Ўзбекистон: агар Президент Мирзиёев дарахт ўтқазишга чақирса...

Президент Мирзиёев кўчат ўтқазмоқда

Сурат манбаси, Насимов. Столик с видом на планету

Ўзбекистонлик таниқли журналист Бахтиёр Насимов кўплаб юртдошларимиз кўнглидаги таклиф билан чиқди.

У "Насимов. Сайёрага қараган столча" Телеграм каналида шундай ёзди:

"Менинг бир орзуим бор.

Агар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу йил кузда фуқароларни ҳар бир оила аъзоси номидан биттадан кўчат ўтқазишга чақирса, мамлакатдаги дарахтларнинг сони 33 миллионтага кўпаяди.

Нима деб ўйлайсиз, агар Шавкат Миромоновичнинг ўзи шахсан ибрат кўрсатса, ҳокимлар ва вазирлар қанча дарахт ўтқазишлари мумкин?

Бу унинг қўлидан келади. Президент - айтганини қиладиган инсон.

Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ушбу ғояни етказса яхши бўларди.

PS Муштарийлар маслаҳат беришаяпти: фақат бирорта ҳам арча бўлмасин".

Google Map суратлари орқали Ўзбекистон шаҳарларида дарахтлар қанчалар кўп кесилганини кўриш мумкин.

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Google Map суратлари орқали Ўзбекистон шаҳарларида дарахтлар қанчалар кўп кесилганини кўриш мумкин.

Бахтиёр Насимовнинг ушбу таклифини кўплаб журналистлар ва блогерлар қўллаб-қувватлаб чиқдилар.

Ўзбекистон сўнгги 10 йилда ўзининг юз йиллик дарахтларини шафқатсиз кесиб ташлади.

Шаҳар ва туманлар марказларидаги бу ваҳшийликлар ўша ҳудудларни ободонлаштириш эҳтиёжи билан тушунтирилди.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларининг 2000 йиллар бошида ва охирги вақтда космосдан олинган фотолари эълон қилинди, блогерлар шаҳар ва қишлоқларимизни чўллаштирган ҳокимларга "ташаккур изҳор этдилар".

Сиз Ўзбекистонда соя-салқин гўшаларни янада кўпайтириш мақсадидаги оммавий ниҳол ўтқазиш таклифига қандай қарайсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek