Тоқаев нимани ёқтирмайди ёки Шавкат Мирзиёев феномени - Ўзбекистон, минтақа ва президентлар - O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images
Тоқаев нимани ёқтирмайди ёки Шавкат Мирзиёев феномени - Қозоғистон президентининг айнан нимани ёқтирмаслиги маълум бўлди. Бунга унинг матбуот котиби ойдинлик киритди. Маълум бўлишича, бу бугунги сана - 17 май куни билан боғлиқ экан. Аммо нега?:
17 май президент Қасим Жомарт Тоқаев туғилган кун бўлади.
Қозоғистон президенти эса, айнан таваллуд кунини нишонлашни ёқтирмайди.
Унинг матбуот котиби қатор оммавий-ахборот воситаларининг сўровига жавобан бу масалага расман ойдинлик киритган.
Маълум бўлишича, улар Берик Уалига мурожаат қилишган.
Қозоғистон раҳбари ўзининг туғилган кунини қандай нишонлаши билан қизиқишган.
Берик Уали бу ҳақда президент Тоқаев туғилган куни арафасида - 16 май куни ёзма жавоб билан чиққан.
Бу йил 17 май куни якшанба кунига тўғри келиши, шу боис ҳам Қасим-Жомарт Кемелевич уйдан ишлашини билдирган.
Унинг ёзишича, айни сана билан боғлиқ бирор бир тадбир режаланмаган.
Ҳатто, президент маъмурияти ходимларидан табрик ва совға, деб овора бўлиб ётмасликлари сўралган.
Матбуот котибига кўра, Қозоғистон президенти бу кунни нишонлашни ёқтирмайди.
Унинг маълум қилишича, президентнинг оиласида бу каби одат ҳеч қачон бўлмаган.
На-да ота-она ва на-да фарзандларнинг туғилган кунлари байрам қилинган.
Аммо матбуот котиби қўшни давлатлар раҳбарларининг телефон орқали Қасим-Жомарт Кемелевични таваллуд куни билан табриклашлари эҳтимолини назардан соқит этмаган.
Берик Уалининг ёзишича, аллақачон давлат, ҳукумат, парламент ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табрик телеграммалари келишни бошлаган ва келишда давом этмоқда.
Бугун маҳаллий вақт билан тушга яқин Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қасим-Жомарт Тоқаевга қўнғироқ қилган. Туғилган куни билан табриклаган.
Кўрилишича, таваллуд куни баҳона икки қўшни давлат президентлари Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокат масаласига ҳам яна қайтишган.
"Фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик ва амалга оширилаётган ишларни алоҳида мамнуният билан қайд этишган".

Сурат манбаси, official
Минтақа давлатлари орасидан эса, шу пайтгача айнан мустақил Қозоғистоннинг биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев таваллуд кунининг байрам қилиниши ўзининг ўзгачалиги билан алоҳида ажралиб турган.
Назарбоев туғилган кун - 6 июль Қозоғистонда Остона (ҳозирда Нур-Султон - таҳр.) куни сифатида кенг нишонланган.
Бу куннинг мавзуси ҳар йил ҳукумат томонидан белгиланган ва тадбирларнинг асосий мазмуни президентни улуғлаш бўлган.
Мазкур сана доирасидаги тадбирлар одамлардан сир тутилмаган, ҳар йил кенг кенг ёритиб келинган.
Ўтган йил март ойида Нурсултон Назарбоев ўз ихтиёри билан президентликдан истеъфо беришга қарор қиларкан, унинг ўрнини Қасим Жомарт Тоқаев эгаллаган.
Амалдаги муваққат президент экан, сайловда мутлақ ғалаба қозонгани эълон қилинган.
Элбоши бўлиб қолган Нурсултон Назарбоев эса, ўзининг бу каби кутилмаган қарори билан Марказий Осиё тарихига кирган биринчи президентга айланган.
Устига устак, Тоқаевнинг бу йилги таваллуд айёми глобал коронавирус пандемияси ҳануз аримаган ва Рамазон ойининг сўнгги ҳафтасига тўғри келган.
Қозоғистон ҳозир ҳам энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилаётган минтақа давлати бўлиб турибди.
Мамлакатда ҳозирга келиб коронавирусга чалинганлар сони расман 6 минг кишидан ортган.
Куни-кеча Қозоғистон Сенати унинг фавқулодда вазиятларда ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини ҳам маъқуллаган.
Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё президентлари орасидан ниқобини юздан қўймаслиги билан энг кўп диққат-эътиборни тортгани бўлади.
Унинг рўза тутган-тутмагани маълум эмас. Аммо унинг орада намоз ўқиши кўрилган.
Янгиликлар: Мирзиёев мукофотлансин, президент кучаядиган ва Путин, раҳмат
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шавкат Мирзиёев феномени
Ўзбекистон президентининг таваллуд куни ўтган йил ижтимоий мулоқот тармоқларини қизитган мавзулардан бирига айланган. Ўшанда Мирзиёев 62 ёшни қаршилаган.
Шавкат Мирзиёев 24 июль куни туғилган бўлса, унинг таваллуд санаси 23 июль куни маҳаллий вақт билан ярим тунга яқин ижтимоий мулоқот тармоқларининг диққат-эътиборига тушган.
Трендни президент Мирзиёевнинг кичик қизи, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева бошлаб берган.
У ўзининг расмий Instagram аккаунтида Шавкат Мирзиёевнинг суратини жойлаб, "Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, муҳтарам Президент!", - деб ёзиб қолдирган.
Худди шу сурат ва тилакни Шаҳноза Мирзиёева билан бир вақтда унинг турмуш ўртоғи, Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари, Ўзбекистон Триатлон Федерацияси раиси Отабек Умаров ҳам бўлишган.
Улардан саноқли соатлар ўтиб, Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна ҳам ўзининг Instagram ва Facebook даги саҳифаларида худди шу постни жойлаган.
Худди шу постлар манзарасида Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни айни шу агентлик директори, президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.
Комил Алламжонов Мирзиёевнинг фарқли суратини ўзининг Facebook саҳифасига жойлаб, "Таваллуд кунингиз билан, менинг Президентим!", - деб ёзиб қолдирган.
Сизни Аллоҳ асрасин ёки айтган гаплари амалида бўлиб юрсинлар...

Сурат манбаси, official
Орада кечган вақт давомида уларнинг сафларига қўшилган ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларининг ҳам сонлари оз бўлмаган.
Ижтимоий мулоқот тармоқларида Ўзбекистон президентини туғилган куни билан табриклаганлар орасида журналистлар, фаоллар ҳам кўзга ташланишган.
Улардан айримлари айни сана баҳона ўз таҳлил ва баҳоларида, гўёки, президент Шавкат Мирзиёевнинг қарийб уч йиллик фаолиятини сарҳисоб қилишган.
Сарҳисоблари баҳона Ўзбекистондаги ўзгаришларни ўз шахсий тажрибалари, ҳис-кечинмалари билан ҳам ифодалашга ҳаракат қилишган.
Президент яқинларининг расмий табрик постлари бўладими ва ёки оддий ўзбекистонликларники, уларнинг ўзи ҳам яна ўнлаб коментларга туртки берган.
Кўпчилик президент Шавкат Мирзиёевга узоқ умр, соғлик-саломатлик, омад тилган.
Табриклар орасида инглиз тилида битилганлари ҳам кўрилган, айримларида президентни «севишлари», «жуда яхши кўришлари» ҳам айтилган.
Худди шу манзарада табриклар орасида газ бўладими, свет, сув ёки Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган, ижтимоий мулоқот тармоқларини «қизитаётган» «снос» каби муаммолар тилга олинганлари ҳам кўрилган.
«Эй, табрик ёзиб нима қиласан, президент барибир ўқимайди», қабилидаги коментлар ҳам кўзга ташланган.
Кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортгани эса, шу пайтгача бир Ўзбекистон президенти таваллуд куни атрофида, таъбир жоиз, бунчалик «кибер шов-шув» ва баҳолар изҳоридаги бу қадар ошкоралик, дадилликнинг кузатилмагани бўлган.
Мазкур ҳолат ўшанда айрим таҳлилчилар томонидан янги Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар, очилишлар ва эркинликларнинг амалий нишонаси сифатида ҳам талқин этилган.
Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги эса, ҳатто, "Янгиланаётган Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев феномени", номли таҳлилий жамланма мақола билан чиққан.
Ундан Ўзбекистон халқ шоиридан тортиб, Ўзбекистон Фан арбоби, академик ва қатор жамғармалар раисларининг бу хусусдаги фикр-мулоҳазалари жой олган, ўзининг ифодасини топган.
Қиёс учун айтилганда, Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ бошқарган эса-да, президент Ислом Каримовнинг туғилган санаси мамлакатда ҳам, ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам деярли «сезилмаган».
Ҳатто, қанчалик шов-шувсиз кечиши мазмунида ҳам журналистлар диққат-эътиборини тортган мавзулардан бири бўлгани кўрилган.

Сурат манбаси, Getty Images

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














