Ўзбекистон: Тошкент анжуманининг Афғонистонга нафи тегадими? O'zbekiston Tolibon Dunyo yangiliklar

Тошкент халқаро анжумани

Сурат манбаси, МИД Узбекистана

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Афғонистондаги вазиятга бағишланган Тошкент анжумани аҳамиятли бўлганини кўпчилик таъкидламоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, анжуманда фақат сиёсий баёнотлар билангина чекланиб қолмасдан, Афғонистонда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш, нафақат Афғон халқи, балки бутун минтақа ва жаҳон ҳамжамияти манфаатлари йўлида давлатни иқтисодий қайта тиклаш масалаларига эътибор қаратилган.

Халқаро конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мурожаат йўллади, у Толибонни Афғонистон ҳудудида бошпана топган террорчи ташкилотлар билан алоқаларни узишга чақирган.

"Бу муваққат ҳукуматга ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболларни очади", дейилади Президент Мирзиёев мурожаатида.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Президент Мирзиёев бутун дунёда Афғонистон муаммосига эътибор сусайиб бораётганидан хавотир билдирган.

"Таъкидлаш керакки, Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Шу сабабли ўзининг янги тарихида ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар инқирозга дуч келаётган Афғонистонга нисбатан эътибор сусайиб бораётгани хавотир уйғотмасдан қолмайди", - дейилади Шавкат Мирзиёев мурожаатида.

"Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 90 йиллардаги ҳолатларни такрорламайди. Уларни четлаб ўта олади ва мақсадга албатта эришиш лозим. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятни янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар. Шу боис бундай ҳолатга йўл қўймаслик муҳимдир. Чунки, гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда", - дейилади Ўзбекистон раҳбари мурожаатида

Ўзбекистондаги халқаро анжуманда Афғонистон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Мутаққий раҳбарлигидаги ҳайъат қатнашди.

Тошкент анжуманидаги чиқишида жаноб Муттақий АҚШ жорий этган санкциялар Афғонистондаги жорий қашшоқликнинг бош сабаби бўлаётганини айтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг асосий омилларидан бири эканлигини таъкидлаган.

Бундан олдин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб Афғонистонга тегишли бўлган активларни қайтаришга чақирганди.

Шу куни Reuters ахборот агентлиги ўзининг уч манбасига таяниб АҚШ ва Толибон Афғон Марказий банкига тегишли миллиардлаб доллар маблағни очиш борасида ўзаро фикр алмашганликлари ҳақидаги хабарни тарқатди.

Ушбу янгиликни экспертлар ижобий баҳолаганлар, бу нарса "ўзаро ишончни қайта тиклашга" ёрдам беришини урғулаганлар.

Ўтган йили августида Толибон Кобулда ҳокимиятни қўлга олганларидан кейин Афғонистонга тегишли бўлган 9 миллиард долларча маблағ музлатиб қўйилди, шундан 7 миллиарди АҚШда.

Толибонни жаҳон ҳамжамияти Афғонистоннинг қонуний ҳокимияти дея тан олганлари йўқ, бунинг учун Толибон гуруҳидан Афғонистонда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ва хотин-қизларни қамраган инклюзив ҳукумат барпо этиш, аёллар ҳуқуқлари, хусусан, таълим олиш ҳуқуқларини таъминлашни талаб қилмоқдалар.

Тошкент анжуманида ҳам Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов кенг қатламларни қамраб олган ҳукумат тузилиши Афғонистон манфаатига хизмат қилишини урғулаган.

"Инклюзив ҳукуматни шакллантириш Афғонистондаги барча қавмлар, шу жумладан, хотин-қизларни ўз ичига қамраб олишни назарда тутади. Бу ҳозирги вазиятни яхшилашга ёрдам бериши мумкин", деган Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон ҳам расман Толибонни Афғонистоннинг легал ҳукумати деб эътироф этгани йўқ, бироқ Афғонистоннинг де-факто бошқарувчи кучи деб билиб мулоқот қилади.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов таъбирида, Ўзбекистон "яхши полициячи ролини ўйнаб келмоқда".

"Тожикистоннинг эса Толибонга нисбатан муносабати анча совуқроқ. Лекин Тожикистон ҳам "дипломатик алоқа ўрнатмайлик" ёки "урушайлик", деяётгани йўқ. Чунки минтақада ҳеч кимда Афғонистонда уруш бўлишидан манфаатдорлик мавжуд эмас. Фақатгина Тожикистоннинг позицияси шундан иборатки, "аввал инклюзив, ҳамма миллатлардан иборат бўлган ҳокимият шакллансин, ана ундан кейин дўстлик, алоқалар, дипломатия ҳақида гап бўлиши мумкин" деган позицияни Тожикистон урғулайди. Ўзбекистон айтадики, "биз ҳам шуни истаймиз, яъни у ердаги этник тожиклар, этник ўзбеклар, ҳазоралар албатта умуммиллий ҳукуматда бўлиши керак". Лекин Ўзбекистоннинг фарқи шундан иборатки, Ўзбекистон "вазият издан чиқишига йўл қўйиш керак эмас", дейди. Яъни, "Афғонистонда ижтимоий портлаш бўлса, у ерда фуқаролар урушига йўл очиладиган бўлса, Толибон йўқолмайди. Толибон мухолифатга ўтади, уруш қайтадан бошланади ва Толибонни трансформация қилиш, тинч йўл орқали, жамият орқали халқнинг муаммолари орқали тадрижий трансформация қилиш имконияти яна қўлдан бой берилади, дейди Ўзбекистон", шарҳлайди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek