Қозоғистон нега КХШТ қўшинларини чақирди - АҚШ Нур-Султондан асосли жавоб кутмоқда Qozog‘iston Rossiya namoyishlar yangiliklar

Сурат манбаси, official
АҚШ президент Тоқаевнинг Россия шамсияси остидаги КХШТ контингентини Қозоғистонга чақириш қарорини савол остига олди. Бу хусусда устма-уст баёнот билан чиқди. Бунинг сабаби билан қизиқди. Департаментининг расмий вакили ортидан шахсан АҚШ Давлат котибининг ўзи ҳам бу масалага эътибор қаратди. Россия ва АҚШ Марказий Осиё минтақасида ҳам геосиёсий рақиблар саналишади.
Аввалига АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс бу хусусда расмий Нур-Султондан асосли жавоб олиш умидида эканини билдирди.
Унинг ортидан Энтони Блинкен Қозоғистонга нега четдан ёрдам керак бўлганини тушунмаётганликлари ва тушуниш ниятида эканликларини айтди.
АҚШ томонининг устма-уст баёнотларига Қозоғистон ҳукуматининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.
Аммо бунга расмий Москванинг жавоби кескин бўлди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили, "Қозоғистон раҳбариятининг хавфсизликни таъминлашда ёрдам кўрсатиш чақириғига КХШТининг жавоби мутлақо қонуний бўлгани"ни айтди.
Мария Захарова бундан БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам бохабар этилганини эслатди.
Сўров ва таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Расмий муносабат

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий Вашингтоннинг муносабати Россия, Беларусь ва Қирғизистон ўзининг ҳарбийларини Қозоғистонга киритиб бўлган бир пайтга тўғри келди.
АҚШ Давлат департаменти расмий вакили нега бундай мавқеъда эканликлари сабабига ҳам тўхталди.
Буни Вашингтон Қозоғистон ҳукумати ўз кучи билан мамлакатда қонун ва тартибни сақлаш қодир эди, деган ўйда экани билан тушунтирди.
Қозоғистон президенти мамлакати "террор таҳдиди" остида экани изоҳи билан КХШТга бу хусусда мурожаат қилган.
Аммо бунинг қандай далилини келтиргани ноаён қолган.
Тоқаевнинг айни мурожаати минтақада кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган. Бир хилда қарши олинмаган.
Бу КХШТнинг Қозоғистон мисолида бир Марказий Осиё давлатига илк бор ўзининг контингентини киритиши бўлган.
Нато ҳам ўз сўзини айтди
АҚШ Давлат департаменти ортидан Нато ҳам ўзининг расмий муносабатини билдириб чиққан.
Дунёдаги энг йирик бу ҳарбий Иттифоқ ҳам Қозоғистондаги вазиятни яқиндан кузатиб турганликлари ва кузатажакларини баён қилган.
Аммо Йенс Столтенберг Қозоғистондаги вазият Россия ва НАТО давлатлари ўртасидаги Европа хавфсизлиги бўйича музокараларга қандай таъсир қилиши ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган.
КХШТ Қозоғистонга жами 2500 га яқин ҳарбийсини юбормоқчи.
Қозоғистон томонига кўра эса, улар тезкор кучлар эмас. Тинчликни сақловчи контингент ва ҳарбий амалиётларда иштирок этишмайди.
Қозоғистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи Украина боис Россиянинг Ғарб ва НАТО билан алоқаларига жиддий путур етган, Россия ва Украина ўртасидаги вазият ўта танг бир пайтга тўғри келган.
Расмий Киев Кремль расман рад этаётган эса-да, Россия шу ой охири ёки келаси ой бошида Украинага бостириб кирмоқчи, деган хавотирда бўлган бир вазиятда бўй кўрсатган.
Россия ва АҚШ Марказий Осиё минтақасида ҳам геосиёсий рақиблар саналишади.
Хитой билан бирга бу минтақада ҳам ўзларининг геосиёсий ва геоиқтисодий манфаатларини парваришлаш, ўз таъсирларини янада кучайтириш илинжида бўлган глобал ва ядровий қудратлар бўлишади.
Расмий Нур-Султон ҳозирча жим

