Тоқаев Назарбоев одамларини четлатиб ўзига содиқларни келтирмоқдами? Qozog'iston Dunyo Yangiliklar

Қозоғистон Президенти Тоқаев

Сурат манбаси, Reuters

Қозоғистондаги вазият халқаро оммавий ахборот воситалари марказида қолмоқда, Президент Тоқаевнинг сўнгги қарорлари нимани англатиши мумкинлиги таҳлил этилмоқда.

Шундай таҳлиллардан бири Eurasianet веб-сайтида эълон қилинди.

"Қозоғистон тушунтируви: Тоқаев назоратни қайтариб олишга ҳаракат қилар экан, ким келдию ким кетди?" деб номланади мақола.

Eurasianet веб-сайтида ёзишича, Аскар Маминнинг Қозоғистон бош вазири лавозимидан четлатилгани кўп диққатни ўзига жалб этди, бироқ Тоқаевнинг қудратли хавфсизлик идораси раҳбари Карим Масимовни ишдан олганининг аҳамияти муҳимроқдир.

"Карим Масимов Қозоғистон сиёсатида узоқ йиллардан буён оғир вазнга эга сиёсатчидир. Унинг кетказилиши элита сиёсатида катта бурилишни англатади", деб ёзади Eurasianet.

"Тоқаев ушбу нозик паллада хавфсизлик соҳаси Назарбоев ва унинг қирғийкўз иттифоқчилари эмас, ўзига содиқ одам қўлида бўлишини исташи аниқ. Масимов эса Назарбоевга содиқ сифатида танилган, икки марта бош вазирликни эгаллаган: 2007 йилдан 2012 йилгача ва 2014 йилдан 2016 йилгача. У Назарбоев маъмуриятининг раҳбари сифатида хизмат қилган, жосуслик хизматини 2016 йилдан буён бошқариб келаётганди", деб ёзади таҳлилий сайт.

"Тоқаевнинг Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти қўшинларини олиб келгани унинг мамлакатдаги ички рақиблари даврасида ўз мавқеъини мустаҳкамлаш йўли ҳам бўлиши мумкин" дея тахмин қилади Eurasianet.

Аслида Тоқаев Масимовни ўзига содиқ одамга алмаштирди. У президент хавфсизлигини ишониб топширган Ермек Сағимбаевни танлади. Сағимбаевни Тоқаев Назарбоевдан мерос қилиб олмаган, уни ўзи ўтган йили шу лавозимга тайинлаган эди, деб ёзади Eurasianet.

Аскар Маминнинг бош вазир лавозимидан четлатилиши норози намойишчилар талабини қондиришга уриниш бўлди. Намойишчилар бир бош вазирни бошқасига алмаштиришни эмас, бутун тизимни демократлаштиришни талаб қилиб чиқдилар.

Лекин бугун Тоқаев Назарбоев мерос қилиб қолдирган бош вазир эмас, ўзи тайинлаган бош вазир билан ишламоқда. Мамин Назарбоев истеъфога кетишидан олдин лавозимига қўйилган, сўнг уни Тоқаев қайта тайинлаган ва шунинг учун ҳам Назарбоев одами деб кўриб келинарди, дейилади мақолада.

Қозрғистоннинг муваққат бош вазири Алихан Смаилов бунгача қатор юқори лавозимларни эгаллаб келган бўлса-да, сиёсий оғир вазнга эга шахс сифатида кўринмайди.

Алихан Смаилов бунгача молия вазири ва Назарбоевнинг маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган, дейилади Eurasianet эълон қилган мақолада.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek