Туксиз каламушлар узоқ яшаш сирини очиб беришдими?

Сурат манбаси, Washington Post via Getty Images
- Author, Виктория Гилл
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ташқи кўриниши ғалати, туки йўқ, ер остида яшовчи ва тиши бор колбасага ўхшовчи кемирувчилар узоқ яшашнинг ирсий сирини очиб беришди.
Туксиз каламуш дея ном олган кемирувчилар турини текшириш натижасида шу нарса аён бўлдики, бу жонзотлар ДНК ҳужайрасини таъмирлаш механизмини ўзларида ишлаб чиқишган ва бу уларнинг бошқа каламушларга нисбатан узоқ умр кўришларига сабабдир.
Туксиз каламушлар деярли 40 йил умр кўришади. Каламушлар турлари орасида улар энг узоқ яшовчилардир.
"Science" илм-фан журналида чоп этилган тадқиқот натижаларида айтилишича, уларнинг ҳаётини ўрганиш, шунингдек, кексаликда учрайдиган касалликларга нима учун чидамли эканликларининг сирини очиши ҳам мумкин.
Бу каламушлар саратон, мия фаолияти сусайиши ва артритга чалинишмайди. Шунинг учун кўплаб олимлар уларнинг танаси қандай ишлашини билишни исташади.
Хитойнинг Шанхай шаҳридаги Тони Университетида ўтказилган бу галги тадқиқот туксиз каламушларнинг ДНК ҳужайраларини таъмирлаш механизмини ўрганишга қаратилди.
Бизнинг ирсий тизимимизнинг асоси бўлган ДНК лар зарарланган вақтда бу механизм ишга тушиб, зарар етмаган ДНК ёрдамида тизимдаги узилишни таъмирлашга туртки беради.
Тадқиқотда асосий эътибор ДНК тизимидаги зарарни пайқаб, таъмирлашда роль ўйновчи оқсил турига қаратилди.
Tuksiz kalamush biologiyasini sinchkovlik bilan o‘rganib chiqib, tobora keksayib borayotgan aholi uchun o‘ta zarur bo‘lgan muolajalarni ixtiro qilarmiz
Ҳужайра зарар етганлигини пайқаши билан c-GAS дея аталувчи оқсилни ишлаб чиқара бошлайди.
Бу оқсил қатор вазифаларни бажаради. Аммо олимларни қизиқтирган нарса шу эдики, инсонларда бу оқсил ДНК тизимининг тикланиш жараёнига аралашиб, халақит беради.
Олимларнинг ишонишларича, ана шу аралашув саратон келиб чиқишига сабаб бўлиб, инсон ҳаётини қисқартириши мумкин.
Tуксиз каламушларда эса худди шу оқсил мутлақо тескарисини қилар экан. Бу оқсил тури зарарланган ДНКни таъмирлаб, ҳар бир ҳужайрадаги ирсий коднинг сақланиб қолишига ёрдам берар экан.

Сурат манбаси, Chicago Tribune via Getty Images
Кембриж Университетидан профессор Габриел Балмус ДНК таъмирланиши ва қариш жараёнларини ўрганади. У хитойлик олимлар кашфиётини илҳомлантирувчи, дея таърифлаб, бу ушбу ҳайвонларининг узоқ умр кўришлари сирини ўрганиш бу жараён бошланиши эканлигини айтади.
"Тасаввур қилинг cGAS бу биологик Lego нинг бир парчаси. Инсонларда ҳам, туксиз каламушларда ҳам у бир шаклда бўлади. Аммо кал каламушларда бу Lego парчаларини бир-бирига боғлаб турган тизимда қатор ўзгачалик бор. Ва бу ўз ўрнида ўзгача тизим ва фаолиятга сабаб бўлади."
Профессор Балмуснинг айтишича, миллионлаб йиллар мобайнидаги ривожланиш жараёнида, кўринишича, туксиз каламушлар бу тизимни қайта қуриб чиқиб, "ўз манфаатлари йўлида ишлатиш"га муваффақ бўлишган.
"Бу кашфиёт бир муҳим саволни ўртага ташлайди: нима учун эволюция жараёнида оқсилнинг бир тури ўзгача йўналишда фаолият қилмоқда? Нима ўзгарди? Бу алоҳида ҳолатми ёки кенгроқ эволюцион манзаранинг бир қисмими?"
Ва ҳаммадан муҳими, олимлар инсон саломатлиги ва кексаликда ҳаётларини яхшилаш учун бу кемирувчилардан нимани ўрганишлари мумкинлигини билишмоқчи.
"Ўйлайманки, биз туксиз каламуш биологиясини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, тобора кексайиб бораётган аҳоли учун ўта зарур бўлган муолажаларни ихтиро қилармиз", дейди профессор Балмус.












