Сардоба: Ҳукумат одамларга уй қуриб бермоқчи, лекин муаммо нимада? - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сардоба фожиаси жабрланувчиларига 50 та кўп қаватли уй қуриб берилади, Қозоғистон эса тошқин туфайли уйидан айрилган фуқароларига 1000 дан ортиқ уй қуриб бермоқчи.

Ҳар икки давлат тошқиндан сўнг одамлар ҳаётини қайта тиклаш ишларини бошлаб юборган.

1 май санаси билан эълон қилинган президент Мирзиёевнинг фармойишида Сардоба фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясига жабрланувланувчиларни кўп қаватли уйлар билан таъминлаш ҳақида гап боради.

Президент фармойишида қурилажак уйларнинг сони кўрсатилмаган, аммо Gazeta.uz нашри Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан берилган маълумотларга таяниб, 2020-2021 йиллар давомида тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Оқ олтин ва Мирзабод туманларида 50 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилгани ҳақида ёзган.

Шунингдек, жабрланувчиларга ёрдам қўлини чўзиш доирасида ҳукумат комиссияси зиммасига тошқиндан зарар кўрган инсонларни вақтинча турар-жой, озиқ-овқат, тиббий-руҳий ёрдам билан таъминлаш, аҳолининг уй-жойларига етган зарар кўламини аниқлаш ва уларни қайта тиклаш ишларини йўлга қўйиш вазифаси топширилган.

Сув босган уйда яшаб бўладими?

Президент Мирзиёев 5 май куни тошқин ортидан 90 мингдан зиёд инсонлар хавфсиз ҳудудга кўчирилганини тилга олган.

Бироқ ҳозирга қадар аҳолига тегишли қанча уйга зарар етган, улардан қанча қисми яшаш учун яроқли ёки йўқлиги борасида аниқ сонлар эълон қилинмаган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев зарар кўрган ҳудуд "Обод қишлоқ" дастурига киритилиб, уйлар янгидан қуриб берилишини айтган

Би-би-си ва Ўзбекистоннинг ўзидаги маҳаллий нашрлар билан суҳбатлашган сирдарёликлар уйларга жиддий талафот етганини айтганлар.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ҳам бу шоҳидликларни тасдиқлаб турибди.

Президент фармойишида тегишли мансабдорларга тошқин зарар келтирган туманларда 2020-2021 йилларда кўп қаватли уй қуриш вазифаси топширилгани айтилади. Юқорида таъкидлангандек, Gazeta.uz нашри қуриладиган уйлар сонига аниқлик киритган.

Президент Молия вазирлиги ва Сирдарё вилояти ҳокимига икки ҳафта ичида уйлар қурилиши учун пудрат ташкилотлари ўртасида тендер ўтказиш ва танлов ғолиблари билан шартнома имзолашга кўрсатма берган.

Уйлар қуриш учун давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳамда хорижий кредитлар ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалардан маблағ жалб қилиниши ҳам айтилган.

Фармойишдаги жумлаларга диққат қилинса, янги уйлар фақат тошқин туфайли турар-жойига жиддий зарар етган одамларгагина беғараз тарзда берилиши режалаштирилганини англаш мумкин.

Аммо фармойишда жиддий зарар етган хонадонлар қандай мезонлар асосида аниқланишига ойдинлик киритилмаган.

Маҳаллий нашрлар ва давлат телеканалларида бериб борилаётган хабар ва репортажларда сув остида қолган қишлоқларда кенг кўламли тозалаш ишлари давом этилаётгани, уйларнинг қайта яшаш учун тайёрланаётгани айтилади.

Бундай хабарлар эса кўплаб одамларда бир саволни туғдирган: сув остида қолган уйларда яна яшаб бўладими?

Би-Би-си суҳбатлашган бир неча сирдарёликлар ўзларини шу савол ўйлантираётганини маълум қилдилар.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса уйи тошқиндан зарар кўрган одамларни кўп қаватли уйларга кўчириш муаммонинг тўғри ечими эканини савол остига олмоқдалар.

Уларнинг фикрича, тошқин келган ҳудудларнинг деярли барча аҳолиси, асосан, деҳқончилик ва чорвачилик билан кун кечириб келган.

Агар уйсиз қолган инсонларга кўп қаватли уйлардан бошқа танлов берилмаса, улар шошма-шошарлик билан шакллантирилган шаҳарсимон муҳитга кўникиб кета олмаслиги мумкин.

Шунингдек, фойдаланувчилар маҳаллий ҳокимликлар томонидан "уйига жиддий зарар етмаган", деб ҳисобланиб, кўп қаватли уйлардан хонадон ололмаган инсонларга товон пули тўлаш масаласи ҳануз очиқ қолаётганига ҳам эътибор қаратганлар.

1 май кунги президент фармойишида жабрланувчилар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига 100 миллиард сўм ажратилиши ҳақида сўз боради.

Аммо жабрланувчиларга айнан қай тарзда ва қанча миқдорда моддий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ.

Қозоғистонда нима гап?

Бир вақтнинг ўзида Қозоғистон ҳукумати Сардоба сувидан жабр кўрган ўз фуқароларига ёрдам беришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиққан.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида 900 га яқин аҳоли уйлари сув остида қолгани хабар қилинган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев эса жабрланувчилар учун 1000 дан ортиқ уй қуриб берилишини маълум қилган.

Бу эса Сардоба фожиаси туфайли уйидан айрилган ҳар бир қозоғистонлик янги уйли бўлиши мумкинлигини англатади.

Ҳукумат тошқиндан энг кўп зарар кўрган икки қишлоқ аҳолисига учта танлов берган: янги уйлар қурилаётган бошқа аҳоли масканларига кўчиб бориш, уларнинг уйларини ҳукумат ҳисобидан тиклаб бериш ва уйларни тиклаш учун кетган харажатларни қоплаб бериш.

Жабрланувчилар қишлоқ йиғинларида муҳокама қилиб, уч имкониятдан бирини танлаши зарурлиги айтилади.

Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати деҳқончилиги ва чорва молларидан айрилган инсонлар кўрган зарарни ўз ҳисобидан қайтариб беришга ҳам қарор қилган.

Бундан ташқари тошқин остида қолган қишлоқларнинг ҳар бир аҳолисига 100 минг тенге ёки қарийб 240 доллардан товон пули тўланиши ҳам айтилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek