Ўзбекистан Афғонистон орқали қаерга чиқаяпти? Мигрант экспорти энди Европагами? Бучада йўқолган ўзбеклардан дарак борми? Дайжест. O'zbekiston, yangiliklar

йуколганлар

Сурат манбаси, GAZETA.UZ

Сурат тагсўзи, Украинада йўқолган 11 нафар ўзбекистонлик қидирилмоқда.
  • Ўзбекистон Жанубий Осиё бозорини эгаллаш ҳаракатида;
  • Ва ўз фуқароларини ишлашга юборишга янги йўллар излаяпти;
  • Россияда яна 10 та консуллик очилади;
  • Украинада йўқолган 11 ўзбекистонлик қидирилмоқда.

Покистонга 2, Карачига 4 кунда

Ўзбекистан Афғонистон орқали Жанубий Осиёга автомобил йўлаги ташкил этишга муваффақ бўлди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов маълум қилган.

умурзоков

Сурат манбаси, OFFICIAL

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон Жанубий Осиё бозорларига тўғридан-тўғри кириш бўйича фаол ишлаётгани айтилмоқда.

Расмий мулозим Тошкентда ўтказилган Иннопром кўргазмаси чоғидаги чиқишида Жанубий Осиё бозорларига чиқишнинг қўшимча имкониятлари ҳақида гапирган.

- «Биз ҳозир Ўзбекистонда Жанубий Осиё бозорларига тўғридан-тўғри жисмоний кириш бўйича жуда фаол ишлаяпмиз. Масалан, сўнгги пайтларда Покистон билан савдо айланмамиз икки баравар ошди. Маҳсулотлар Афғонистон ҳудуди орқали етказилмоқда. Маҳсулотларимизни Покистонга икки ярим кунда, Карачи портига тўрт-тўрт ярим кунда етказиб берамиз», - деган Сардор Умурзоқов.

Шунингдек, ТИВ бош вазир ўринбосари бугунги кун воқелиги Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш бўйича қатъий қадамлар ташлашни талаб қилаётганлигини таъкидлаган.

Мигрантларга Европа фойдали, аммо…

Ўзбекистон ўз фуқароларини чет элда ишлашга юбориш учун янги йўналишлар излаяпти.

мигрантлар

Сурат манбаси, OFFICIAL

Сурат тагсўзи, Хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг 70 фоизи Россияга тўғри келади.

Бу иш билан Ўзбекистон Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари шуғулланишмоқда. Улар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун янги йўналишларни аниқлаш мақсадида баҳолаш ўтказганликлари тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар берди.

Институт таҳлилчиларига кўра, Польша, Болгария, Литва, Чехия, Франция, Германия ва Буюк Британия каби мамлакатлар ўзбекистонлик мигрантлар учун энг фойдали йўналишлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар Ўзбекистон фуқароларининг чет элга ишлашга кетишлари учун муҳим омилларни ўрганишган. Улар асосан, тил билиш, йўл ҳақи нархи, хужжат ва иш ҳақи билан боғлиқлигини турли кўрсатгичларда хулоса қилишган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёнинг 27 та мамлакати билан ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича битимларига эга.

Бироқ визасиз ва ишлашга кетиш учун нисбатан қулай бўлганлиги сабабли, ўзбекистонликларнинг энг кўп йўл олаётган мамлакатлари Россия, Қозоғистон ва Туркия бўлиб турибди.

2021 йилда хориждан Ўзбекистонга 8,1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ўтказилган. Бу маблағнинг 70 фоизи Россиядан юборилган.

2 ярим миллион ўзбекистонлик ва 16 та консуллик

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Сўнгги ойларда мигрантларнинг яна Россияга кетиши ортгани кузатилган.

Ўзбекистон Россияда яна 10 та консуллик очилиши ҳақидаги хабар қилди. Шу тариқа мамлакатнинг Россиядаги ваколатхоналари сони 16 тага етади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 март санасидаги қарорига биноан жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Россия Федерацияси, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг маълум ҳудудларида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, ушбу ваколатхоналар Россиянинг Тула, Воронеж, Волгоград, Нижегород, Иркутск ва Амур вилоятлари, Краснодар, Красноярск ва Перм ўлкалари ҳамда Ханти-Мансийск автоном округида иш бошлаши режалаштирилган.

Айни пайтда Россиянинг 6 та шаҳрида - Москва, Санкт-Петербург, Самара, Уфа, Новосибирск ва Екатеринбургда Ўзбекистоннинг ваколатхоналари фаолият юритмоқда.

Расмий рақамларга кўра, Россияда жами 2 ярим миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида. Ўзбек мигрантларнинг катта қисми мамлакатда энг ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз ҳисобланади. Кўплаб муҳожирлар оғир шароитларда яшаб ишлаб, уйларига пул юбориб, тирикчилик қилишмоқда.

Сўнгги ойларда Россия ва Украина низолари, санкциялар ортидан ўзбекистонлик муҳожирлар орасида ишсизлик ва рублнинг беқарорлигидан хавотирлар ортган. Шунга қарамай, ўзбекистонликлар Россияда ишлаб, ватанида қолган оилаларини боқишга мажбур қолишмоқда.

Аввал 9 йигит эди, кейин 11 бўлди

Ўзбекистон нашрлари Украинада йўқолган 11 ўзбекистонлик ҳақида ёзишмоқда. Хабарларга кўра, бу ерда меҳнат муҳожирлигида бўлган йигитлар билан март ойининг бошида алоқа узилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Украинада 9 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исми ва қайси мамлакатдан эканини сўрагани акс этган видео тарқалган эди. Тасвирда йигитларнинг ҳар бири Сурхондарё вилоятидан эканини айтишган. Ундан сўнг йўқолганлар сонига яна икки нафар ўзбекистонлик қўшилган.

Турли манбаларда ўзбекистонликларга савол бераётган шахс Киев вилоятининг Буча туманидаги Колоншина қишлоғида база қоровули эканини айтилган. Шунингдек, ўзбек муҳожирлари Киевга ишлаш учун уруш бошланишидан аввал келгани ёзилган. Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан сўнг ўзбеклар мамлакатни тарк этишга уринган, аммо жанговар ҳаракатлар туфайли улар Буча шаҳрида қолиб кетишган.

3 март куни мигрантлар билан алоқа узилган. Айни пайтда йўқолганлар. ўзбекистонликларнинг фотосуратлари ва паспорт маълумотлари махсус гуруҳларда тарқалмоқда.

Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси мазкур вазиятдан хабардорлиги ва Ўзбекистон фуқароларини излаш бўйича ҳаракатлар олиб борилаётганини маълум қилган.

Алоқадор мавзулар:

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.