'Кимдир чўнтагини қаппайтираётгани аниқ...'

Агар, ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар билдирган муносабатлардан хулоса қилинадиган бўлса, қадим чинорларни кесиш, уларни арчалар билан алмаштириш ақлга сиғмайдиган иш, бу масалада энг аввало одамларнинг ҳаёти ва саломатлиги инобатга олиниши лозим:

Ўқувчиларимиз бу қарорнинг ортида кимлар тургани ва қандай сабаблар ётгани ҳақида ҳам фикр билдиришган.

Улардан айримлари чинорларнинг зарарли эканию, арчаларнинг фойдаси, хулласи-калом, қилинаётган ишлар оқилона эканини тушунтиришга уринишган.

"Фейсбук" каби ижтимоий мулоқот тармоқларидаги саҳифамизда ўз фикрлари билан ўртоқлашган баъзи бир ўзбекистонликларнинг наздларида эса, бу мавзу, ҳатто, муҳокама қилишга ҳам арзимайди.

"Мен ҳам бу ишлардан ҳеч қандай маъно кўрмадим", - дея ўз жавобини бошлайди Муҳаммад Али исмли ўқувчимиз: "Кимдирлар дарахтлар чиригани, бошқа бирлари Орол денгизи туфайли, деб айтибди. Лекин, менинг фикримча, улар фақат чириган дарахтларни кесишаётгани йўқ. Ёппасига маълум бир жойдаги дарахтларнинг ҳаммасини кесиб юборишмоқда. "Тепадагилар"нинг назарида, балки, арча ҳавони яхшироқ тозалар. Агар, шундай бўлса, оддий савол: У ҳолда, чинорларни чопишдан нима маъно? Арчаларни бошқа жойларга экса бўлади-ку?..", - дейди Муҳаммад Али.

Илҳом Усмон эса, бу борада тамом бошқача фикрда: "Албатта, яхши иш учун бир нарсадан воз кечиш керак. Сенинг, менинг шаҳримизнинг гўзал бўлиши учун қилинаётгандир. Ҳар нарсада тирноқнинг остидан кир қидирма. Яқин 15-20 йил ичида тушингга кирмаган гўзал йўллар, муҳташам биноларни кўрдинг, бу каби ишлар учун дарахт эмас, жонлар фидо!!!", - деркан, учта ундов белгиси билан гапига нуқта қўйишни унутмаган.

Худди шу ўринда Лейла Алиева исм-шарифли ўқувчимиз, "чинорлар заҳарли бўлгани учун кесилаётгани"га оид фикрларга ўз эътиборини қаратади: "Ота-боболаримиз юз ёшларга кириб юришган. Ҳеч бири чинордан заҳарланиб қолмаган!!! Пул учун одамлар ҳамма нарсага тайёр. Бу ишларни тўхтатинг, акс-ҳолда экологик фожеа ёқасида қоламиз", - деб ёзади Лейла.

Худди шу ўринда, агар, Шерзод Маҳмудовнинг "Фейсбук"даги саҳифамизда қолдирган фикрларига назар ташланадиган бўлса, "Инсон ақли етмаган нарсага аралашиши керак эмас". "Шаҳримизда фақат чинормас, касалланган, чириган дарахтларни кесиб, ўрнига яна дарахт экиб кетилмоқда", - дейди у.

Матлюба Мирзаева эса, "Биз бу ерда жон куйдириб ёзганимиз билан, дарахтлар кесилишдан тўхтамайди!!! Шу хунук манзарани ҳар куни кўраман. Шу дарахтларни кесганларни эмас, кесишга буйруқ берганларни, бор-ку, ёзнинг чилласида, офтоб айни қиздираётган пайт ўша дарахтлар кесилган, саҳрога ўхшаб қолган жойга боғлаб, турғизиб қўйиш керак. Қилган ишларидан баҳра олишсин!!", - деркан, гапини қўшалоқ ундов белгиси билан якунлайди.

Ашуров Рустам, "Би-би-си ходими, бу гал навбат дарахтга келдими? Ниятингиз шу дарахтни деб, минг-минглаб бўш мияларни заҳарлашми?.. Буни бизнинг миллатимиз шундоқ ташлаб қўймайди. Битта кесса, ўрнига иккита экади. Мен сиз, деб мурожаат қила олмайман. Сен, деб мурожаат қиламан. Ўтакетган фитначи, Ватан хоинисан. Билиб қўй, ўзга юртда шоҳ бўлгандан кўра, ўз юртингда гадо бўл,..", деркан

Мурувват Шаробиддинова, "Асрлардан бери ўз танаси барглари остида Ўзбекларни иссиқдан асраб келаётган чинор. Наҳотки, энди заҳарлашга тушиб кетган бўлса. Ўзбек халқи шу пайтгача арчасиз яшаган, агар, заҳарлайдиган бўлса, заҳарланиб ўлиб кетмасмиди? Бу янгиликни Африка халқига билдириш керак. Тезликда улар ҳам боабаб дарахтларини кесиб, арча экишсин", - деб ёзади.

Айни мавзу атроф-муҳит муаммоларини ёритиб келаётган Ўзбекистондаги sreda.uz веб саҳифаси асосчиси Наталия Шулепинанинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Унинг ёзишича эса,"дарахтларни кесишаркан, масъуллар биноларнинг қанчалик зилзилабардош эканлигини инобатга олишмаётир. Бу каби дарахтларнинг илдизлари мустаҳкам бўлади ва ерости сувларининг сатҳини пасайтиришга хизмат қилади. 1966 йилги зилзилани бошидан кечирган уйларнинг ер силкинишига қанчалик бардошли экани ҳақида унутинг. Бахтга қарши, айнан пойтахт Тошкентда ерости сувларининг сатҳи кўтарилиб бормоқда. Сквердаги дарахтларнинг кесиб ташланиши ортидан, Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет Катта театри биноси ертўласини сув босди. Театр эса, ерости сувлари оқимидан пастда жойлашган. Аммо театрни таъмирлаш жараёнида бу муаммони қандай ҳал қилишган, бунисидан хабарим йўқ. Шаҳарнинг асоси тупроқ эканини назардан қочирмаслик керак. Яъни, қуруқ экан, тошдек қаттиқ, ивиши билан, сирпанчиқ бўлиб қолади. Бу эса, чинорларнинг Тошкент учун қанчалик муҳим эканини англатувчи асосий омиллардан бири", - деб ёзади журналист.

Ўз фикрларини биз билан ўртоқлашган қатор ўзбекистонликлар наздларида эса, бу қарор ортида кимлигини аниқ билишмаса-да, ўз чўнтагини қаппайтириш ниятида турганлар бўлиши аниқ. Айримларига кўра, бу амаллар худбинлик, бошбошдоқликдан ўзга нарса эмас ва бунинг миллат, ёш авлоднинг саломатлигига таъсири ҳалокатли бўлади.

(Шарҳлар таҳрир ва тузатишлар билан чоп этилмоқда. Ҳақоратли сўзлар ва очиқ таҳдид ишлатилган барча изоҳлар ўчирилади ва муаллифларга огоҳлантиришсиз тўсиқ ( блок ) қўйилади-таҳр.)

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ёки BBCUZBEKInstagram - BBCUZBEKTwitter
  • BBCUZBEKOdnoklassniki
  • BBCUZBEKFacebook
  • BBCUZBEKGoogle+
  • BBCUZBEKYouTube
  • BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio