Россия сиёсатчилари Қозоғистон ҳақида нима дейишаяпти? Qozog'iston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Кремл тарғиботчиси Қозоғистонга қандай ултиматум қўйди?
- Депутат Россияни туркий дунёнинг маркази, деб атади
- Рус армияси нега Қозоғистонга юборилиши керак?
- Қозоқлар қайси президентларни қўрқитди?
Бугун постсовет ҳудудида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири Қозоғистон воқеаларидир.
Одатда собиқ Иттифоқ мамлакатларида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларга тезда муносабат билдирадиган Кремль орадан бир неча кун ўтибгина, баёнот берди.
"Қозоғистон мамлакатдаги тартибсизликлар учун Россиядан ёрдам сўраб мурожаат қилгани йўқ", деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Ва Кремль ташқи кучлар аралашувига қаршилиги, Қозоғистон ичидаги муаммоларни мамлакат ҳукумати ҳал қилишини таъкидлади.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиланди, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги: 26 тинч фуқаро ўлган (ВИДЕО)
- Қозоғистон воқеалари Ўзбекистон ҳукуматини ташвишга солдими? - Видео
- Қозоғистон: Назарбоев қурган тизим, уни оиласи ва коррупция бугунги воқеаларга сабабчими?
- Қозоғистон: Гап фақат суюлтирилган газда эмас
- Тоқаев Назарбоев одамларини четлатиб ўзига содиқларни келтирмоқдами?
Симоняннинг шартларими, Кремлнингми?
Расмий Москванинг нейтрал позицияси манзарасида Россия ҳукумати раҳбарияти тилга олмаётган масалалар ҳақида ҳукуматга яқин шахслар сўз очди.
Кремлнинг энг асосий тарғиботчиси саналувчи таниқли шахс, Russia Today канали Бош муҳаррири Маргарита Симоньян Песковнинг «ташқи кучлар аралашувига қаршилиги»га қарамай, Қозоғистон ҳукуматига ултиматум қўйди.
Симоньян 5 январь куни Телеграм-каналида оммавий норозилик намойишларини тарқатишда ҳарбий ёрдам бериш эвазига Қозоғистондаги режим олтита "шарт"ни бажаришини эълон қилди.
Бу шартлар Қримни тан олиш, Россияга ҳайрихоҳ бўлмаган ноҳукумат ташкилотларни Қозоғистондан қувиш ва мамлакатда рус тилини янада оммалаштиришни талаб қилган бандлардан иборат.
"Мустақиллик. Тош билан қуролланган бир-икки минг бетайинлар армияни ҳайдаб, аэропорт ва арсеналларни эгаллаб олганида, мамлакатни бир кунда шундай тартибсизликка айлантирганда, мамлакат ўзи мустақил бўлиб чиққан давлатидан ҳарбий аралашувни сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлса, бу жуда кулгили мустақиллик. Бу қолган ўн тўрттасига ҳам у ёки бу тарзда тегишли", деб ёзди Симоньян собиқ Иттифоқ мамлакатларига ишора қилиб.

Сурат манбаси, Reuters
Россияга қўшилиш чақириғи
Орадан бир кун ўтмай, Россия Давлат Думаси депутати Султон Ҳамзаев Қозоғистонни Россияга қўшилиш чақириғи билан чиқди.
"Марказий Осиё - бу рус ўлкаси! Тармоқда Қозоғистоннинг Россия билан эҳтимолий бирлашишини муҳокама қилишмоқда. Менинг сиёсат ва лавозимимдан қатъи назар, Россия Федерацияси фуқароси сифатидаги позициям - Қозоғистонда Қозоғистонни тарихий ватани - Россия билан бирлаштириш бўйича референдум ўтказилиши тарафдориман", деди депутат Султон Ҳамзаев.
Ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев барча баёнотларини рус тилида айтишини таъкидлаб, "Ўйлайманки, бу ҳақиқий демократиянинг яхши кўриниши бўлади!" деди.
Бу чақириғи ижтимоий тармоқларда резонансларга сабаб бўлиши ортидан Давлат Думаси депутати Султон Ҳамзаев ўз фикрини мустаҳкамлаш учун "нафақат Қозоғистон, балки барча туркий мамлакатлар Россиянинг бир қисми" дея чиқиш қилди.
«Қозоғистон - Рус дунёсининг бир қисмидир. Россия туркий дунёнинг маркази! Мен доим бу ҳақда гапирганман. Бугунги кунда туркий мамлакатларда, жумладан Туркияда яшовчи барча халқлар асосий этник-маданий коднинг келиб чиқишини Олтойдан олган. Дунёда ҳеч ким туркий давлатлар учун Россиядан ортиқ иш қилгани йўқ!» , - деди депутат.
Қанақа мустақиллик бу?
Россиялик журналист, Давлат Думаси депутати Андрей Медведов Қозоғистон воқеалари борасида кескин мулоҳазалари билан чиқди.
"Қозоғистон мустақиллигининг ўттизинчи йилида бу давлат шаклланмаган, деб айтиш мумкин. Агар армия қуролланган талончиларни (ҳеч йўқса, «тўқима» террорчилар) тарқата олмайдиган даражада, махсус хизматлар воқеалар ривожини кўролмаса, ҳукумат эса 2 кун ичида жойида сўнса.
Агар тартибни тиклаш учун тинчликпарвар кучлар керак бўлса, махсус қозоқ йўли ва минтақадаги муҳим ўйинчи ҳақида ҳамма гапларни тўхтатиш керак. Бу ҳали тўлиқ муваффақиятсиз ҳолат эмас, лекин шунга яқин. Яъни, империя ришталаридан қутулганидан 30 йил ўтгач, ўз тартибини рус аскарларисиз тиклай олмаслиги маълум бўлдими?" деди журналист ва депутат Медведев.
Шунингдек, депутат рус армиясининг Қозоғистонга юборилишини ёқламаслигини билдирди.
- «Нима учун? Қозоғистонда яна русларни рус эканликлари учун қувғин қилишлари учунми? Кейин қозоқ халқи чоризм ва большевиклар товонидан қандай азоб чекканлиги ҳақида дарсликларда болалар ёзилиши учунми? Россия Туркистони хотирасини ўчириб, у ердаги кўча ва шаҳарларнинг номини ўзгартириши учунми? Давомида қозоқ сиёсатчиларининг Туркия билан ошкора яқинлашиш манзарасида Қозоғистон биз учун қандай муҳим ҳамкор эканлиги кўпроқ янграши учунми?», деди депутат.

Сурат манбаси, Getty Images
Қозоқлар қайси президентларни қўрқитди?
Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан визавий тартиб жорий этилиши тарафдори, «Адолатли партия» етакчиси Сергей Миронов ўз расмий саҳифаларида «Қозоғистон воқеалари - Россия ҳукумати учун дарс» эканлигини баён қилди.
Асли қозоғистонлик сиёсатчи, ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский Қозоғистон воқеаларига ўз муносабатини билдириб, намойишларнинг сиёсий ва ижтимоий сабабларини таҳлил қилди.
Чеченистон президенти Рамзан Қодиров ҳам Қозоғистонга бегона эмаслиги, отаси бу мамлакатда туғилганини билдирди. Президент намойишчиларни имкон қадар тинч йўл билан ҳаракат қилишга, Чеченистондаги 1990-йиллар воқеаларини такрорламасликка чақирди.
Россиялик яна бир журналист ва сиёсатшунос Руслан Курбанов «Қозоқлар ҳаммадан кўра, бу икки раҳбарни қўрқитиб юборди» дея Тожикистон ва Туркманистон президентларига ишора қилди.
"Путин энди ҳокимиятни ҳеч кимга бермайди. Қозоғистон воқеаларигача Кремль Назарбоевдан ибрат олаётган ва ҳукуматни ёш ворисга топширишни мўлжаллаётганди. Аммо энди Назарбоев инқирозидан кейин бу вариант бекор қилинди. Путин ортиқ ҳеч кимга ишонмайди", деб ёзди сиёсатшунос.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















