Россия ва рус тили тақдири ёхуд Тоқаев даврида Қозоғистон қандай бўлади? Dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Наргиза Рисқулова, Ксения Батанова
- Role, Би-би-си
Қосим-Жомарт Тоқаев унга узайтирилган етти йиллик муддатга Қозоғистон президенти бўлиб қолишига йўл очиши мумкин бўлган муддатидан илгари сайловлар ўтказилишини эълон қилди ва январдаги намойишлар иштирокчиларига амнистия эълон қилди, шундан сўнг у мамлакатдаги ҳокимиятни ўз қўлида жамлади.
Сайловлар Тоқаевнинг ниҳоят мустақил сиёсатчи бўлишга ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев меросидан халос бўлишга уриниши, дейди экспертлар.
Алоқадор мавзулар:
Эрта сайловлар Қосим-Жомарт Тоқаев ҳокимиятини қонунийлаштириш учун мўлжалланган, у 2019 йилда ҳокимиятга келганида қозоғистонликлар уни «ўз» президенти деб ҳисобламаган эди. Тоқаев ҳали ҳам аҳоли орасида унчалик обрўли эмас, лекин унинг ҳақиқий рақиблари йўқ ва бир неча ой олдин у умумхалқ референдумини ўтказди, кўпчилик таҳлилчилар буни "президент сайлови репетицияси", яъни маъмурий ҳокимиятнинг имкониятларини синовдан ўтказиш деб атади.
Тоқаев нимани таклиф қилди?
Муддатидан олдин президентлик сайловлари шу йилнинг кузида, парламент сайловлари эса 2025 йилда эмас, 2023 йилнинг биринчи ярмида бўлиб ўтади.
Тоқаев, шунингдек, ваколат муддатини узайтириш ва президентни иккинчи муддатга қайта сайлаш имкониятини бекор қилишни таклиф қилди.
"Кўп ўйланиб, мен президент ваколатларининг сони ва муддатини қайта кўриб чиқиш зарур деган хулосага келдим. Президентнинг мандатига қайта сайланиш ҳуқуқисиз 7 йил муддатга чеклов ўрнатишни таклиф қиламан", деди Тоқаев Қозоғистон халқига мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай улкан дастурни амалга ошириш учун 7 йил етарли муддатдир. Ҳозир президентлик муддати 5 йил.

Сурат манбаси, AFP
"Бошқа томондан, президентлик мандатини бир муддат билан чеклаш давлат раҳбарининг миллий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этишга максимал эътиборини қаратишини таъминлайди", дея тушунтирди у ўз қарорини.
Шу билан бирга, Тоқаевнинг ўзи ҳам иккинчи муддатга номзодини қўйиш ниятида муддатидан олдин сайловда ўз номзодини илгари суради. Тоқаев 2019 йил мартида Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан кейин президент вазифасини бажарувчи бўлган. 2019 йилнинг ёзида у муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилишини эълон қилди ва унда 70 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозонди.
Тоқаевнинг ҳокимиятда қанча вақт қолиши ҳозирча аниқ эмас: эски қонун бўйича унга тўғри келадиган беш йил, янги қонун бўйича етти йил ёки эски ва янги қонунчилик бўйича икки муддатдан иборат умумий 12 йил. Қандай бўлмасин, у ўз позициясини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, дейди таҳлилчилар.
"Бу жуда кенг тарқалган амалиёт ва Путин ёки Назарбоев каби автократик президентлар томонидан қўлланиладиган восита, бунда президент ўз ваколат муддатининг бир қисмидан воз кечаётгандек кўринади, лекин аслида ўзи учун кейинги президентлик муддатини кафолатлайди", дейди қозоғистонлик сиёсатшунос Димаш Алжанов Би-би-си билан суҳбатда.
Назарбоевнинг сояси ва номашҳур Тоқаев

Сурат манбаси, Getty Images
Тоқаев ҳокимиятга 2019 йил июнь ойида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев муддатидан аввал истеъфога чиқишини эълон қилганида келган. Гарчи кўпчилик қозоғистонликлар ҳокимият ниҳоят ўзгаришидан хурсанд бўлишса да, ҳокимиятнинг транзит йўли уларни хавотирга солди, Назарбоев ҳеч қаерга кетмаётгани ва Путин қўшни Россияда қилгани каби исталган вақтда қайтиши мумкинлигини тушунарди.
Сайлов арафасида ва натижалар эълон қилинганидан кейин бутун мамлакат бўйлаб тинч намойишлар бўлиб ўтди ва улар ҳукумат томонидан тезда бостирилди. Ўша кунлардаги намойишларнинг энг машҳур шиорларидан бири "Тоқаев менинг президентим эмас!" эди.
Назарбоевнинг сояси Тоқаев устида узоқ вақт турди. Сайланганидан деярли уч йилгача, Тоқаев ўзини Назарбоев сиёсатининг содиқ издошидек тутди - унинг ўзи пойтахт Остона номини Нурсултон деб ўзгартиришни таклиф қилди ва барча қарорларини «Элбаси» (Элбоши) билан келишиб чиқарди.
Бироқ 2022 йил январь ойида Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи ошиши сабабли бошланган норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетганидан сўнг, Тоқаев ўз риторикасини кескин ўзгартирди. У КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди ва ҳарбийлар ёрдамида ҳукуматга қарши намойишларни қаттиқ бостирди. Айни дамда январь ойидаги намойишлар чоғида 225 киши ҳалок бўлгани, 5 мингдан ортиқ одам жароҳатлангани ва минглаб маҳбуслар борлиги маълум.
Қозоғистонда январда юз берган тартибсизликлардан экспертлар қозоқ элитаси ичида ҳокимият учун кураш кетаётганини тахмин қиларди. Тоқаев ўзидан олдинги президентнинг яқинларини кескин танқид қила бошлади, Назарбоевнинг ёрдамчилари бошчилигидаги Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти ҳибсга олинди ва унинг нуфузли қариндошларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Элбаси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари лавозими ва ваколатларидан маҳрум қилинди, Назарбоевнинг ўзи эса "оддий пенсионер" эканлигини очиқчасига эълон қилди, Тоқаев эса тўлиқ ҳокимиятга эга бўлди.
"Январь ойидан бери Тоқаев ўзи ҳақидаги жамоатчилик фикрини ўзгартиришга, тўғрироғи, Қозоғистондаги оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва ботларга фаол сармоя киритмоқда. Лекин бу уринишларнинг барчаси Тоқаевнинг намойишчиларга қарата ўқ узишга буйруқ бергани фактини ўзгартира олмайди", дейди Алжанов.
"Тоқаев январь ойида содир бўлган воқеаларни ўрганиш ва қийноқларни текшириш учун реал имкониятга эга эди, лекин у ҳуқуқ-тартибот идораларига содиқ қолишни танлади, улар ҳам ўз навбатида унга содиқ қолади", дейди сиёсатшунос ва «Либерти» жамғармаси раҳбари Галим Агелеулов.
Уруш ва Қозоғистон
Январь ойида президентнинг КХШТдаги ташқи ҳамкорлардан ёрдам сўраш қароридан қозоғистонликларнинг ҳафсаласи пир бўлди, шундан сўнг Россия, Қирғизистон, Арманистон ва Беларус қўшинлари Қозоғистонга етиб келди. Худди шу ҳаракат Тоқаевни Ғарб учун "қўл бериб кўришилмайдиган" раҳбарга айлантирди, чунки кўпчилик унинг Москвадан мустақиллигига шубҳа билан қаради.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳатто норозилик намойишларидан кейин амалдорлар ва илгариги раҳбар кадрларнинг ишдан бўшатилиши ҳам жамоатчиликка етарлича ишончли бўлиб туюлмади. Аммо бутун Марказий Осиёга бевосита дахлдор бўлган Украинадаги воқеалар фуқароларни ҳам, жаҳон ҳамжамиятини ҳам Қозоғистоннинг ички муаммоларидан чалғитиб қўйди. Тоқаев Россиянинг МДҲдаги қўшнилари орасида биринчи бўлиб, ўзини мустақил деб эълон қилган КХДР ва ЛПР суверенитетини қабул қилмаслигини билдирди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай баёнотлар нафақат обрў-эътиборни сақлаб қолиш, балки Қозоғистоннинг ўсиб бораётган иқтисодига оғир таъсир қилиши мумкин бўлган Ғарбнинг иккинчи даражали санкцияларидан қочиш учун қилинган эди.
Россияни тарк этиш истагида бўлган кўплаб россияликлар ва Россияда фаолиятини давом эттира олмайдиган айрим корхоналар Қозоғистонга йўл олди. Тоқаев мамлакат иккаласини ҳам меҳмондўстлик билан қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Аҳоли дастакламаган ислоҳотлар
Тоқаев тозаланган сиёсий майдонда муддатидан олдин сайлов ўтказади. У билан рақобатлаша оладиган сиёсатчилар ё шарманда бўлган ёки қамоқда.
"Ҳозирда Тоқаев Қозоғистонда обрўли бўлмаса да, унинг ҳақиқий рақиблари деярли йўқ", дейди Агелеулов.

Сурат манбаси, Getty Images
Мутахассислар "сайлов репетицияси" деб атаган референдумда аҳоли Конституцияга Тоқаев ташаббуси билан киритилган ўзгартиришлар учун овоз берди, бу ўзгартиришлар қаторида президент ва парламент ваколатлари ҳам бор.
"Кейинги парламент сайловлари 2023 йилда, 2024 йилги президентлик сайловларидан олдин бўлиб ўтиши керак эди, агар қайта сайланса, Тоқаев устунликка эга бўлади ва қайсидир маънода кейинги парламент қандай шакллантирилишига таъсир қила олади", дейди Алжанов.
Намойишлар ўтказиш жараёнини демократлаштириши керак бўлган митинглар тўғрисидаги қонун эса уларни амалда тақиқлаб қўйди, чунки ҳозирда кичик пикет ўтказиш учун ташкилотчилар Ички ишлар вазирлигидан рухсат олишлари керак.
Президент сайлови тўғрисидаги қонунга киритилган, моҳиятан камситиш хусусиятига эга ўзгартиришлар ҳам мунозараларга сабаб бўлди, дейди сиёсатшунос Алжанов.
"Амалдаги қонунчиликка кўра, Қозоғистон президентлигига даъвогарлик қилиш учун номзоднинг сўнгги беш йил давомида давлат хизматида ишлаган бўлиши ва мамлакатда 15 йил яшаган бўлиши талаб қилинади, бу эса фуқаролар ва мухолифат ичидан номзодларни рўйхатга олишга тўсиқ бўлади. Бошқача айтганда, бу мамлакатда тузумдаги одам бўлсангизгина президент бўлиш мумкин", дейди Алжанов.
Бундай рўйхатга олиш қоидалари сайловлардан рақобатни йўқотади, муҳолифларни эса хавфсиз қилади, деб ҳисоблайди сиёсатшунос. Қозоғистон Халқ партияси раиси Ермухамет Ертисбаев ҳам бу сафар сайловга бормайди.
"Ертисбаев баҳсли шахслигига қарамай, жамият уни қўллаб-қувватлашидан қўрқиб, уни техник номзод қилиб ҳам қўйишмади. Бу Тоқаевнинг ўта ўзига ишонмаслигидан далолат беради", дейди Алжанов.
Январь намойишлари қатнашчиларига амнистия
Тоқаев пайшанба кунги мурожаатида, шунингдек, январдаги намойишлар иштирокчиларига амнистия эълон қилди.
Қозоғистонда оммавий норозилик намойишлари 2022 йил 2 январда бошланган - бунга ёқилғи нархининг ошиши сабаб бўлганди. Кейинчалик намойишчилар сиёсий шиорлар билан чиқишга киришдилар. Бир қатор шаҳарларда, биринчи навбатда, Олмаотада норозилик намойишлари фонида тартибсизликлар ва қурол ишлатиш билан погромлар бошланди. Қозоғистон ҳукумати уларни намойишчилар эмас, балки ташқаридан тайёрланган айрим террорчилар уюштирганини айтди. Президент Тоқаевнинг илтимосига кўра, Россия ва унинг иттифоқчилари қўшинлари мамлакатга киритилди. Қўзғолонлар тугагач, қўшинлар олиб чиқилди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Иш ташлашда қатнашганлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бизнинг фуқароларимиз. Қонунни бузганларнинг баъзилари ўз айбларини англаб, ўтмишдаги қилмишларига пушаймон бўлишди. Менимча, уларга кечиримли муносабатда бўлиш яхшироқдир. Улар нафақат суд адолатли бўлади деб, балки жамият ҳам юмшоқ бўлади, деб умид қилмоқда", деди у.
Унинг сўзларига кўра, амнистия ҳукумат тартибсизликларни уюштиришга алоқадор деб ҳисоблаган шахсларга, шунингдек давлатга хиёнат ва ҳокимиятни зўравонлик билан алмаштиришга уринишда айбланаётганларга таъсир қилмайди.
Мактабларда рус тили
Тоқаев Қозоғистон жамиятидаги икки тиллилик мавзусига ҳам тўхтаган: "Ҳозир жамиятда мактабларда қозоқ ва рус тилларини ўргатиш бўйича муҳокамалар кетмоқда. Мен буни жуда аниқ айтаман - биз қозоқ ва рус тилларини яхши биладиган болаларни тарбиялашимиз керак. Бу ёш авлод манфаатларига мос келади".
Президент таълим вазирлиги "популистлар томонидан бошқарилмаслиги, болалар манфаатларидан келиб чиқиши керак"лигини таъкидлади.

Сурат манбаси, Getty Images
Янги ўқув йилидан бошлаб Қозоғистон биринчи синфларда рус ва инглиз тилларини ўрганишни бекор қилди. Илгари биринчи синф ўқувчилари дарҳол қозоқ, рус ва инглиз тилларини ўрганишни бошлаган. Энди мактаб ўқув дастурига рус тили иккинчи синфдан, инглиз тили учинчи синфдан киритилади. Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда биринчи синфдан бошлаб рус тили сақланиб қолади.
2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Қозоғистон аҳолисидаги русларнинг улуши 2009 йилдан буён учдан бирга камайди, яъни 23,7 фоиздан 15,5 фоизгача. Умуман олганда, ўтган йиллар давомида мамлакатдаги руслар сони 800 минг кишига камайди.
Аҳолининг этник таркибида қозоқларнинг улуши 70,4% ни ташкил қилади. 2009 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 63,1% эди. Шу билан бирга, респондентларнинг 80,1 фоизи қозоқ тилини билишини, 49,3 фоизи эса ундан кундалик ҳаётда фойдаланишини билдирган.
Президентнинг иқтисодий ислоҳотлари: иш ҳақи ва пенсияларни ошириш
Тоқаев, шунингдек, энг кам иш ҳақини 17 фоизга, пенсияларни эса 27 фоизга оширишга ваъда берди ва аёлларнинг пенсия ёши 2028 йилгача оширилмаслигини маълум қилди. Энди аёллар 61 ёшдан бошлаб пенсия олиш ҳуқуқига эга.
















