Гулноранинг Москвадаги 6 уйи мусодара қилинди. Мирзиёев жорий қилган мораторийга қачон амал қилинади? Ўзбекистонда рус тили тарғиботи кенгаяптими? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

gulnara

Сурат манбаси, Instagram/iman.k17

  • Гулнора Каримованинг Москвадаги 6 та уйи мусодара қилинди
  • Швецариядан Ўзбекистонга қайтаётган пуллар
  • Ўзбекистонда рус тили тарғиботи гуруҳи ишлаяптими?
  • Мирзиёев жорий қилган мораторийга қачон амал қилинади?

Уйлар пуллари тенг бўлинади

Россия суди Гулнора Каримованинг Москвадаги 6 та уйини мусодара қилди, дея хабар бермоқда Россия матбуоти.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Гулнора Каримованинг Москвадаги 6 та квартираси сотувидан тушган пулни Ўзбекистон ва Россия тенг тақсимлайди.

"Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага Москвадаги кўчмас мулкни сотишдан тушган маблағлар Ўзбекистон ва Россия томонлари ўртасида бўлинади, деб маълум қилди республика Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов", деб ёзди Интерфакс.ру.

"РИА-Новости" эса расмийнинг сўзларига таяниб, ушбу тартиб-қоидаларга Россия суд ижрочилари жалб қилинганини билдирган.

ТАСС жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Москва суди Каримова уйига чиқарилган ҳукмни тан олгани, Россия томони билан Россия Федерациясида ундан мусодара қилинган мулкни сотиш ва тушган маблағни республикага қайтариш бўйича иш бошлангани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримованинг Москва шаҳрида жойлашган активлар, хусусан олти хонадон Ўзбекистон даромадига ўтказилиши ҳақида Москва шаҳар судининг қарори 2021 йил ноябрь ойида чиқарилган эди.

- Ҳозирги пайтда Россия суд ижрочилари ушбу кўчмас мулк объектларини сотиш жараёнида, - деб ёзади «РИА-Новости».

Ўзбекистонга қанчаси қайтади?

Ўзбекистон нашрлари эса Адлия вазири ўринбосари Музаффар Икрамов хабарига таяниб, Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг ҳозирги кунда қўшимча тақрибан 350 млн доллар маблағларини мусодара қилиш масаласи Швейцария судларида кўриб чиқилаётганини хабар беришди.

«Газета.уз»нинг ёзишича, ундирилиши лозим бўлган жами сумма тақрибан 686 млн АҚШ долларига тенг ва бу сумма давом этаётган жиноий иш жараёнига боғлиқ.

- Ушбу ишлар Швейцария судларида кўриб чиқилиб, тақрибан 336 млн АҚШ доллар узил-кесил мусодара қилинган. Шундан 131 млн АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтиши ҳал бўлди, 205 млн АҚШ доллари бўйича эса якунига етмоқда, деб ёзади нашр.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришига кўра, бошқа мамлакатларда ҳам Гулнора Каримова ва унинг жиноий шериклари томонидан ноқонуний орттирилган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган активларни қайтариш ишлари кетяпти. Жиноий активларнинг умумий қиймати қарийб 1,3 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

"Ўз навбатида ҳозирги кунга келиб, мазкур пуллар 14,3 трлн сўмга етган, уларнинг ҳисобига 1400 тадан ортиқ мактаб қурса бўлади", - деб ёзди «Газета.уз».

Ўзбекистон Украинадан видео борасида маълумот сўраган

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчилиги Интернет ижтимоий тармоқларида ёйилган видео ҳақида баёнот тарқатди.

"Ижтимоий тармоқларда Украина қуролли кучлари томонидан ушбу мамлакат ҳудудида жанг қилган икки ўзбекистонлик қўлга олингани хабар қилинган видеоролик тарқалмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан батфсил ва ишончли маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги жлчилиги Украина Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота йўллади.Шу муносабат билан ушбу видео ҳақида тасдиқланмаган ахборотни тарқатмасликни ва барча тафсилоти очиқланишини кутишингизни сўраймиз, биз бу ҳақда қўшимча маълумот берамиз", дейилади Ўзбекистон элчихонаси тарқатган расмий баёнотда.

Дарахтлар кесилишидан хавотирлар

Тошкентда тадбиркорларга ажратилган ерлардаги 5000 туп дарахт кесиш хавфи остида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербоев «Kun.uz» нашрига берган интервьюсида мораторийга риоя этилмаётгани боис ҳокимларнинг бундай ер участкаларини ажратиш тўғрисида қарорларини бекор қилишга чақирган.

«Kun.uz» нинг «Тошкент яна икки дарахтзоридан айрилди» номли видеолавҳада муаммонинг илдизлари ва ечимлари ҳақида фикрларини бўлишган.

Жумладан, депутат Расул Кушербаев Тошкент шаҳар ҳокимлиги дарахтлар борлигини билиб туриб тадбиркорга қурилиш учун ер ажратиб бераётганини қайд этган.

«Муаммо илдизига етиш учун шу биргина фактга қарашнинг ўзи кифоя: Тошкент шаҳар ҳокими ўнлаб катта дарахтлар жойлашган бу иккала ер майдонини тадбиркорларга 2020 йилда бериб юборган, ваҳоланки дарахт кесишга мораторий 2019 йилдаёқ кучга кириб бўлганди», дейилади нашрнинг Ютубдаги саҳифасида.

Ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг турли ҳудудларида кўп йиллик дарахтлар аёвсиз кесилаётгани ҳақида бот-бот суратли мақолалар кўринади. Масалан, 8 сентябрь куни Чилонзор ва Учтепа туманларида бир-бирига чегарадош ҳудудда 100 туп дарахт кесилиб, қуритилгани маълум бўлган эди.

«Мораторий ишлаётганига деярли уч йил бўлди. Бу ерда эса ҳокимият томонидан мана бундай қарорларни чиқариш тўхтамаяпти. Чиққанларга нисбатан ҳеч қандай муносабат бўлмаяпти», — дейди Кушербаев.

Шунингдек, депутат Экология давлат қўмитаси масъулларига таяниб, Тошкентда худди шундай деворлар билан ўраб олинган ҳудудларда 5 мингга яқин дарахт йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканини айтди.

Ўзбекистонда рус тили тарғиботи

Тошкентда рус тили маркази очилди. Россия Фан ва Таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, марказда барча ўзбекистонликлар учун бепул дарс берилади.

Лойиҳа муаллифлари россиялик тилшунослар бўлиб, рус тили маркази Тошкент Молия молия институти қошида фаолият юритиши билдирилган.

- "Йил охиригача марказда 308 киши таҳсил олиши кутилмоқда", дея таъкидлади Россия Фан ва Таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Россия сўнгги йилларда Марказий. Осиё мамлакатларида рус тилининг тарғиботи учун бир неча лойиҳаларни ишга туширган. Шулардан бири "Хориждаги рус ўқитувчиси" лойиҳаси бўлиб, етти давлатдаги 200 та мактабни қамраб олган.

Ўзбекистонга ҳам ушбу дастур доирасида 2021 йилдан бери Россиядан 150 нафар рус тили ўқитувчилари ва ўнлаб услубиётчилар юборилган.

- Лойиҳада Россиянинг 49 минтақасидан жами 350 дан ортиқ ўқитувчилар иштирок этмоқда. Улар рус тили ва бошқа фанларни рус тилида ўқитишади, - деб ёзади Тошкентдаги «Рус уйи» матбуот хизмати.

Ўзбекистон таълим муассасаларида рус тили ўрганишни ривожлантириш бўйича лойиҳалари 10 йилга мўлжалланган.

Россия Фан ва Таълим вазирлиги Ўзбекистонда рус тилини ривожлантириш лойиҳасига Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Алишер Усмоновнинг "Санъат, фан, спорт" хайрия жамғармаси, А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, А.Авлоний номидаги Ўзбекистон халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти бош қўшганини таъкидлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek