Янгиликлар: Мирзиёев мукофотлансин, президент кучаядиган ва Путин, раҳмат - Ўзбекистон, O'zbekiston

Сурат манбаси, official
Янгиликлар: Мирзиёев мукофотлансин, президент кучаядиган ва Путин, раҳмат - пандемия ва президентлар. Минтақада нима гап? - bbcuzbek.com нинг ҳафталик дайжести.
Ўзбекистон:
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Тожикистон қаҳрамони унвони берилсин.
Тожикистонлик етмиш ёшли ғаллакор отахон ана шундай таклиф билан чиққан.
Ҳожи Муҳаммадисо отанинг айтишича, Ўзбекистонда Мирзиёев қудратга келиши ортидан ўзаро алоқалар тубдан ўзгарган, яхшиланган.
Мирзиёевнинг Тожикистон билан ҳам яхши қўшничилик сиёсатини икки халқ ҳам бирданига қўллаган.
Мирзиёев Эмомали Раҳмон билан бирга узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган ҳамма муаммоларни ҳал қилган.
Устига устак, Ўзбекистон коронавирусга қарши курашида Тожикистонга энг кўп ёрдам бераётган давлат бўлиб турибди.
Шундай экан, Ўзбекистон раҳбари бу мукофотга лойиқ, деб айтган у киши "Азия-Плюс" интернет нашрига.
Тожикистон Президенти эса, Ўзбекистонга 2018 йилги ташрифи чоғида "Эл-юрт ҳурмати ордени" билан тақдирланган.
Тожикистон Каримов даври Ўзбекистони сув юзасидан ҳатто уруш ёқасига бориб қолган минтақа давлати эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қозоғистон:

Сурат манбаси, official
Қозоғистон Президентининг ваколатлари эса, кенгаядиган - Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси ортидан, Сенати ҳам бу хусусдаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.
Қозоғистондаги президент ваколатлари билан боғлиқ сўнгги тузатишларга глобал коронавирус пандемияси сабаб бўлган.
Айнан пандемия боис, мустақиллиги тарихида илк бор Қозоғистонда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.
Янги қонун лойиҳаси эса, бунга ўхшаш ҳолатларда президентга мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун тезкор чоралар кўриш имкониятини беради.
Сенатнинг қарори билан боғлиқ сўнгги янгилик эса, Қозоғистонга фавқулодда ҳолат режими бекор қилинишидан уч кун ўтиб олинган.
Фавқулодда ҳолат вазиятларида президентга қўшимча ваколатлар берувчи бу каби ўзгартиришлар ҳозирча коронавирус расман қайд этилган қолган бирор бир Марказий Осиё давлатида кузатилмаган.
Қозоғистон ҳозир ҳам энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилаётган минтақа давлати бўлиб турибди.
Мамлакатда ҳозирга келиб коронавирусга чалинганлар сони расман беш ярим минг кишидан ортган.
Қозоғистондан олинган хабарларга кўра, расмий Нур-Султон карантин чораларини босқичма-босқич юмшатаркан, энди масжидлар эшикларини ҳам очмоқчи.
18 майдан бошлаб намозхонларнинг қисман масжидларга қайтишларига изн бермоқчи.
Ҳозирча коронавирус расман қайд этилган қолган бирор бир Марказий Осиё давлати бу каби янгилик билан чиқмаган.
Бу йилги Рамазон Ҳайитининг 24 май кунига тўғри келиши кутилмоқда.
Туркманистон:

Сурат манбаси, official
Туркманистон Президенти эса, Россия Президенти Владимир Путинга туҳфаси учун раҳмат айтган.
Маълум бўлишича, Путин Ғалаба куни муносабати билан Бердимуҳаммедовга унинг бобоси жанг қилган полкнинг жанговар байроғини юборган.
Байроққа қўшиб, Туркманистонга юқори мартабали ҳайъатини ҳам жўнатган.
Бердимуҳаммедовнинг миннатдорлик сўзлари 12 май кунги телефон мулоқоти чоғида янграган.
Икки президент сал кечикиб бўлса-да, бир-бирларини 75 йиллик сана билан ҳам қутлашган.
Глобал коронавирус пандемияси манзарасида Туркманистон дунёнинг Ғалаба парадини уюштирган саноқли давлатларидан бири бўлган.
Устига устак, бунақаси шу пайтгача мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмагани билан ҳам хос эътибор тортган.
Расмий Ашхободнинг билдиришича, коронавирус масаласи ҳам мулоқот чоғида бир четда қолмаган.
Бердимуҳаммедов кўпгина тест-тизимини тезда етказиб берганликлари учун ҳам Путинга раҳмат айтган.
Пандемияга қарши туриш учун кенг қамровли қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини ҳам илгари сурган.
Туркманистон жорий пайтда дунёнинг коронавирус қайд этилмаган саноқли, минтақанинг эса, ягона давлати бўлиб турибди.
Худди шу манзарада айрим Ғарб нашрларида яна Туркманистондаги коронавирус ҳолларига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Расмий Ашхобод ҳозирча уларга расман бирор бир муносабат билдирмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