Сурат манбаси, official
АҚШ Давлат департментининг сўнгги баёнотига Қозоғистон ҳукуматининг расмий муносабати ҳозирча имконли эмас.
Қозоғистон президенти эса, ўзининг кеча - 7 январь кунги телевизион мурожаатида Путинга алоҳида миннатдорчилик билдирган.
Россия президенти ўзининг мурожаатига жуда тез ва энг муҳими, дўстона муносабатда бўлганини айтган.
Шу соатларда расмий Кремлнинг билдиришича, Владимир Путин Қозоғистон президенти билан телефон орқали сўзлашган.
Россия президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан шу яқин келажакда КХШТнинг онлайн саммитини ўтказишга келишиб олган.
Бунга расмий Вашингтоннинг муносабати ҳалича имконли эмас.
КХШТ контингентининг Қозоғистонда аниқ қанча қолиши муҳлати ҳануз расман очиқланмаган.
Президент Тоқаев эса, ўзининг сўнгги телевизион мурожаати чоғида Қозоғистоннинг аксарият ҳудудида "конституцион тартиб қайта таъминлангани"ни айтган.
АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили эса, энг сўнггида, "Қўшма Штатлар Қозоғистон халқи ва ҳукуматининг ҳамкори сифатида Қозоқ ҳукумати ва халқи билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр" эканини билдирганди.
Бундан аввал Европа Иттифоқи Қозоғистонга хорижий кучлар киритилишини "эҳтиёткорлик билан қабул қилган".
Европа Комиссияси Россияни Қозоғистон суверенитетини ҳурмат қилишга чақирган.
Минтақа ва геосиёсат

Сурат манбаси, official
Таҳлилчиларга кўра, сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши ортидан Кремлнинг Шимолий Кавказдаги мавқеи заифлашган.
Ғарбнинг устма-уст санкциялари туфайли Россия халқаро миқёсда янада иҳоталаниб бормоқда.
Россия президенти охирги пайтларда яна СССР парчаланганидан ўзининг афсус-надоматларини қайта изҳор этишга тушган.
Аҳолиси сони, геостратегик жойлашуви, иқтисодий ва ишчи кучи потенциали, эга бўлган йирик миқдордаги табиий захираларини ҳам назардан тутаркан, аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар Россиянинг энди айнан Марказий Осиёда ўз қудратини қайта кучайтириш, минтақани янада кучлироқ ўзининг сиёсий орбитасига тортиш пайида бўлишини айтишади.
Ўзбекистон ҳозир Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирмайди.
Нейтрал Туркманистон ҳам унга аъзо эмас.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон унинг аъзоси саналишади.
Ўзига чегарадош Қозоғистонга КХШТ контингентининг киритилаётганига расмий Тошкентнинг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.
Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам Тожикистон мисолида Марказий Осиёда жойлашган.
Қирғизистон эса, Россиянинг энг кўп ҳарбий иншоотларига мезбонлик қилаётган минтақа давлати бўлади.
Қозоғистон

Сурат манбаси, Thinkstock
Қозоғистон минтақанинг Россияга чегарадош ягона мамлакатидир.
У Марказий Осиёнинг Ўзбекистондан кейин иккинчи йирик давлати ҳисобланади.
Туркманистон билан бирга минтақадаги табиий энергия захираларига энг бой иккита давлати саналади.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди бўлади.
Қозоғистон президенти "террор таҳдиди" туфайли КХШТга аъзо давлатлардан ёрдам сўраб мурожаат қилганини айтган.
У мамлакатида содир бўлаётган сўнгги воқеаларни ташқи тажовуз, деб атаганди.
Аммо бунинг далилини келтирмаганди.
Ташкилот шартномасининг 4-моддасига мувофиқ, аъзоларидан бирининг хавфсизлиги, барқарорлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига таҳдид соладиган қуролли ҳужум барча аъзо давлатларга нисбатан тажовуз сифатида қабул қилинади.
Қозоғистон ҳам аъзо бўлган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.
Ўзбекистон ўз вақтида бу кучларни ташкил этишга оид битимга имзо чекмагани ҳам хабар берилган.
Қозоғистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги президент Тоқаевнинг сўрови ва КХШТининг қароридан аввал эълон қилган баёнотида "Қозоғистон халқи ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни тиклаш ҳамда юзага келган муаммоларни ўзи мустақил ҳал қилиш учун етарли қатъият ва иродага эгалигига ишонишлари"ни баён қилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














