Ўзбекистон: Мирзиёев Алишер Усмоновнинг пулларини тарқатишни бошлади – O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Ҳовлиси сув остида қолган сардобаликлар кўп қаватли уйларга кўчирилишдан хавотир билдиришган

Сув тошқинидан зарар кўрган сардобаликларга Президент номидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, маиший техника жиҳозлари топширилади.

Бу ёрдам ичида Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар ҳам бор.

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда. Аввалроқ Мирзиёев Усмоновнинг пуллари аҳолига тенг тақсимланишини айтган эди.

"Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.

Ватандошимиз Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шунга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган", дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ Қозоғистон томони Усмонов ажратган 5 миллион доллар маблағни тошқиндан жабр кўрган аҳолига тарқатиб бергани хабар қилинган.

Ҳовлилар бузилмайди

Пайшанба куни Мирзиёев сув тошқинидан зарар кўрган Сардобага сафар қилиб, у ердаги аҳоли вакиллари билан учрашган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

У сардобаликларни ҳовлилари бузилмаслиги ва давлат уйларни текинга таъмирлаб ва қуриб беришига ишонтирган.

Давлат раҳбарига кўра, "уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади".

"Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади" - деб айтган Президент.

13 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга сардобаликларга берган ёрдами учун миннатдорчилик билдирган ва у берган 10 миллион доллар миқдоридаги маблағ "яқин кунларда "Сардоба" сув омбори бузилишидан жабрланган аҳолига тенг қийматда бўлиб берилишини" айтган эди.

Land Cruiser орзусидаги вазирлик

Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги фармойиши лойиҳасидаги бандга нисбатан норозилик билдириб чиққан.

Вазирликка кўра, ушбу лойиҳада Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Land Cruiser 200 русумли автомашинаси харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан тўғри шартнома асосида амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.

Toyota

Сурат манбаси, Toyota

Молия вазирлиги ўз баёнотида бу ҳолат давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, маблағлардан оқилона фойдаланиш принципларига зид эканини кўрсатиб ўтган.

Хабар қилинишича, мазкур русумдаги автомашинанинг Ўзбекистондаги расмий нархи қарийб 1,5 миллиард сўмдан бошланади.

Фаол блогерлар Молия вазирлигининг ушбу баёнотини қўллаб чиққанлар.

ССВ шифокорни шифокорни ҳимоя қилиб чиқди

Аввалроқ, Самарқандда шифокор 34 кишига коронавирус юқишига сабаб бўлгани ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Хабарларда шифокор тана ҳарорати юқори бўлса ҳам, бу ҳақида маълум қилмай, уй шароитида яширинча даволангани ва ўзи билан мулоқотда бўлганларда вирус юқтиргани айтилади.

Маълум бўлишича, шифокорга нисбатан ЖКнинг 257-1 моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи қисми бўйича жиноий иш очилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса шифокорни ўз ҳимоясига олиб, Бош прокурордан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишни сўрамоқда.

Вазирлик ўз мурожаатида тана ҳарорати ошган бўлса, бу ҳақида шифокорга хабар қилмаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега юзлаб ҳолатларда бу қонун кучидан фойдаланилмаганини савол остига олган.

"Нимага айнан тиббиёт ходимига келганда қонунни бундай талқин қилиш мумкинлиги эсимизга тушиб қолди? Масалан, яқинда самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ҳақида интернетда маълумотлар тарқалган эди. Нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан фойдаланилмади?" дейилади ССВнинг Бош прокурорга мурожаатида.

15 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатлари 2652 тага етган.

BBC

ССВнинг маълум қилишича, янги аниқланган 7 беморнинг 3 нафаридан хориждан келиб, карантинга олинган, қолган 4 бемор ҳам олдиндан карантин муассасаларида кузатувда турган фуқаролар бўлган.

Ҳозирга қадар 2141 инсон соғайган, шифохоналарда 500 бемор даволанишда қолмоқда.

Қайд этилган ўлим ҳолатлари 11 та.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek