Дарахтларни кесиш вилоятларда давом этмоқда

Би-би-си ўқувчиларининг хабар қилишича, дарахт кесиш кампанияси энди вилоятларга кўчган. Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё марказларида ўнлаб соя берувчи дарахтлар кесиб ташланиб, ўрни теп-текис қилинмоқда, арча экилмоқда ёки бўшаган майдонлар йўлга қўшилмоқда.

Хабарларга қараганда, маҳаллий расмийлар дарахтлар кесилишини ободонлаштириш, шаҳар марказларини кенгайтириш билан изоҳлаяптилар. Ёхуд тушунтириш ҳам бермасдан дарахтлар кесиб ташланмоқда.

Самарқандликларга кўра, ҳозир қатор марказий кўчаларда дарахтлар қўпорилмоқда. Кесилаётган дарахтларнинг аксарияти табиий иқлимга мос бўлган узоқ йиллик чинорлардир.

"Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарёда шундоқ ҳам иқлим қуруқ, лекин охирги пайтларда экилган дарахтларнинг ҳаммаси арча дарахтлари, улар қандай салқин бериши, атроф-муҳитга фойдали таъсир кўрсатиши мумкин?- дейилади хабарда.

Қарши марказида ҳам экилган ўнлаб арчалар сарғайиб кетгани боис, улар кўчириб ташланган. Лекин қуриган дарахтлар ўрнига яна арча экилаётганини аҳоли тушунмаяпти.

"Раҳбарлар бошқа дарахт экиш ҳақида кўрсатма беришдан қўрқиб қолишганми? Ҳозир одамлар ҳам уйларини олдига арча экишга тушиб кетишди. Маҳаллий дарахтларга қарши қандайдир кураш кетаётгандек. Бир неча йилдан бери Қарши марказида ёз кунлари соат 10 дан кейин юриш қийин бўлиб қолди. Касалликлар ҳам кўпайган, ҳаммаёқ шип-шийдон, атроф кенг йўлга айланган", дейди қаршилик муштарий.

"Нафақат дарахтларни, қайта қурувчилар қўлига тушган ҳамма нарса кесилмоқда. Афтидан, ҳукуматимизда марсликлар ўтирибди. Улар бизнинг Ўзбекистонимизни қизил саҳрога айлантиришмоқчи", деб ёзади интернетдаги петиция ташаббускори Фарида Шарифуллина ҳам.

Дарахтларни кесиш кампанияси вилоятларда давом этаётгани манзарасида Табиатни асраш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари март-апрел ойларида бутун Ўзбекистон бўйлаб дарахтлар ўтказиш, кўкаламзорлаштириш акциясини эълон қилган.

Ушбу акция ижтимоий тармоқларда кинояларга келтириб чиқарган.

"Нималар бўляпти ўзи, мантиқ борми? Бирови кесади, бошқаси экишга чақиради", деб ёзади фойдаланувчи.

"Балки ўз ҳисобимиздан экиб берармиз", "Тезроқ экиш керак, мебель ясашга дарахт етказиб бериш керакку", деган фикрлар айтилган эълон қилинган акцияга жавобан.

Чинор, тол каби кўп йиллик дарахтларни ёппасига кесиш дастлаб шунчаки танқидларга сабаб бўлган бўлса, охирги пайтларда унга қарши норозиликлар кўпайгани кузатилмоқда.

Тошкентликлар шаҳар ҳокимиятига бу ҳаракатга чек қўйишни сўраб мурожаат қилишган. Петицияга юзлаб киши имзо чеккан.

Онлайн петицияни ташкил қилган Фарида Шарифуллинага кўра, дарахтлар кесилишига қарши чиққанлар сони уч мингдан ошган.

"Ҳозир Ўзбекистонда ҳамма жойда чинорларни кесиб ташламоқдалар. Чинор ўрнини бошқа бирор дарахт босолмайди. Осиё чинорининг баландлиги 35-40 метрга етади, кенг танаси соя беради ва жазирама ҳамда қуёш радиациясидан ҳимоя қилади. Юзлаб йил яшайди. Танасига зараркунандаларнинг тиши ўтмайди. Суғориш талаб қилинмайди. Ҳозирга келиб Тошкент яланғоч бўлиб қолди, шаҳар асфальт-бетон саҳрога ўхшаб бораяпти. Чинорлар ўрнига арча ёки импорт ўсимликлаор экишмоқда, улар эса кўп сувни талаб қилади ва соя бермайди. Тошкент чинорларини ваҳшийларча кесишни тўхтатишни талаб қиламиз", дейилади онлайн мурожаатда.

Бироқ ҳозирча, бу ҳаракатлар инобатга олинмаяпти. Ҳуқуқ фаолларига кўра, дарахтлар кесилишидан юқоридаги раҳбарлар ва уларнинг ҳамкорлари манфаатдор экан, келтирилаётган экологик зарар ҳам ўрганилмайди, аҳолининг арзу-додига ҳам ҳеч ким қулоқ солмайди. Бундай ҳаракатлар расмийлар томонидан шаҳарларни ободонлаштириш, қайта қуриш каби шиорлар билан давом этаверади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon