Қозоғистон: Энди президент Тоқаев кучаядими? Qozog‘iston dunyo yangiliklar

Нурсултон Назарбоев

Сурат манбаси, Anadolu Agency

Сурат тагсўзи, Қозоғистоннинг собиқ биринчи президенти ҳар икки қарори ортидан ҳам мамлакатдаги қудратли Хавфсизлик Кенгаши раиси лавозимида қолган

Нурсултон Назарбоев бошқарувдаги "Нур Отан" партияси лидерлигидан ҳам кетди. Элбоши ўзининг бу вазифасини ҳам Қасим-Жомарт Тоқаевга топширди.

Tengrinews.kz нашрининг ёзишича, кеча партия сиёсий кенгашининг йиғини бўлиб ўтган.

Мустақил Қозоғистоннинг собиқ биринчи президенти худди шу йиғин чоғида ўз қарори сабабини очиқлаган.

Буни "партияни мамлакат президенти бошқариши лозим", деган қараши билан изоҳлаган.

Энди эса, "Нур Отан" навбатдаги конгресси чоғида Қасим-Жомарт Тоқаевни ўзининг янги лидери этиб сайлаб олиши керак бўлади.

Алоқадор мавзулар:

Элбоши

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев

Сурат манбаси, official

Қозоғистоннинг Элбошиси ҳозир 81 ёшда.

У Марказий Осиёнинг энг узоқ қудратда қолган ҳозирча ягона президенти бўлади.

Собиқларининг орасида эса, энг кексаси саналади.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган.

Қозоғистондаги жами беш президент сайловида кетма-кет ғалаба қозонган.

Аммо 2019 йилнинг март ойида, навбатдаги сайловга йил қолганида кутилмаганда истеъфога чиқишга қарор қилган.

Элбоши ўзининг ўрнига айнан Қасим-Жомарт Тоқаевнинг номзодини илгари сурган.

Алал-оқибат, давлат раҳбари вазифасини бажариш ўша пайтда Сенат раиси бўлган Тоқаевга юклатилган.

Ўшанда унинг бу қарори кўпчилик учун кутилмаган бўлган, Нурсултон Назарбоевни ўз ихтиёри билан президентликдан кетган илк Марказий Осиё давлати лидерига айлантирган.

Аммо Элбоши ўзида бошқарувдаги "Нур-Отан" партияси лидерлиги ва мамлакатдаги қудратли Хавфсизлик Кенгаши раислигини сақлаб қолганди.

Ҳозирча сўнггиси

Қосим-Жўмарт Тўқаев

Сурат манбаси, Alexander Shcherbak

Қозоғистоннинг собиқ биринчи президенти ҳар икки қарори ортидан ҳам Хавфсизлик Кенгаши раислигини ҳалича ҳеч кимга топширмаган.

Унинг воизи ва "Нур Отан" партияси лидерининг муовини Нурсултон Назарбоевнинг сўнгги истеъфоси сабабини Қозоғистондаги қудрат трансферининг мантиқий давоми экани билан изоҳлашган.

Tengrinews.kz интернет нашрининг сиёсий таҳлилчи Газиз Абишевдан келтирган иқтибосига таянилса, бўлажак янги вазифаси Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъсирини янада кучайтиради.

Бошқарувдаги партиясининг сўнгги мажлисида Нурсултон Назарбоев Қозоғистон келажакда амал қилиши керак бўлган "давлатчиликнинг етти устуни"ни ҳам бирма-бир тилга олган.

Элбоши ўзи кўзда тутган асосий тамойиллар сифатида мустақиллик, бирлик, тотувлик, ҳудудий яхлитлик, оилавий анъаналар, миллий маданият, билим, меҳнатсеварлик ва ниҳоят, прагматизмни тилга олган.

Мухолифлари уни яккаҳокимликда танқид қилиб келишган.

Қозоғистон

МДҲ давлатлари президентлари

Сурат манбаси, GETTYIMAGES/ALEXEI NIKOLSKY

Қозоғистоннинг ҳудуди Ғарбий Европаникига тенг.

Қозоғистон сиёсий доираларда Ўзбекистоннинг минтақадаги анъанавий иттифоқчиси ва "зимдан рақиби" сифатида ҳам кўриб келинади.

Бу икки қўшни давлатнинг минтақада лидерликка интилиши, йилларки, аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг эътиборларини ўзига тортиб келаётган воқеълик бўлади.

Қозоғистон Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг табиий энергия заҳираларига бой иккита давлатидан биттаси саналади.

Марказий Осиёда иқтисоди энг ривожлангани сифатида кўрилади.

Назарбоев Қозоғистон нефтидан олинган даромадлар воситасида мамлакатни постсовет ҳудудидаги энг фаровон давлатлардан бирига айлантиришга муваффақ бўлган.

Четда меҳнат муҳожирлигида банд энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари яқин-яқингача ҳам Россиядан кейин Қозоғистоннинг ҳисобига тўғри келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek