Қозоғистон: Назарбоев қурган тизим, уни оиласи ва коррупция бугунги воқеаларга сабабчими? Qozog'iston Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Алексей Калмиков
- Role, Би-би-си
Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевни ҳамма ерда учратасиз, Дислейнеддаги Микки Маус мисоли. Унинг шарафига кўчалар ва шаҳарлар номланган, ўзи эса «элбоши», яъни миллат отаси ва халқ доҳийси мақомини олган. Мустақил Қозоғистоннинг илк президенти мамлакатни 1989 йилдан бери бошқарган, аммо халқ орасида кенг кўламли ғалаёнлар юзага келиши билан, у ғойиб бўлди.
Алоқадор мавзулар:
2022 йил кириб келиши билан юз берган намойишлар ва тартибсизликлар ўнлаб одамлар ҳаётини олиб кетди. Бу ҳали тўхтамади, аммо аллақачон Қозоғистондаги ҳокимият алмашинувини тезлаштирди. Назарбоев давлат бошқарувидаги ягона расмий роли - Хавфсизлик кенгаши раислигидан маҳрум бўлди. Энди у, шунчаки - элбоши.
Хавфсизлик кенгашига янги раҳбар этиб Президент Қосим-жўмарт Тўқаев ўзини тайинлади. 2019 йилда Назарбоев унга президентликни топширган, 2021 йилда эса Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси ва «Нур Отан» партияси раислигини ҳам топширди.
Аммо, миллат отаси мақоми катта жавобгарликни тақозо этади, шундай экан халқ Қозоғистонда нималар бўлаётганини ҳали ҳам Назарбоев ва унинг оиласи билан боғлиқликда кўради. Унга қарата намойишчилар: «Чол, кет!» деб қичқирдилар. Ҳайкалларини супасидан қулатдилар.
Қозоғистоннинг бугунги аҳволи айнан Назарбоев даврида шаклланган. Катта табиий бойликлар ва катта амбицияларга эга йирик давлатни бошқарган Назарбоев даврида мухолиф фикрлар ва фуқаролик жамияти куртаклари асфалт тагига кўмиб юборилди, бой ва камбағаллар ўртасидаги тафовут эса мисли кўрилмаган даражага етди.
Оила, бойлик ва Ғарб
Қозоғистонда қарийб 20 миллион одам яшайди. Лекин Credit Suisse Research Institute кўрсаткичларига кўра, давлат бойлигининг ярми 200дан кам одамнинг қўлида жамланган.

Сурат манбаси, Reuters
Долларлик миллионерлар аҳолининг 0,2 фоизини ташкил этади ва улар хорижда яшашни афзал кўришади. Улар Ғарбга, айниқса Лондонга кўнгил қўйганлар.
2008 ва 2015 йиллар орасида инглизлар саҳий сармоядорларга Британияда яшаш ҳуқуқини пуллаётганида, «олтин виза»ларни олганлар қаторида қозоғистонликлар илғор ўринларни эгаллашди. Chatham House хабарига кўра, 200дан ошиқ қозоғистонлик миллионерлар Британия фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Улар Лондондаги кўчмас мулкка катта сармоя киритиб, жамоатчилик ва куч тизимларининг эътиборини тортдилар.
Британлар ҳатто Назарбоевнинг қизи Дариға ва Дариғанинг ўғли Нурали Алиевнинг икки уйи ва квартираларини ҳибсга олишга уриндилар. Аммо, улар бу уйлар Дариғанинг Австрия турмасида ўлган собиқ эри Роҳат Алиевнинг жиноий пуллари эвазига келмаганини судда исботлашга муваффақ бўлишди.
«Охирги йилларда Назарбоевнинг оиласи Европада ҳашаматли уйларни сотиб олаётгани ҳақида терговлар тез-тез пайдо бўлди, ва эҳтимол, бу Қозоғистондаги халқ ғазабига сабаб бўлди. Афтидан Назарбоевга энди бу қимматга тушяпти», - дейди АҚШнинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Уилям Куртни.
Бу нохушликларга қарамай, Назарбоев оиласи ва қозоқ элитаси ҳамиша Ғарбга юзланган. АҚШ ва Европанинг етакчи нашрларида Қозоғистон ютуқларида ҳақида реклама мақолалари тез-тез чоп этилади. Қозоғистоннинг энг йирик ширкатлари ўз акцияларини Лондон биржасига қўядилар.
Пойтахт Нурсултонни ҳам Ғарбнинг юлдуз меъморлари қурди, ва бу шаҳарда сўнгра хизмат ҳақи жуда юқори турувчи инглиз судялари келиб тижорий, фуқаролик ва арбитраж судларига ҳакамлик қилдилар.

Сурат манбаси, Getty Images
2002 йилда ҳатто Қозоғистоннинг футбол бўйича миллий терма жамоаси Европа чемпионлигида иштирок этиши учун Осиё федерациясидан УЕФАга кўчирилди, аммо ҳозирча у биронта чемпионликка чиқа олмади.
Камбағаллик, коррупция ва хом хаёл
Ғарб сиёсий саҳнасига чиқиш истаги Назарбоевни қўшни Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистондаги авторитар ҳукмдорлардан ажратиб турарди.
Аммо, қозоқ сиёсати ва жамиятида ҳар сафар мурватлар қотирилганда, Қозоғистон айнан Ғарб қадриятларига зид лагерга мустаҳкамроқ ўрнашади. У ўз иқтисодида борган сари Хитойга қарам, сиёсатда эса - Россияга. Ҳозирги инқироз намойиш қилганидек, у ҳатто ўз хавфсизлиги ва тартибини Россиясиз таъминлай олмас экан.
Тўқаев ғалаёнларни қатъият билан бостиришни ваъда қилди, ва намойишчиларни террорчилар деб атаб, хориждан аскарларни таклиф этди. Агар ҳукумат ваъда қилинган ислоҳотлар ўрнига ички сиёсатни янада қаттиққўлроқ назорат олса, Назарбоевнинг охирги Ғарбона хом хаёллари ҳам элбошига қўшилиб ғойиб бўлади.
«Бизнинг элиталаримиз анча жаҳонгашта, уларга Россия ва Беларусдагидек кенг кўламли репрессиялар ва яккаланиш сценарийси тўғри келмайди», - деб ёзади Гарвард университети тадқиқотчиси Наргис Касенова.
Лекин, давлат шундай нуқтага етиб келдики, ҳақиқий ўзгаришларсиз, элиталар ўша жаҳонгашталигидан айрилиб қолишлари мумкин.
«Қозоғистон жиддий тизим муаммоларига дуч келди, уларнинг ечимини узоқ муддатга кечиктириб бўлмайди. Буни ҳамма ва ҳар ерда тушуниб етган», - дейди Касенова.

Сурат манбаси, AFP
Назарбоев ўнлаб йилларки халққа тараққиётни ваъда қилди, аммо ютуқлар анча камтарона.
Иқтисод ўсишда давом этган, аммо унинг даромадлари тақсимоти тенг бўлмаган. Қозоғистон ҳануз хом ашё экспорти, Хитойдаги талаб ва Россиядаги вазиятга қарам.
Бу қарамликни жаҳон молиявий инқирози ҳам яхши намойиш қилди: нефть нархлари қулаши ортидан 2009 йилда тенге қадрсизланди. Сўнгра Қрим аннексияси сабаб Россияга қарши киритилган санкциялар рублни қулатар экан, унга қўшилиб тенге яна қадрсизланди.
Айни дамда коррупция гуркираяпти. Назарбоев ўзининг илк Қозоғистон-2020 дастурида мамлакатни энг коррупциясиз учта давлат сафига олиб чиқишни ваъда қилганди. Аммо Transparency International рейтингида мамлакат Танзания, Ҳиндистон ва Марокашдан ҳам ортда, 180 давлатдан 94-си бўлиб қоляпти.
Ўзгаришлар вақти етганини экспертлар ҳали бир неча йил аввал айтишганди, ва Назарбоев президентлик курсисини Тўқаевга бўшатиб берганида, баъзилар бу меросхўрни «ижтимоий камикадзе» деб аташди. Улар Назарбоев машаққатли ислоҳотларни ўтқазиш учун шу болакайни топишди, деб айтишганди.
Икки ярим йил ўтди, улардан икки йил ковид остида. Пандемия ижтимоий таъминот ва соғлиқни сақлаш тизимидаги тизимли муаммоларни фош этди, мурватлар эса яна қаттиқроқ буралди. Бунинг оқибатида инсонлар тафаккуридаги норозилик ҳисси янада кучайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















