#10YearChallenge Ўзбекистон ва дунё 10 йилда нима йўқотди ва топди?

#10YearChallenge хештеги остидаги қўйилаётган суратлар бугун интернетдаги барча ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда.
Миллионлаб одамлар 10 йил олдин қандай кўринишгани ва бугун қандай эканликларини намойиш этишмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Лекин энди кўпчилик фақат ўз расмига эмас, балки атрофга ҳам қарамоқда.
Иқлим исиши

Сурат манбаси, Mesut Ozil
Футболчи Месут Ўзил ўтган 10 йилда эриб битган айсберг суратини твит қилди.
Тўғри, расм 2008 эмас, балки 2016 олинган экан. Лекин бу сана иқлим исиши ўта жадал кечаётганини урғулайди.
Иқлим исиб, музликлар эриб, уммонларнинг шўр сувига айланмоқда.
Дунёни босган пластик

Сурат манбаси, FB.COM/GROUPS
2018 йили одамзод жаҳондаги пластик маҳсулотлари ер ва сувни қанчалик ифлослантираётгани ҳамда табиатга хавф солаётганини тан олди.
Олимларга кўра, ҳар йили океанларга 10 миллион тонна пластик чиқинди тушмоқда. Уларнинг парчаланиши учун эса бир неча юз йил керак.
Урушлар

Сурат манбаси, @muniba-mazari
2010 йил декабрида Тунисдаги мевафуруш Муҳаммад Буазизий маҳаллий амалдорларга пора беришдан бош тортади ва мансабдорлар унинг меваларини мусодара қилишади.
Муҳаммад норозилик сифатида ўзига ўт қўяди. Бу воқеа Араб дунёси бўйлаб инқилобларга туртки беради.
Аксар араб мусулмон мамлакатларида узоқ йиллик диктатор ва золим давлат раҳбарларига қарши халқ бош кўтаради.
Шу асно Араб баҳори бошланади.
Аммо у ижобий ўзгаришларга етаклайди, деган умидлар пучга чиқди.
Сурия, Ливан, Ироқ, Яман уруш ботқоғига ботди. Энг қақшатқич низолар ва вайронгарчилик Сурияда юз кўрсатмоқда.
Чинорлари кесилган Ўзбекистон

Сурат манбаси, Umida Akhmedova
Ўзбекистонлик тасвирчи Умида Аҳмедова эса Тошкент марказининг 2008 ва 2018 йилдаги суратларини Facebook ижтимоий тармоғига қўйди.
Айнан 10 йил олдин Ўзбекистонда илк бора азим чинорларни кесиш худди шу хиёбонда бошланганди.
Кейин бу жараён бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди. Тошкент ортидан Фарғона, Андижон, Самарқанд, Қарши, Шаҳрисабз каби шаҳарларда дарахтлар кесиб ташланди.
Жамоатчилик талаб ва танқидларига қарамай, расмийлар ҳамон бу ишларининг асил сабабини очиқлашмади.
Ўзбекистонда ёз узун ва жуда иссиқ. Ҳозирда қийқираган дарахтсиз кўчаларда ёзда юриш имконсиз.
Бунинг устига, расмийлар сояли дарахтлар эмас, арча экишга берилишди.
Арча иссиқда қурийди, кўп сув ва соя талаб қилади.
Ўзбекистон энг йирик материк - Овросиё ўртасида ва уммонлардан жуда узоқда жойлашган.
Мамлакатда саҳролашиш ҳам жадал давом этмоқда.
Аммо шундай шароитда амалдорлар қайси илмий мантиққа асосланиб, дарахтларни кесишаётгани - номаълум.
Ижобий ўзгаришлар

Сурат манбаси, @solarpowereu
Дунё бўйлаб қуёш қувватидан фойдаланишга интилиш кучайди.
Европа мамлакатлари табиатга зарар етказмайдиган тоза энергия ишлаб чиқишга жиддий ҳаракат қилишмоқда.
Ривожланган давлатлар бугун Атом қувватидан, газ ва нефть каби қазилма энергия манбаларидан камроқ фойдаланиш ва ҳатто бутунлай воз кечиш устида жиддий ўйлай бошлашди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












