Коронавирус кетмайди - Жаҳон соғлиқ ташкилоти

Коронавирус

Сурат манбаси, AFP

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Жаҳон соғлиқ ташкилотининг коронавирусга қарши кураш бўйича махсус вакили Дэвид Набарронинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, эҳтимолки, инсонлар ҳаёти ҳеч қачон Covid-19 пандемиясидан олдинги ҳолатга қайтмайди.

Дэвид Набаррога кўра, инсоният янги воқеъликка кўникиши керак.

"Биз коронавирус таҳдидини камайтириш учун ўз хатти-ҳаракатларимизни ўзгартирамиз. Биламиз, баъзи жойларда бу айниқса, қийин кечади. Аммо биз дам олиш, ишлаш, мулоқот қилиш ва яқинларимиз билан бирга вақт ўтказишни ўрганамиз. Амалда, бу ҳаётимизнинг бир қисмига айланади", деб айтган ЖСТ вакили.

5 йил керак

Дунёда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни назорат остига олиш учун беш йилга яқин вақт керак бўлади.

Financial Times нашри ташкил этган матбуот анжуманида Жаҳон соғлиқ ташкилоти бош директорининг ўринбосари Сумия Сваминатан ана шундай прогноз билан чиққан.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Тўрт-беш йилдан кейин бизда назорат қилиш имкони бўлади, деб айтган бўлардим", деган ЖСТ мулозими.

Унинг сўзларига кўра, аниқ муддат жуда кўп омилларга боғлиқ бўлади.

Жумладан, вирус мутацияга учрайдими, вакцина қанчалик самарали бўлади, карантин чоралари қанчалик қаттиқ ва узоқ давом этиши сингари.

Сваминатаннинг айтишича, вакцинадан умидлар кўп.

Аммо айни пайтда уни ишлаб чиқиш, қўллаш, самарадорлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ кўпгина рисклар бор.

Шунингдек, уни оммавий равишда ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳам муаммо.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқ ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича дастури раҳбари Майк Райан вирус биз билан бир умрга қолиши мумкинлигини истисно қилмайди.

"ВИЧ вируси йўқолиб кетмади. Биз у билан яшаяпмиз, уни муолажа қилиш ва олдини олиш усулларини топдик, одамлар олдингидай қўрқишмайди ва кўпгина ВИЧ вируси юқтирганлар узоқ ва соғлом ҳаёт кечиришмоқда", дейди у.

BBC

14 май тонги ҳолатига дунёда коронавирус юқтирганлар сони 4,4 миллион, вафот этганлар эса қарийб 300 мингни ташкил этмоқда.

Аксилтанача тестлари

Айни пайтда Англияда соғлиқни сақлаш расмийлари коронавирус бўлиб ўтганларни аниқлайдиган тест тизимини маъқуллашган.

Расмийларга кўра, Швейцариянинг Roche фармацевтика ширкати ишлаб чиққан тест "жуда ҳам ижобий силжиш".

Коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Тест чоғида олинадиган қон таҳлилидан мақсад одам вирусга чалинган бўлса, иммунитет шаклланганми ёки йўқлигини аниқлаш.

Ҳозиргача соғлиқни сақлаш расмийлари бу каби тестлар ишончсизлигини айтиб келишган.

Британия ҳукумати қарийб 20 миллион долларлик аксилтанача тестларини сотиб олган, аммо кейинроқ уларнинг бефойдалиги маълум бўлган.

Би-би-си манбаларининг айтишича, Roche ишлаб чиққан тест ҳозирга қадар энг умидбахш натижа кўрсатмоқда.

Коронавирус

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek