Қозоғистон: Тоқаев халқаро тергов талабини рад қилди Qozog‘iston namoyishlar yangiliklar -видео

Қозоғистон хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Январь воқеалари мустақил Қозоғистон тарихидаги энг ёмони ва энг қонлиси бўлгани айтилади
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Қозоғистон президенти январь воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказишга ҳожат йўқлигини айтди. Январь воқеалари мустақил Қозоғистон тарихидаги энг қонлиси ва ёмони бўлган. Биргина расмий рақамларнинг ўзидаёқ унда камида 220 кишининг қурбон бўлгани айтилган. Бу хусусда мустақил маълумотлар эса, шу бугунга қадар имконсизлигича қолмоқда.

Таҳлил:

Қозоғистонда кимлар ўлдирилди ва ушланди? БМТ текширув талаби

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Президент муносабати

Қозоғистон президенти

Сурат манбаси, official

Зўравон тўқнашувларда айланиб кетган оммавий намойишлар ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Кенгаши халқаро тергов талаби билан чиқишган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мустақил ва холис текширувларнинг тезда ўтказилишини ҳам талаб қилганди.

Қозоғистон президенти шанба куни "Хабар24" давлат каналига интервью берган.

Давлат раҳбари билан интервью январь воқеалари бир ой тўлиши арафасига тўғри келган.

Худди ана шу интервьюси чоғида Қасим-Жомарт Тоқаев халқаро терговга ҳожат йўқлигини баён қилган.

"Бу ишни бемалол ўзлари ҳам уддалай олишлари"ни билдирган.

"Жамоат комиссияларини бошқара олдиган ҳалол ва холис одамлари борлиги"ни таъкидлаган.

Тоқаев ҳам Европа Парламентининг Қозоғистондаги январь воқеалари бўйича чиқарган резолюциясини нохолис, деб атаган.

Унинг шошиб чиқарилганини иддао қилган.

"Резолюциянинг масъулловчи эмас, тавсиявий мазмунда"ни эканига тўхталган.

Унга "ниҳоятда хотиржам қараши"ни айтган.

Президент Тоқаев Европа Парламентининг резолюцияси, "бир вақтлар Қозоғистонни тарк этган одамларнинг буюртмалари асосида ишловчи лоббистларнинг иши натижаси" эканлигини даъво қилган.

Резолюция

Европа Парламенти

Сурат манбаси, European Parliament

Европа Парламенти ўзининг Қозоғистондаги январь воқеаларига бағишланган резолюциясини 19 январь куни эълон қилган.

Резолюцияда халқаро ҳамжамиятни Қозоғистондаги бу ҳодисалар, хусусан, бедарак ғойиб бўлганлар, тинч аҳолининг ўлдирилиши ва қийноқларга оид хабарлар юзасидан тергов бошлашга чақирган.

Европа қатор идора ва ташкилотлар, жумладан, Европа Ташқи алоқалар идораси, Европа Тикланиш ва Тараққиёт ва Жаҳон Банкларини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни ўнгламагунича Қозоғистондаги дастурларини молияламай туришга ундаган.

Қозоғистонлик муайян юқори мартабали амалдорларга қарши санкциялар киритиш борасида ҳам сўз юритган.

Европа Парламенти, ўз навбатида, Қозоғистон раҳбариятини вазиятни баҳолашлари учун БМТ ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти экспертларини таклиф қилишга чақирган.

Қозоқ ҳукуматидан, шунингдек, "инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши сиёсий таъқибларни тўхтатиш, сиёсий важларга асосланган айбловларни бекор қилиш, асоссиз қўлга олинган намойишчилар ва фаолларни зудлик билан қўйиб юбориш, одамларнинг халқаро меъёрларга мувофиқ тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини кафолатлаш"ни сўраган.

Илк расмий муносабат

Оқ Ўрда

Сурат манбаси, official

Европа Парламентининг резолюциясига расмий Нур-Султон ўзининг жавобини 21 январь куни эълон қилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги орадан кун ўтиб бу хусусда расмий баёнот билан чиққан.

Вазирлик ўзининг расмий баёнотида Европа Парламентининг резолюциясини "нохолис", деб баҳолаган.

Уларни "шошқалоқлик"да айблаган.

Вазирлик резолюциянинг "объектив бўлмаган хулоса ва маъмулотларга асосланган"ини иддао қилган.

"Қозоғистондаги фожеали январь воқеаларига холис баҳо берилмаганидан ташвишда эканликлари"ни ҳам билдирган.

Қозоғистон раҳбарияти ташаббуси билан бошланган расмий тергов натижалари эълон қилинмагунча, бундан ҳужжатларнинг қабул қилинишини "номақбул", деб ҳисоблашларини таъкидлаган.

Резолюция лойиҳасини ишлаб чиқаётган пайтда Европа Парламенти ва унинг таркибидаги сиёсий гуруҳлар ўзларидан бирор бир изоҳ сўрашмаганини қайд этган.

Бунинг ортидан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий тергов натижаларининг халқаро ҳамжамиятга тақдим этилишини яна бир бор такрорлаган.

Аммо вазирлик қозоқ ҳукуматининг тергови қачон бошлангани, қанча давом этиши, гумондорларнинг шахси, жами сони ва текширувларнинг айнан қай бир идоралар томонидан олиб борилаётгани тафсилотларига тўхталмаган.

Расмий статистика

Қозоғистон Бош прокуратураси 13 январь куни ҳибсдаги минглаб одамнинг тақдирига илк бор расман ойдинлик киритган.

Бош прокуратура сўнгги тартибсизликлар ортидан жами 494 та жиноий иш очилгани ва 524 одам изоляторга ташланганини маълум қилган.

Агар, улар келтирган маълумотларга таянилса, ярим мингга яқин жиноий ишдан 44 таси террорчилик, 34 таси - оммавий тартибсизликлар, 15 таси - қотиллик моддалари бўйича қўзғатилган.

Бош прокуратуранинг баён қилишича, ҳибсдаги қолган кўпчилик фақат маъмурий жавобгарликка тортилган.

Қозоғистон Европа Иттифоқининг барча идоралари билан ўзаро тушуниш ва ҳурмат тамойиллари асосида конструктив ҳамкорлик қилишга интилишини айтган.

Расмий баёнот якунида эса, Европа Парламенти томонидан мазкур резолюциянинг шошқалоқлик билан қабул қилиниши Қозоғистон президентининг сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнига ҳалақит бериши қайд этилган.

Бундан аввал Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам Қозоғистондаги воқеалар юзасидан тезкор, холос ва мустақил тергов ўтказилиши талаби билан чиққан.

Халқаро ташкилот қурбонлар ва қўлга олинган минглаб одам орасида тинч намойишчилар ҳам бўлиши эҳтимолини текширишни сўраган.

Аммо БМТнинг айни мазмундаги талабига президент Тоқаев ва расмий Нур-Султоннинг жавоби ҳали-ҳануз кўзга ташланмаган.

Қозоғистондаги воқеалар

Хавфсизлик кучлари

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистон ғарбида 2 январь куни суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши бошланган намойишлар кейинчалик оммавий тус олган, мамлакат бўйлаб ёйилган, сиёсий характер касб этган ва алал-оқибат зўравон тўқнашувларга айланиб кетган.

Президент Тоқаев орада бу воқеаларни ташқи агрессия ва "давлат тўнтариши"га уриниш, деб атаган.

Уларнинг ортида "фитначилар", "қўпорувчи кучлар", "қуролли бандитлар" ва "террочилар" турганлигини айтган.

Ораларида Яқин Шарқ ва афғонистонлик жангарилар бўлганини ҳам даъво қилган.

КХШТнинг 10 январь кунги навбатдан ташқари йиғинида бунинг далилини тез орада халқаро ҳамжамиятга тақдим этишини баён қилган.

Худди шундай изоҳ билан Қозоғистонга Россия шамсияси остидаги КХШТ контингентини чақирган.

Мамлакати хавфсизлик кучларига эса, нишонга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишга буйруқ берган.

5 январдан 19 январгача республикада фавқулодда ҳолат жорий этилган.

КХШТ тинчликпарвар кучлари 19 январь куни ўз миссиясини якунлаган.

Зўравонликлардан энг кўп Олма-ота жабр кўрган.

Қозоғистоннинг бу энг йирик шаҳрида бир неча кунлик махсус "аксилтеррор амалиёти" ҳам йўлга қўйилган.

Эълон қилинган сўнгги расмий статистикага таянилса, зўравон тўқнашувлар чоғида 227 та одам ўлган ва ўлдирилган, тўрт мингдан зиёди жабр кўрган ва 10 мингдан ошиқ одам ҳибсга олинган.

Масъуллар қурбонларнинг аниқ қанчаси тинч фуқаролар ҳисобига тўғри келишини ҳали-ҳануз очиқлашмаган.

Бу хусусда мустақил маълумотлар эса, шу бугунга қадар имконсизлигича қолмоқда.

Қурбонлардан фақат 19 нафарининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар экани айтилган.

Ҳибсдагиларнинг тақдири ҳам аллақачон фаолларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.

Январь воқеалари мустақил Қозоғистон тарихидаги энг ёмони ва энг қонлиси бўлган.

Фақат ўн кун деганда президент Тоқаев мамлакатида конституцион тартиб қайта ўрнатилганини баён қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek