракова "Россия-24" телеканали эфирида.
Унинг сўзларига кўра, пандемия бошланганидан буён миллиондан ортиқ москвалик вирус билан касалланган, бугунги кунда пойтахт аҳолисининг деярли 40 фоизида антителлар бор, 700 мингдан ортиқ москваликлар коронавирусга қарши эмланган.
Шу билан бирга, шаҳар ҳокими ўринбосари пойтахтда коронавирусни даволаш учун очилган барча вақтинчалик шифохоналар шу йил охиригача, ҳатто, шаҳарда беморлар бўлмаган тақдирда ҳам сақланиб қолишини таъкидлади.
АҚШ Россияни вакциналарга қарши ахборотда айблади

Сурат манбаси, Getty Images
AҚШ вакциналар тўғрисида "дезинформация" тарқатган Россиянинг тўртта онлайн платформасини аниқлаганини маълум қилди.
Қўшма Штатлар Ғарб вакциналари - Модерна ва Pfizer ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш бўйича Россия манбаларини фош қилди, - деди душанба куни бўлиб ўтган брифингда Давлат департаменти вакили Нед Прайс.
"Разведка хизматлари назорати остида ишлаган, AҚШнинг Oзиқ-овқат ва фармацевтика идораси томонидан тасдиқланган вакциналар тўғрисида дезинформация тарқатган Россиянинг тўртта онлайн платформаси аниқланди. Шубҳасиз, Россия ўзининг эски ҳийла-найрангларига мурожаат қилмоқда. Бу вакциналар эса, одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин ", - дейди Прайс.
Душанба куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки AҚШнинг коронавирусга қарши Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналар ҳақидаги дезинформацияга қарши туришганлигини эълон қилди.
"Биз нотўғри маълумотларга қарши ҳар қандай воситадан фойдаланиб курашамиз ... Вакциналар (Модерна ва Pfizer томонидан ишлаб чиқарилган) хавфсиз ва AҚШ Oзиқ-овқат ва фармацевтика идораси томонидан маъқулланган", - деди Псаки журналистларга Россия томонидан тарқатилган дезинформацияга қарши чоралар тўғрисида сўралганида.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ўз навбатида The Wall Street Journal газетасига берган интервюсида Россия махсус хизматларининг баъзи оммавий ахборот воситаларида CОВИД-19га қарши Ғарб вакциналарини танқид қилувчи нашрларнинг пайдо бўлишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди.
"Бу бемаънилик. Россия махсус хизматларининг вакциналарни танқид қилишга ҳеч қандай алоқаси йўқ", деди расмий.
"Aгар биз Спутник V ни танқид қиладиган ҳар бир нашрни Aмерика махсус хизматлари фаолияти натижасида кўриб чиқсак, биз ақлдан озган бўлардик: ахир биз инглиз оммавий ахборот воситаларини ҳар куни, ҳар соатда кузатиб турибмиз", деб қўшимча қилди Песков.
Газетадаги бир мақолада, AҚШ Давлат департаментининг дезинформация уринишларини кузатувчи тузилишда иш олиб борган расмийси Вашингтонда Ғарб вакциналарини танқид қилган шубҳаларни уйғотган бир нечта нашрлар топилганлиги ҳақида хабар бергани даъво қилинган.
Давлат департаменти ходимидан бирининг сўзларига кўра, ушбу нашрлар ортида Россия Федерацияси махсус хизматлари турибди.
Гап чет эллик ўқувчилар учун мўлжалланган порталлар ҳақида кетмоқда. Уларга муштарийлар ташрифи аҳамиятга молик эмас, дейилади нашрда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















