Дунё: Назарбоев набираси Лондонда полициячига ҳужум қилгани учун ҳукм этилди

Сурат манбаси, Aisultan Nazarbayev`s Facebook page
Қозоғистон биринчи президентининг 30 ёшли набираси Ойсултон Назарбоев Лондонда полиция ходимига ҳужум қилгани учун шартли жазога маҳкум этилди.
Ҳукм синов муддати, гиёҳвандликдан муолажа, жамоат иши ва жаримани ўз ичига олади.
Назарбоев наркотик моддалар таъсири остида полициячиларга қаршилик қилиш, уриш ва улардан бирини тишлаб олишда айбдор деб топилган.
Терговнинг айтишича, полиция зобити қўлидан "кўп қон оққан" ва тишнинг чуқур изи қолган.
Ҳукмга биноан 18 ойлик синов муддати берилган. Агар ушбу муддатда Ойсултон қонунни бузса, шартли ҳукм ҳақиқийга айланади.
Бундан ташқари, Назарбоев 140 соатлик жамоат ишини бажариши, 20 сеанс мажбурий гиёҳванддан даволаниши, шунингдек, 1000 фунт ($1288) миқдорида жарима тўлаши ва 5000 ($6441) фунтлик зарарни қоплаши керак бўлади.
Ойсултон Назарбоев Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға ва марҳум собиқ куёви Роҳат Алиевларнинг фарзанди.
У Сандхерстдаги (Британия) Қироллик ҳарбий академиясини битирган ва Қозоғистон мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси штатига киритилган.
Нима бўлган эди?
Суд ҳужжатларида айтилишича, Ойсултогн Назарбоев жорий йилнинг 3 июнида Лондон марказидаги меҳмонхоналардан бирида жанжал чиқаради.
У бино айвонига югуриб чиқиб, ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қилади.
Меҳмонхона маъмурияти полиция чақиради.
5 июнда худди шунга ўхшаш ҳодиса Лондон марказидаги Тависток-стритдаги уйда такрорланади.
Назарбоев айвонга чиқиб олиб, нимадир деб бақиради.
Қўшнилари уни террорчи деб ўйлаб, полиция чақиришади.
Ҳимоя томонининг фикрича, Ойсултон "Аллоҳ" деб чақириш билан ёрдам сўрамоқчи бўлган.
Терговнинг маълумотларига кўра, Назарбоев Ксения Шевелева исмли қизнинг хонадонига кириб борган. Шевелеванинг айтишича, у Назарбоевни танимайди. Кўринишидан, Ойсултон унинг уйига айвон орқали кирган. Хонадон ичидаги мебел ва бошқа жиҳозларга зарар етган.
Шевелева ўз столидаги қутидан Назарбоевнинг паспорти ва кармонини топган, кир ювиш машинасида эса унинг кийимлари топилган.
Уй ва жиҳозларга етказилган зарарни у 5 минг фунтга баҳолаган.
Ўзининг айтишича, у ҳодисадан кейин яхши ухлолмайдиган ва қўрқадиган бўлиб қолган.
Кейинроқ суд жараёнида маълум бўлишича, Ойсултон Назарбоев уй томига чиқиб, у ердан бошқа аёлнинг айвонига сакраган. У аёл эса, полицияни чақирган.
Полициячи ҳодиса жойига бир ўзи етиб келган ва Назарбоевнинг бегона хонадонга киришдан тўхтатмоқчи бўлган.
Судда Назарбоевни ушлашга ҳаракат қилган полиция ходимининг камерасига ёзилган тасвирлар намойиш қилинган.
Тасвирларда полициячи Назарбоевга полга ётиш ва қимирламасликни буюргани кўринади. Назарбоев қулоқ солмаган ва полициячи томонга юрган. Полиция ходими тўрт марта электрошокер қўллаган.
Қайсидир лаҳзада Назарбоев электрошокернинг қувват бериб турган қисмини узиб олиб, полициячига ҳужум қилган.
Ҳодисанинг бу лаҳзалари видеода унчалик яхши кўринмайди, аммо полиция ходимининг қўлидан қон оқиб турганини аниқ-таниқ кўриш мумкин.
Шундан кейин ёрдам етиб келган ва Назарбоев қўлга олинган.
Полиция маълумотларига кўра, Қозоғистон раҳбарининг набираси 53 дақиқа мобайнида полициячига қаршилик қилиб турган.
2007 йилда Ойсултон Қозоғистондаги тунги клубда муштлашгани учун полиция томонидан огоҳлантирилган.
Бу ҳодисадан ташқари у ҳақдаги тавсиф, асосан, ижобий.

Сурат манбаси, Anatoli Ustinenko/TASS
'Қозоғистон ҳукуматидан қўнғироқ'
Айблов томонига кўра, Қозоғистон томони ишни ёпди-ёпди қилишга уринган.
Прокурорнинг сўзларига кўра, полицияга "Қозоғистон ҳукумати вакили"дан қўнғироқ бўлган.
Вакил "Назарбоевлар оиласини шарманда қилмаслик учун" музокара таклиф этган, аммо полиция ходимлари "мулоқотга киришишдан бош тортганлар".
Ойсултон Назарбоевнинг паспорти олиб қўйилган.
Терговнинг айтишича, Назарбоев кокаин истеъмол қилган.
Суд унинг наркотиклар таъсирида бўлганини инобатга олган.
Назарбоевнинг ўзи ҳозирча Би-би-сига гапиришдан бош тортди, ммо унинг адвокати Би-би-си билан суҳбатда ҳукмдан енгил тортгани, Назарбоев ўтган вақт мобайнида ҳодисадан тегишли хулоса чиқаргани ва бутунлай бошқа одамга айланганини айтди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












