Ўзбекистон ва Чеченистон: Мирзиёев Рамзан Қодировга Қуръон совға қилди, бунақаси бўлмаган
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шавкат Мирзиёевнинг Чеченистон президентига ҳадяси Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръоннинг нусхаси бўлади.
Ўзбекистон раҳбарининг нодир совғаси ҳақида Рамзон Қодировнинг ўзи, vk.com даги расмий аккаунтида маълум қилган.
У бу хабарига Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов бошчилигидаги делегация билан пойтахт Грознийда кечган учрашувларидан суратлар ва видео ҳам илова қилган.
Маълум бўлишича, президент Мирзиёевнинг ҳадясини Рамзан Қодировга айнан унинг маслаҳатчиси Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси раҳбари ва муфтийси ҳозирлигида топширган.
Суратлар ва видеода ўзбекистонлик таниқли уламо, собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси(ҳозирда марҳум - таҳр.) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли ҳам кўрилган.
"Ҳилол нашр" мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф яқинда пойтахт Тошкентда ўз отаси шарафига очилган йирик Жомеъ масжидининг имом-хатиби ҳам бўлади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг сўзларидан маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев ўз ҳадяси бўлган бу Қуръон нусхасининг Чеченистон ва шарафли чечен халқи ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, ўзбек-чечен дўстлиги рамзига айланишига ишончи комил.
Маслаҳатчи Рустам Қосимов Рамзан Қодировга Ўзбекистон президентининг тилакларини ҳам сўзма-сўз етказган.
Шавкат Мирзиёев чечен халқи ва раҳбарига ҳамма соҳада муваффақият тилашини айтган.
Ўзбекистон Президентининг Чеченистон раҳбарига ҳадяси ўтган бир кеча-кундузда аксарият ўзбекзабон интернет нашрларининг эътиборларига тушиб улгурган.
Мазкур янгилик мазмунининг ғайриодатийлиги билан кўпчиликнинг нигоҳини ўзига қаратган хабарлардан бири бўлган.
Ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан энг кўп ёқтирилган постлардан бирига айланган.
Бу хусусда қолдирилган коментлар эса, ўзининг анчайин ижобий тусда экани билан кишининг диққатини тортган.
Билдирилган муносабатлар орасида, "Ишқилиб ҳадя ўша қадимий Қуръон нусхасининг ўзи бўлмаса бўлди", - деганлари ҳам учрайди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг исломий ёки аксарият аҳолиси мусулмон бирор бир бошқа давлат раҳбарига Қуръон совға қилганига оид хабар шу пайтгача на-да маҳаллий ва на-да халқаро нашрларда кўзга ташланган.
Аммо хорижий давлат раҳбарлари билан учрашувлари чоғида уларга қилган совғаларининг ўзига хослиги билан Шавкат Мирзиёев аллақачон эътибор тортиб улгурган.
Ўзбекистон Президенти, дейлик, яқинда Беларусь раҳбарига унинг қиёфасидаги ичма-ич туҳфачалар жойланган хоккейчи ҳайкалчасини совға қилган.
Ўшанда Шавкат Мирзиёевнинг бундан аввал беларуслик ҳамкасбига ёғочдан ўзбекона қилиб ўйиб ишланган айвонча ҳадя этгани ҳам маълум бўлганди.
Миннатдорчилик...
Рамзан Қодиров ҳам илтифотда Ўзбекистон томонидан заррача қолишмаган.
Чеченистон раҳбари ҳам ўзбек-чечен халқларини мустаҳкам дўстлик ришталари боғлаб туришини алоҳида қайд этган.
Юз ифодаси, сўзлари мазмуни ва оҳангидан Ўзбекистон президенти ҳадясидан жуда мамнун экани кўрилган.
Ўз сўзини Ўзбекистонга доимо чуқур ҳурмат билан ёндашишларини айтиб, бошлаган.
Марҳум отаси, Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад-Ҳожи Қодировнинг ҳам исломий илмларни айнан Ўзбекистонда олганлигини алоҳида тилга олган.
Рамзан Қодиров Ўзбекистон президентининг совғасини "жуда нодир", деб атаган.
Унинг Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръон нусхаси эканини ҳам очиқлаб ўтган.
Чеченистон президенти ҳам, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнашини тилаб қолган.
Ўзбекистон ҳайъати Европадаги энг йирик масжиднинг очилишида иштирок этиш учун Чеченистонга келган ва ўзи билан президент Мирзиёевнинг "нодир" совғасини келтирган.
Бу масжид ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган.
Шали шаҳридаги янги масжиднинг дастлаб Рамзан Қодиров номи билан аталиши хабар берилган.
Аммо очилиш маросимида шахсан унинг ташаббуси билан масжид номи ўзгарган.
Уни Ислом дини пайғамбари Муҳаммад (С.А.В.) номидаги "Мусулмонлар фахри", деб аташга қарор қилинган.
Янги масжиднинг ичкариси ва ташқарисида бир вақтнинг ўзида 100 минг намозхон ўз тоат-ибодатини адо эта олади.
Марказий Осиёдаги энг йириги сифатида эътироф этилувчи Бишкекдаги Имом Сарахсий масжидига жаъми ўттиз мингга яқин одам кетади.
Ўзбекистондаги энг йириклари саналувчи масжидлардаги намозхонларнинг сони эса, ўн мингга ҳам етмаслиги кўрилади.
Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров Ўзбекистонда амалий ташриф билан сўнгги бор 2017 йилнинг октябрь ойида бўлган. Шахсан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












