Сардоба саволлари: Алишер Усмонов берган 10 миллион доллар қаерда? Ўзбекистон O'zbekiston

Алишер Усмонов

Сурат манбаси, Mikhail Svetlov/GettyImages

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Сардоба фожиасида ўн минглаб инсон бошпанасиз қолди ёки уйи яшаш учун деярли яроқсиз ҳолга келди.

Бундай кенг кўламли фалокат мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилиши.

Сардоба табиий кўл эмас, балки яқин йилларда инсон қўли билан тикланган стратегик муҳим иншоот эди.

Шу боис одамлар учун уй-жой қуриб бериш ва мол-мулкларини қоплаш муҳим.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Сардоба фожиаси ортидан Ўзбекистон учун 10 миллион доллар, Қозоғистонга эса 5 миллион доллар ёрдам берганди.

Қозоғистон бу пулларни Сардобадан жабр чеккан халқига тарқатмоқда.

Аммо Ўзбекистон ҳам хайрия пулини халққа берадими, деган савол кўтарилмоқда.

Бу пул қаерда деган саволга жавоб борми? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бироқ ижтимоий тармоқларда ана шундай мудҳиш фожиа унутилаётгани, балки унуттирилаётгани ҳамда кўплаб саволларга жавоб топилмаётгани тўғрисидаги гап-сўзлар ортиб бормоқда.

Хусусае, ижтимоий тармоқда сўнгги кунлари Юлдуз Усмонова ва Қанотчи ресторани билан бўлган каби воқеалар одамларни Сардоба мавзусидан чалғитаётгани, мушкул аҳволга тушиб қолган минглаб сирдарёликлар тақдири эътибордан четда қолиб кетаётгани ҳақида фикрлар кўпайган.

Бундан ташқари матбуот Сардобани эсдан чиқаряпти, атайин кам ёритаяпти ёки бу муаммони кўтаришда матбуот қудратли шахслар ва ташкилотлар қаршилигига учрамоқда, деган фаразлар ҳам юзага келган.

Ҳақиқатан, "аср қурилиши" оқибати бўлмиш Сардоба фожиаси бўйича жавоби топилмаган саволлар талайгина.

Бирламчи муаммо - уй масаласи

Сардоба
Сурат тагсўзи, Сардобада юзлаб уй-жойлар вайрон бўлди, минглаб одамлар мол-мулкидан ажралди.

Жамоатчилик Сардоба иши юзасидан кимлар жавобгарликка тортилишини интиқлик билан кутмоқда, аммо ҳеч вақосиз қолган одамларни тезроқ уй-жой билан таъминлаш лозим, дегувчилар кўплаб топилади.

Тошқин туфайли қанча инсон жабр кўрган, қанча уйга шикаст етган, талафотнинг кўлами қанча?

Янги расмий маълумотларда 10 май ҳолатига кўра, 20 та аҳоли яшаш пунктидаги 5969 уй сувдан зарар кўргани айтилади.

Бу турар-жойларнинг 4500 дан зиёди ҳовли, 1337 таси эса кўп қаватли уй экани маълум қилинган.

Расмий хабарларда Сирдарёда қайта тиклаш ишлари жадал кетаётгани таъкидлансада, муаммонинг инсоний томонлари деярли ёритилмаётир.

Одамларнинг уйлари қачон ва қай йўсинда тиклаб берилади, жабрланувчилар ҳаёти тахминан қанча вақт ичида яна изига тушади - бу саволлар ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

Бундан аввал уйига жиддий зарар етган сирдарёликлар учун 50 та кўп қаватли уй қуриб берилиши ҳақида хабар қилинган эди, аммо бу режа ижтимоий тармоқда танқидларга тутилмоқда.

Одамларнинг фикрига кўра, мол боқиб, ер экиб яшаган одамларни «дом»га чиқариб юбориш адолатсизлик, уларга тезроқ ҳовли-жой ажратиб, тинч ҳаётини тиклаб бериш лозим.

Аммо ҳозирча ҳукумат бу масалада сукут сақламоқда.

Сардоба: Қозоғистон ва Ўзбекистон

Сардоба

Сурат манбаси, Social media/official

Сурат тагсўзи, Янги тўғон девори ўпирилиб кетган.

"Ўзимиз қолиб, қўшнилар муаммосини ҳал қилмоқда"

Ўзбекистон ҳукумати аниқ қадамларни тилга олмаётган бир пайтда Қозоғистонда Сардоба фожиаси ортидан вайрон бўлган масканларда аллақачон қайта тиклаш ишлари бошланиб кетган.

Қозоғистонлик расмийлар сув остида қолган қишлоқлар аҳолиси учун бир ҳудудда давлат ҳисобидан 500 оилага мўлжалланган қишлоқ қурилиши бошлангани, қурилиш ишлари шу йилнинг 1 августига қадар тугатилишини маълум қилган.

Хабарларда майдони 160 гектар бўлган Мирзакент номли бу қишлоқ лойиҳасининг аниқ чизмалари ҳам кўрсатилган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов эса қўлига белкурак олиб, қозоғистонлик ҳамкасби Аскар Мамин билан биргаликда Туркистон вилоятидаги мазкур янги қишлоқ қурилишини бошлаб берган.

Ижтимоий тармоқ фойданалувчилар уйи лойга ботган сирдарёликлар ҳукумат аниқ қадамларни эълон қилмаганидан эртанги куни нима бўлишини билмай, боши қотиб турган бир пайтда Бош вазирнинг Қозоғистондаги тиклаш ишларига бош-қош бўлиб юрганини савол остига олмоқда.

Тармоқ фойдаланувчилари орасида "ўзимизнинг одамларимиз муаммосини ҳал қилиш қолиб кетиб, ҳукумат раҳбари қўшнилар уйини биринчи битириб беряпти" қабилидаги норозиликлар кўпайган.

Бир вақтнинг ўзида Бош вазир Арипов номига дахлдор тасдиқланмаган хабарлар ҳам интернет тармоғида айланмоқда.

Ушбу хабарда иддао қилинишича, куни-кеча сардобаликлар билан учрашган Арипов агар одамлар ҳовли хоҳлаётган бўлса, давлат уй харажатининг ярмини тўлаб бериши, қолган ярми қарз сифатида берилишини айтган.

Бироқ бу маълумот қанчалик асосга эга экани ҳозирча номаълум, бу борада бирор расмий тасдиқ ҳам мавжуд эмас.

Усмоновнинг пуллари қани?

Мирзиёев ва Усмонов

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Алишер Усмонов Ўзбекистонга ёрдам бермоқда.

Ижтимоий тармоқда кўп сўралаётган савол миллиардер Алишер Усмоновнинг Сардоба фожиасидан жабр кўрган ўзбекистонликларга берган пули қаерга кетганидир.

Алишер Усмонов сирдарёликларга 10 миллион, қозоғистонлик жанрланувчиларга эса 5 миллион АҚШ доллари ажратгани хабар қилинган эди.

Қозоғистон Усмоновнинг пуллари аллақачон уйини сув босган 5000 мингдан зиёд оила ҳисобига ўтказила бошлангани, ҳар бир оилага 1000 доллардан ёрдам пули тегаётганини билдирган.

Ўзбекистонда эса Усмоновнинг ёрдами бўйича ҳам сукут сақланмоқда.

Ушбу сукут ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида миллиардернинг пуллари чиндан ҳам жабр чеккан одамларга етиб борадими ўзи, деган саволни уйғотмоқда.

Жабрланувчиларга товон тўлаш масаласи ҳам жавобсиз қолмоқда.

Уйи, пули, мулки, ҳаттоки, кийимларидан айрилган, карантин пайтида аҳволи янада оғирлашган ўн минглаб инсонларга ёрдам пули тарқатиладими - бу саволга ҳозирча ҳеч ким жавоб бермаётир.

Муштарак муаммо эканидан товон масаласида ҳам яна Қозоғистонни тилга олмасликдан ўзга чора йўқ.

Қозоғистон ҳукумати жабрланган ҳар бир фуқароси учун 100 минг тенге ёки қарийб 240 доллардан ёрдам пули ажратган.

Ҳукумат уй қуриб берадими, қачон қуриб беради, қурилса, сифатли қуриладими, қуриладиган уйлар харажати яна тадбиркорлар бўйнига илинмайдими, уй масаласи ҳал бўлса, пайҳон бўлган экинзорлар ва сувга чўккан мол-ҳол зарари ҳам қоплаб бериладими, ишидан ажралган одамлар масаласи нима бўлади каби Сардобага оид бундай саволларнинг узун рўйхатини келтириш мумкин.

Аммо ҳозирча бу саволларнинг деярли ҳеч бирига аниқ жавоб йўқ.

Шаффофлик таъминланмаётганидан матбуот вакиллари ҳам жавобларни қаердан ва қандай топишни билмай, бош қотирмоқда.

Ҳақиқат қарор топадими?

Сардоба фожиаси бўйича айбдорлар ҳақли жазога тортиладими, деган савол муаммонинг энг мавҳум томони бўлиб қолмоқда.

Ҳозирга қадар ҳам кўплаб расмийлар ва давлат матбуоти томонидан табиий офат, дея тасвирланаётган бу фожиа коррупция оқибати эканини президент Мирзиёевнинг ўзи аллақачон билвосита тасдиқлаб бўлган.

Лекин шу вақтга қадар бу масала бўйича очилган жиноят ишининг дастлабки хулосалари жамоатчиликка тақдим этилмаган.

Ўн минглаб инсонлар ҳаётини барбод қилган бу ҳолат эса замонавий Ўзбекистон тарихидаги энг йирик жиноятга айланган бўлса ажаб эмас.

Бир вақтнинг ўзида Сенат раиси Танзила Норбоева 11 май куни бўлган мажлисда Сенатда, ҳозирча, Сардоба бўйича ҳукуматни сўроққа тутиш режаси йўқлигига ишора қилган.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek