Путин ва Марказий Осиё: Тоқаев Путинни хафа қилдими? Rossiya Qozog'iston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Петр Козлов
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Қозоғистон Президенти Путиннинг юзига дангал гапирди. Тоқаев Донецк ва Луганск мустақиллигини дастакламасликларини баён қилди. Бу икки бўлгинчи минтақани "квази-давлат", деб атади. Баъзи шарҳловчилар қозоқ раҳбарининг бу жасоратига қойил қолди. Бошқалари эса, Москванинг бу "дангаллик"ка қандай жавоб қайтаришидан хавотирда. Путин энди нима қиларкин?
Украинанинг икки бўлгинчи минтақаси "Россия Давоси"даги жонли эфирида ўзини мустақил, деб эълон қилган, Россия томонидан расман ва ошкора тан олинган.
Алоқадор мавзулар:
Би-би-си Рус хизмати бу нима эканлиги ва нимага айланиши мумкинлигига қизиқди.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Би-би-си Рус хизмати экспертлари, жумладан, халқаро муносабатлар ва Россиянинг Марказий Осиё билан алоқалари бўйича мутахассислар, Қозоғистоннинг собиқ юқори мартабали амалдорлари Россиядан кескин қадамлар кутмаслик керак, деган фикрга қўшиладилар - агар Владимир Путин Тоқаевнинг баёнотига муносабат билдирмаса.
Бунинг эҳтимоли паст, аммо экспертларнинг ҳеч бири Россиянинг кутилмаганда Украинага бостириб кирганини ҳисобга олиб, ишонч билан гапиришга ботина олмайди. Украинага босқин бўлишига экспертларнинг аксарияти ишонмаганди.
Тоқаев Путинни хафа қилдими?
Андрей Кортунов, Россия халқаро алоқалар кенгаши раҳбари:
"Менимча, бу кутилган эди. Яъни, Кремль Қозоғистоннинг бу масала бўйича қандай позицияни эгаллашини олдиндан билиши керак эди. Умуман олганда, бу катта сюрприз бўлмади, деб умид қиламан. Лекин, албатта, бу ҳолат Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида ва КХШТ доирасидаги келажакдаги муносабатларга ҳам таъсир қилиши мумкин бўлган кучли баёнот.
Темур Умаров, Марказий Осиё бўйича мутахассис, Москвадаги Карнеги марказининг собиқ ходими:
"Тоқаевнинг айтганлари кутилмаган эмас. Лекин у қаерда ва қандай айтгани мени ҳайратда қолдирди. Қозоғистон анчадан бери шу позицияни эгаллаб келмоқда. Тайванни ҳам, Абхазияни ҳам, Жанубий Осетияни ҳам, Қримни ҳам аввал тан олмаган. Назарбоев даврида ҳам шу кузатилган эди. Қозоғистон Россиянинг шундай йўл тутган ягона иттифоқчиси эмас.
Иккита вариант бўлиши мумкин. Агар Москва рационал мантиқ асосида қарорлар қабул қилса, Россиядан жавоб санкциялари бўлмайди. Қозоғистон ҳозир керак ва унга босим ўтказишга асос йўқ. Қозоғистон, яхши маънода, энди Россия учун санкциялардан қочишда дарвозага айланиши керак.
Бу Қозоғистон учун ҳам фойдали бўлиши ва халқаро ҳамжамиятга кўринмаслиги, ва бу озми-кўпми қонуний кулранг схемалар билан содир бўлиши ва Россия учун яхши бўлиши учун керак. Бундай вазиятда Қозоғистонга босим қилиш ўз оёғингизга отишдир. Аммо агар Путин ҳиссиётлар билан қарор қабул қилса ва ПМЭФ саҳнасида у хафа бўлган бўлса, кейин қандайдир санкциялар қўйилса, ҳайрон бўлмайман".
Раҳим Ошакбоев, Қозоғистон амалий тадқиқотлар маркази раҳбари:
"Қозоғистоннинг ДХР ва ЛХР бўйича расмий позицияси аввал ҳам билдирилган. Балки унчалик акс-садо бермагандир. Балки у айтилган жой, вақт ва контекст резонанс қўшгандир. Лекин аслида бу ҳеч нарсани ўзгартирмади. Эътиборлиси, савол жуда умумий эди, унга умумий жавоб етарли эди, лекин Тоқаев аниқлаштиришга қарор қилди. Бу нима билан боғлиқлигини айта олмайман, лекин кўзга ташланади.
Аммо, агар Қозоғистон Президентининг баёнотларини чуқурроқ таҳлил қилсак, менимча, унинг кейинги баёнотларини ҳам ҳисобга олиш керак. Масалан, Қатар форумида у Россия Қозоғистоннинг ишончли иттифоқчиси эканлигини ва Россия президенти билан яқин алоқада эканлигини айтди. Хўш, Қозоғистоннинг бугунги муносабатлари, мақоми, дипломатик позицияси, назаримда, ҳамма учун тушунарли. Бу маълум даражада бетарафлик ва иштирокчиликдир ва тинчликка чақириш.
Александр Габуев, Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармасининг катта илмий ходими:
"ПМЭФда бундай ўткир кескинликлар олдини олиш мумкин эди. Ахир, саволни Маргарита Симонян берган ва у буни атай берган. Агар у шундай қилмаганида, бу мавзу умуман кўтарилмаслиги мумкин эди. Аммо унга савол берилди, у ҳам тўғридан-тўғри жавоб берди. Аммо Токаев: "Биласизми, уруш жиноятдир, биз бунга қўшилмаймиз, Украинани у ерда йўқ бўлган нацистлардан озод қилиш орқали руслар ва украинларнинг ўлдирилишини қандай оқлай оласиз?» дедими? У бундай демади."
Аркадий Дубнов, сиёсатшунос, Марказий Осиё бўйича эксперт:
"Токаев ким модератор бўлишини олдиндан билар эди ва Симонян бундай турдаги саволларни бериши мумкинлигини олдиндан билмаслиги мумкинмасди. Эътибор беринг, у ДНР ҳақидаги саволнинг фақат бир қисмига жавоб берган, аммо ҳарбий амалиётга муносабат билдирмаган. Ва бу ерда у жуда эҳтиёткор ва дипломатик эди. Чунки агар у ҳақиқатан ҳам ўйлаганини айтганида, бу ҳақиқатан ҳам жанжал бўлар эди. Ва унинг ДНР ҳақида айтганлари бор йўғи ўзи ва вазирлари ифодалаб келган позиция такрорлаш эди.
Россия давлат телевидениеси орқали жонли эфирда намойиш этилган халқаро катта йиғинда Путиннинг юзига айтилгани шов-шувга сабаб бўлди. Ва буни тўхтатиб бўлмасди. Ва бу, умуман олганда, Россиянинг ички пиари нуқтаи назаридан жуда жиддий зарба эди. Россиянинг энг яқин иттифоқчиси бу ишларни ўз номи билан аташга журъат қилди. Аммо осилган одамнинг уйида арқон ҳақида гапира олмайсиз.
Путин айнан шундай баёнотни кутганмиди, буни билмайман. Менимча, у жавобни қизиқиш билан кутаётган эди. Токаев журъат қилди. Ҳеч бўлмаганда шу қисмда. Ва энди сиз у билан яшашингиз керак. Реакция эса Путиннинг бугунги воқеликни қанчалик узоқ идрок этишига боғлиқ бўлади. Ҳар нарса бўлиши мумкин."
Алнур Мусаев, Қозоғистон МХХ собиқ раҳбари, СССР КГБ собиқ ходими:
"Шахсан у билан яқиндан таниш эканман, Тоқаевнинг бу нутқини кўриб, видеодаги юз ифодаларидан у худди аввалдан шу жавобни тайёрлаб олгандек туюлди. Иккинчидан, у Путинга кўз тикиб гапирди, "Тўғри гапиряпманми?" дегандек қаради. Мен шундай кўрдим. Бу савол берилишига аввалдан келишиб олинган деб айта олмайман. Лекин, Тоқаевни билган одам сифатида айтаман, унинг ўзини тутишидан шу сақолга тайёрлангани кўринарди. Ишончим комилки, у айнан шу гапларни айтишга тайёрланган.
Бугун Тоқаевнинг бу нутқи қандайдир демаршдан дарак беради, деб бўлмайди. Қозоғистон раҳбарияти иккита стулда ўтиради, бу барча учинчи дунё мамлакатлари учун ҳам, барча цивилизациялашган мамлакатлар учун ҳам хосдир. Аммо бу МДҲдаги кўпчилик Путин Украинадаги урушни бошловчи сифатида заифлашганини сезган.
Мен у аллақачон оқсоқ ўрдакка айланган дея олмайман. Аммо у иқтисодиётда, ҳарбий, сиёсий ва дипломатик соҳаларда курашда ютқазмоқда. Ва бу белги Тоқаевнинг ПМЭФдаги нутқида аниқ намоён бўлди".
Нима учун Қозоғистон Кремлга Беларус каби содиқ эмас?
2022 йил январь ойида Қозоғистонда тўсатдан оммавий норозилик намойишлари ва погромлар бошланди. Вазият кескинлашди, Қозоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Тоқаевнинг илтимосига кўра КХШТ тинчликпарвар кучлари гуруҳи мамлакатга жойлаштирилди. Расмий равишда Никол Пашинян операцияни бошлашни таклиф қилди. Бироқ Россия КХШТда асосий роль ўйнади ва контингентнинг асосини Россия ҳарбийлари ташкил этди.
Миссия бор-йўғи 10 кун давом этган бўлса да, аксарият экспертлар Россия Тоқаевга ёрдам берганидан сўнг Кремлнинг Қозоғистондаги таъсири сезиларли даражада ошади деган фикрда. Аммо Қозоғистон президенти ўзининг ташқи сиёсатида кўп векторли ёндашувни омма олдида эълон қилишда давом этмоқда.
Александр Габуев:
"Россия, албатта, Тоқаевга ёрдам берди. Лекин Путин ўз манфаатларини ҳам ҳимоя қилди. Чунки Токаев йиқилса, Назарбоевнинг жиянлари коалицияси пайдо бўларди, исломий кайфият ва ҳоказоларни ҳисобга олсак, Россия истамайдиган нарса.
Шунинг учун, ҳа, Россия Токаевни қўллаб-қувватлаган, лекин ўз манфаатларига ҳам мос келадиган қандайдир операцияни амалга оширди. Демак, Токаев ҳозир РОссиядан қарздор ва буни ўташи керак, деб айтиш мумкин эмас. Биз январь ойида Қозоғистон ўзининг кўп векторли сиёсатидан воз кечади ва Россияга бўйсунади, деб тахмин қилгандик.
Тоқаевнинг аҳволи Беларусга қараганда анча яхши, чунки унинг Россияга алоқаси бўлмаган мустақил даромад манбалари бор. Ҳа, албатта, КТК Россия орқали ўтади. Лекин Россиядан мустақил тарзда Хитойга ҳам қувур бор.
Қозоғистон мустақиллигидан манфаатдор кучли минтақавий ўйинчилар бор, бу биринчи навбатда Хитой. Қозоғистонга қарши қатъий ҳаракатлар Россия-Хитой муносабатларига катта зарар келтиради. Қозоғистонга қарши Лукашенкога бўлгани каби санкциялар йўқ. Яъни, умуман олганда, улар маневр эркинлигига эга.
Аркадий Дубнов:
"Миннатдорлик мантиғи шундай постсовет менталитети. Биз ҳаммамиз катта оғамиз олдида қарздормиз, тўғрими? Лекин Тоқаев бу вассал қарамликдан чиқиб кетиш учун жуда жиддий қадам ташлади, деб айтган бўлардим. Нима бўлганда ҳам, у Қозоғистон ҳеч ким, КХШТ ва шахсан Путин олдида қарздор эмаслигини, аслида эса ўз аъзолари ҳудудида барқарорликни сақлаш КХШТнинг вазифаси эканини билади. Менимча, у ҳақ.
Ўйлайманки, Токаев ҳам ўзининг, ҳам Қозоғистоннинг қадр-қимматини ҳимоя қилган давлат арбоби эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари, унинг ички аудитория учун ишлаганини ҳам ҳисобга олиш керак, чунки унинг КХШТга мурожаат қилишга мажбур бўлганининг ўзи ҳамон унинг ички рейтингини, обрўсини жуда пасайтиради. Ва у катта оғасидан мустақиллигини кўрсатиши керак эди ва у буни қилди.
Александр Баринов, аввал Москва, Киевда ва мухолифатдаги "Қозоғистон демократик танлови" ҳаракатининг ОАВларида ишлаган журналист:
"2020 йилда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган 85,7 миллион тонна нефтнинг 30,6 фоизи Қозоғистон компаниялари (қўшма корхонадаги улушларни ҳисобга олган ҳолда), 28,7 фоизи Америка, 18,7 фоизи Европа ва 16 фоизи Хитой компанияларига тўғри келади. Chevron, ExxonMobil, Royal Dutch Shell, British Gas, Repsol YPF, CNPC, CITIC Қозоғистонда фаолият юритади. Хитой компаниялари Қозоғистондаги учта нефтни қайта ишлаш заводидан бирини сотиб олган, қолган иккитасини асосан назорат қилади. Бундай ёндашув туфайли Назарбоев иккита бўлмаса ҳам, бир вақтнинг ўзида тўртта стулда ўтириши, АҚШ, Европа, Россия ва Хитой ўртасида маневр қилиши мумкин эди. Тоқаев кейинчалик бу ишни бошлади.
Қозоғистон мунтазам равишда энг юқори трибуналарда инсон ҳуқуқлари ва демократия асосларини оммавий равишда бузишда, тотал коррупцияда айбланади. Бироқ Қозоғистоннинг ҳукмрон элитасининг ҳеч бири жавобгарликка тортилмаган ва Қозоғистонга ҳеч қачон санкция қўлланмаган. Бундай вазиятда Тоқаевга Путиннинг саргузаштларига аралашиб, бутун дунё билан уруш бошлаш керак эмас. Уларда ҳамма нарса яхши - улар мамлакатда ҳокимиятни сақлаб қолишади, пул ишлашади, Қўшма Штатлар, Европа ва Хитой билан дўстлашадилар, катта эҳтимол билан ўзларининг асосий капиталларини ўша ерда сақлайдилар, дунё бўйлаб хотиржам ҳаракат қиладилар ва энг яхши уйлар ва жойларда яшайдилар.
Ҳозир Путин тарафини олиш, Украинадаги урушга, ҳатто билвосита ҳам аралашиш, автоматик тарзда бутун дунё билан жанжаллашиб, санкцияларга тушиб, ҳамма нарсадан айрилиш демакдир".
Темур Умаров:
"Айни дамда Россия ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар энг яхши даражада турибди, агар шундай қолса, яхши бўлади, агар шундай бўлмаса, Россия ҳиссиётли қарорлар қабул қилса, ўз оёғига отади.
Агар Россия ўз позициясини ўтказса, Қозоғистон иккинчи даражали санкциялар остида қолиши аниқ. Агар у Донецк ва Луганскга нисбатан Москванинг позициясини қўллаб-қувватласа ёки қандайдир тарзда Россия ҳарбий тажовузкорлиги ҳақида ноаниқ гапирса, бу мутлақо санкциялар остида қолишимизга ва бу бизни кутилмаган оқибатларга олиб боради.
Қозоғистон январь воқеалари, норозилик намойишлари ва иқтисодий муаммолардан эндигина ўзига келди. Агар Қозоғистонни яккалайдиган санкциялар қўйилса - бундан кейин нима қилиш керак? Бу жуда хавфли, менимча, Қозоғистон бунга тайёр эмас".
Санкцияларни четлаб ўтиш учун орқа эшикми?
Аркадий Дубнов:
"Қозоғистон ўз қадр-қимматини билади ва бугун дунё қандай аҳволдалигини билган ҳолда ўзидан зимдан фойдаланишларига йўл қўйиши даргумон. Қозоғистондан бизнесда воситачи сифатида фойдаланишга жиддий уриниш аниқланиши биланоқ, биз АҚШ бунга қандай муносабат қилишини кўрмоқдамиз.
Агар АҚШ бунга кўз юмса, демак, Қозоғистон улар учун жорий қилинган санкциялардан кўра, унга қандайдир тарзда таъсир ўтказиб, ўз мақсадида фойдаланиш имконияти муҳимроқдир. Бу сиёсий танлов бўлади. Мен бу имкониятни қабул қиламан."
Алнур Мусаев:
"Қозоғистон Бош вазири аллақачон иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, транспорт алмашинувини кучайтириш, товарлар, маҳсулотларни ташиш ҳақида тўғридан-тўғри гапира бошлади. Менимча, Қозоғистон, принципиал жиҳатдан, зимдан санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этади ва аллақачон буни бошлаган. Иккиламчи санкцияларга тушиб қолишдан қўрқса ҳам, лекин Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беради ва ёрдам беришда давом этади. Ва бу ерда Путин ўзининг кучли тутқичини қўйиб юбормайди".
Александр Габуев:
"Қозоғистон турли санкциялар объектига айланишдан жуда қўрқади. Шунинг учун ҳам Тоқаев ҳам, унинг расмийлари ҳам ўз юрисдикциямиздан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга йўл қўймаймиз, деб аниқ баёнотлар беришди. Чегарада нималар бўлаётганини Қозоғистон статистик маълумотлари қай даражада акс эттиради, тушунарсиз.
Агар сиз Россия бўлсангиз, ҳозир энг мантиқий йўл Туркия, Қозоғистон, Хитой орқали санкциялар орқали тақиқланган баъзи товарларни импорт қилишдир. Ростини айтсам, биз бу йўналишда нима содир бўлаётгани ҳақида етарлича яхши тасаввурга эга эмасмиз.
Яъни, бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта бундай устуворликлар мувозанатланиши керак: мустақилликни сақлаб қолиш ва Россиядан узоқлашиш; бошқа томондан, Россиянинг ҳозир қанчалик ҳиссиётга берилгани ва ҳаракатларини олдиндан айтиб бўлмагани боис уни ғазаблантирмаслик. Учинчи томондан - Ғарбни ғазаблантирмаслик. Хўш, бу трилемма ҳозирча, умуман олганда, жуда муваффақиятли ҳал қилинмоқда.
Александр Баринов:
"Мен Ғарбни чалғитиш учун Россия ва Қозоғистон ўртасида «келишувлар» бўлганига шубҳа қиламан. Уларнинг позицияси ва хатти-ҳаракати мотивлари жуда хилма-хил. Тоқаев ва ҳукмрон кланлар тинчликда яшаб, янада бойиб, ҳаёт гаштини суриши учун Қозоғистоннинг ҳозирги мавқеини сақлашдан манфаатдор. Улар Путиннинг дунёни забт этиш ва СССР ёки Россия империясини қайта қуриш ҳақидаги ақлдан озган режаларига бўй бермаслик учун етарлича ақлли.
