Европанинг энг йирик масжидини Ўзбек меъморлари барпо этдилар

Сурат манбаси, Yelena Afonina/TASS
Чеченистоннинг Шали шаҳрида Европадаги энг йирик масжиднинг тантанали очилиш маросими бўлди, сўнг Жума намози адо этилди. Маросим жонли эфирда намойиш қилинди. Масжид ичида 30 минг киши, атрофида эса 70 минг мусулмон ибодат қилолади. Маросимда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров масжид Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) номи билан аталиши ҳақида эълон қилди.
Ушбу масжид қурилиши 2012 йили бошланган. Дастлаб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжидни 2015 йилда очиш мўлжалланган эди. Бироқ кейинроқ қурилиш режасига ўзгартириш киритилган, уни фойдаланишга топшириш муддати ҳам узайтирилган.
- Маданий мерос - дунё исломшунослари Самарқандда тўпланади
- Исроилда 1200 йиллик масжид топилди
- Ўзбекистонлик ва мусулмон: Хитой, Корея, Берлин, Россия...да ўзини қандай ҳис қилади?
- Ўзбекистон: 2 миллион 200 минг мусулмон Ҳайит намозини ўқиди, уларнинг орасида Толибон ҳайъати ҳам бор
- 'Унутма, ҳар бир қўл телефонида мусулмон ўзбек бор'
Мухбирларнинг хабар қилишларича, янги масжид "Шали-сити" мажмуаси таркибига киради. Бу мажмуада Шали шаҳри учун хос бўлмаган олти кўп қаватли турар-жой бинолари ҳам жойлашган. Бинолар 12 ва 16 қаватга эга. Шунингдек, мажмуада қўриқлаш минораси шаклидаги 21 қаватли бино ҳам бор, унинг ичида ресторан, офислар ва меҳмонхона жойлашган.

Сурат манбаси, Yelena Afonina/TASS
2017 йили янги мажмуа барпо этилаётган ҳудуд атрофидаги юзга яқин уй бузиб ташланган, бу ерда мажмуага элтувчи махсус йўл барпо этилган. 2018 йили Шалидаги уйлари бузилган 92 оилага янги уйлардан иборат посёлка қуриб берилган.
Европадаги энг йирик масжид Самарқанд ва Бухоро мумтоз меъморчилиги услубида Ўзбек меъморлари томонидан барпо этилди. Бош архитектор Абдуқаҳҳор Турдиевнинг айтишича, Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров таклиф ва мулоҳазалари асосида лойиҳага ўзгартиришлар киритилган.
"Қурилишда фойдаланилган оқ мармар фақат Грециянинг Тасос оролидан қазиб олинади. Қоялардан кесиб олинган улкан бўлакларни қайта ишлаш учун материкка юборилади. Завод шароитида эса мармарга зарур шакл берилади", - дея тушунтириб берган бош архитектор РИА Новости агентлиги билан суҳбатда.

Сурат манбаси, Yelena Afonina/TASS
Масжиднинг асосий хонасида лотос шаклидаги саккиз метрли, оғирлиги уч тоннали қандил ўрнатилган. Чеченистон президентининг масжид қурилишини назорат қилган маслаҳатчиси Амрудди Эдилгириевнинг сўзларига кўра, ушбу қандил махсус буюртма бўйича Туркияда ясалган. У 400 лампочка, Swarovski биллурлари ва олтин билан безатилган.
Масжид атрофида ҳар хил турдаги қарийб 2000 дарахт, 28 хил атиргул ўтқазилган.
Чечен расмийлари масжид барпо этилишига қанча маблағ сарфланганини очиқламайдилар. "Свобода" радиоси хабарига кўра, сармоядор ўз исми ошкор этилишини истамаган, инвестиция ҳажми сир қолишини хоҳлаган. "Масжид қурилишига ҳисса қўшишни истаган инсонлар ўз исм-шарифларини эълон қилмасликлари ҳам мумкин", - дея Шали шаҳри маъмурияти раҳбари ўринбосари Илёс Масаевдан иқтибос келтирган матбуот.
Масжидлари сонининг кўплиги бўйича Чеченистон Россияда биринчи ўринни эгаллайди. Чеченистонда мингдан ортиқ масжид бор. Улардан бири Рамзан Қодиров отасининг номи билан аталади. Шунингдек, Рамзан Қодиров онаси, бобоси ва бошқа қариндошлари номи ҳам масжидларга берилган.
Масжиднинг очилишига ўзбекистонлик бир гуруҳ ошпазлар ўзбекча палов тайёрлаб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонларга тортиқ қилишлари режаланган.
Жами 43 мамлакатдан 150 олиймақом меҳмонлар, шу жумладан, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов ҳам маросимда қатнашгани хабар қилинди.
Шу куни Шали шаҳрида Қуръон ҳофизлари мактаби ҳам очилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















