Ўзбекистон: Мирзиёевдан ҳайитлик олган Рамзан Қодиров ва Беларусь Тошкент трамвайини қайта тиклаш лойиҳасида қатнашмоқчи - O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/Kadyrov_95
- Президент Мирзиёев Чеченистон раҳбарига совға йўллади;
- Беларусь қайта тикланиши режалаштирилаётган трамвай лойиҳасида қатнашмоқчи;
- Сирдарё аҳли сел босган Форишга ёрдам юборди;
- Термизда афғонистонликлар учун қисқа ўқув курслари очилади;
Қодировга совға
Президент Шавкат Мирзиёев яқинлашаётган Ийд ал-Фитр муносабати билан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга табрик ва қимматбаҳо эсдалик совға йўллаган.
Қодиров ўзининг Телеграм каналида Ўзбекистон делегацияси ўзига президент табригини топшираётгани тасвирланган видеони эълон қилган.
Видеода Мирзиёев Қодировга ўз номидан табрик ва Бухородаги Пойи-Калон меъморий ансамблининг 3D суратини юборгани кўринади.
Тасвирларда сурат 925 пробали 3,4 килограмм кумушдан ишланиб, гумбазлар ва майдонга 999 пробали олтин суви югуртирилгани англашилади.
Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмат Ҳожи Қодиров 1980-1982 йиллар давомида меъморий ансамбль таркибига кирувчи Мир Араб мадрасасида таҳсил олган.
Алоқадор мавзулар:
- Мирзиёев Рамзан Қодировга Қуръон совға қилди, бунақаси бўлмаган
- Чеченистонда қулликка тушган ўзбекистонлик аёллар қандай қутқарилди - Видео
- Рамазон. Савол ва жавоб: Тишни ювиш рўзани бузадими, рўзадор тупугини ютса нима бўлади? Нима бўлса ҳам рўза тутиш керакми?
- Ўзбек аёллари нега Туркияда ишлашни танлашаяпти?

Сурат манбаси, Screenshot/Kadyrov_95
"Менинг азиз ОТАМ доимо Бухородаги таҳсил даврини фақатгина илиқ сўзлар билан ёдга олар, самимий ва мулойим аҳоли ҳақида сўзлаб берар эди", дея ёзган Қодиров Ўзбекистон президентидан совға олгани борасида қолдирган постида.
Рамзан Қодиров табрик ва, шунингдек, "Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги самарали ҳамкорлик, сиёсий ва маданий алоқалар" учун президент Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.
Қайта тикланаётган трамвай

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Беларусь Тошкентда қайта тиклаш режалаштирилаётган трамвай йўллари лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирмоқда.
Беларусь томонининг ушбу ниятини 24 апрель куни Ўзбекистонга келган мамлакат Бош вазири Роман Головченко тилга олган.
"Беларусь томони зарурий инфратузилма, режалаштириш ва ҳаракатланувчи таркибни етказиб бериш каби комплекс ечимларни тақдим этишга тайёр. Агар шундай қарор қабул қилинса, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятини ҳам кўриб чиқамиз", дея Головченконинг Тошкентда айтган сўзларидан иқтибос келтирган Белта агентлиги.
Шу йилнинг февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев "фуқаролардан келаётган кўплаб мурожаат ва мактублар ортидан" Тошкентга трамвайларни қайтариш режасини илк бор очиқлаган эди.
Пойтахтда юз йилдан зиёд хизмат қилган трамвай йўллари 2016 йилнинг май ойида очиқ бўлмаган сабабларга кўра кутилмаганда демонтаж қилинган ва ушбу қарор йиллардан бери фаолларнинг танқидига учраб келаётган эди.
Жиззахга йўлланган кўмак

Сурат манбаси, Sirdaryo viloyati hokimligi
Сирдарё аҳолиси номидан Жиззахнинг кучли ёғингарчилик ва селдан зарар кўрган Фориш туманига инсонпарварлик ёрдами юборилган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ёрдам озиқ-овқат, кўрпа-тўшак жамланмасидан иборат эканини билдирган.
"Халқимиз азал-азалдан бундай оғир кунларни жипслашиб, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтган. Бунга "Сардоба" сув омборида юзага келган кўнгилсизлик шароитда ҳам гувоҳ бўлганмиз", дейилади ҳокимлик хабарида.
20 апрель куни тушдан сўнг келган кучли сел Фориш туманида 5 инсоннинг ҳайтига зомин бўлди.
Шу қаторда, 50дан зиёд хонадонни буткул яроқсиз аҳволга келтирган, кўплаб бино ва экин майдонларига зиён етказган.
Афғонлар учун курслар

Сурат манбаси, Surxondaryo viloyati hokimligi
Сурхондарёда Афғонистон фуқаролари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
Вилоят ҳокимлигининг хабар беришича, Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида гуманитар, педагогика ва муҳандислик соҳалари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Унда 345 нафар афғонистонлик бепул таҳсил олиши мумкин бўлади.
Маълум қилинишича, ҳозирда марказда 145 нафар афғонистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Шунингдек, 100 нафар Афғонистон фуқароси бир йиллик техник ҳамда касбий таълим ва тайёргарлик дастури доирасида ўқитилади, 100 нафар Афғонистон фуқароси қисқа муддатли касбий курсларда таълим олади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Европа Иттифоқи мазкур ташаббус учун 1 миллион евро ажратганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