Лекин санкцияларни четлаб ўтишда Қозоғистон энг фаол иштирок этади, албатта. Фақат фойдали бўлгани учун. Санкцияга киритилган товарлар Қрим аннекция қилинганидан сўнг қисқа вақт ичида Қозоғистон орқали импорт қилина бошлади, эҳтимол Беларусдан кўра кичикроқ миқёсда, чунки бу узоқроқ ва қимматроқ йўл. Ҳозирда санкциялар анча қаттиқлашгани боис, Қозоғистон Хитой ва бутун Жануби-Шарқий Осиёдан Россияга барча турдаги технологик жиҳозларни яширин ташиш учун транзит платформага айланиши мумкинлиги аниқ.
Албатта, Қозоғистон раҳбарияти Лукашенко қилгани каби контрабандага қарши курашаётгандек кўрсатади. Аммо сезиларли муваффақиятга эришиб бўлмайди. Бунинг ҳатто объектив сабаблари ҳам бўлади. Россия-Қозоғистон чегарасининг узунлиги 7.5 минг км дан ортиқ бўлиб, бу икки давлат ўртасидаги дунёдаги энг узун узлуксиз қуруқликдаги чегара ҳисобланади. Ва энг муҳими, у деярли қўриқланмайди".
Версиялар ва мумкин бўлган оқибатлар
Кремль манбаси:
"Оқибати борми? Йўқ. Қозоғистон биз учун имкониятлар диёри. Аҳвол шундай қолар экан, улар бошқалар кўзига бетарафлигини сақлаб қолади".
Александр Габуев:
"Россияда ҳозир бундай ресурслар йўқ - қўпол қилиб айтганда, Шимолий Қозоғистонга десантчилар дивизиясини ташлаб, у ерда яна уруш бошлаш учун ҳарбий хизматчиларни қаердан олади. Бмшоқ қилиб айтганда, Украинадаги аҳвол ҳам режадагидек эмас. Қозоғистонда иккинчи фронт очиш Хитойни ғазаблантиради.
Хўш, аслида жуда кўп самарали воситалар мавжуд эмас. Ва бу ҳолатда Қозоғистон ўзининг Россия билан тўғри келмайдиган миллий манфаатларини ҳимоя қилаётгани учун, бунга хотиржам муносабатда бўлиш анча осон бўлади".
Алнур Мусаев:
"Энди Украина бу тажовузкор таъсирнинг барчасини ўзига олди. Албатта, Россияда бошқа жабҳалар очиш учун етарли куч ва воситалар йўқ. Лекин Қозоғистонга шимолий ҳудудларни эгаллаб олиш ва бошқа барча таҳдидлар йиллар давомида давом этмоқда, табиийки, яна бўлади Лекин, менинг фикримча, шимолий ҳудудларни тортиб олиш Россия учун муаммо эмас. Бизнинг аҳолимиз, Қозоғистон халқида миллатчилик туйғулари мавжуд бўлса да, принципиал жиҳатдан жуда инерт.
Ўз тажрибамдан шуни аниқ биламанки, бизнинг Қозоғистон куч тузилмалари - Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, КНБ - барчаси Россиянинг қўли остида. Бу eрда, афсуски, ҳеч нарса қилиш мумкин эмас. Масалан, Мудофаа вазири Россияда узоқ вақт ўқиган, россияпараст. Қозоғистон куч тузилмалари ходимлари, ҳатто Тоқаевнинг кайфиятидан қатъи назар, принципиал жиҳатдан Россия тузилмалари томонида бўлишга, Россия сиёсатини қўллаб-қувватлашга мойил.
Иккинчи катта бундай омил - МДҲ мамлакатларида хавфсизлик идораларининг яқин давлатлараро тузилмалари мавжуд: Ички ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши. Мен ўзим уларда қатнашганман, ишлаганман, бу тузилмаларнинг барчаси Россиянинг собиқ иттифоқ ҳудудидаги хавфсизлик сиёсатини илгари суришга қаратилган."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















