Ўзбекистон, блогер ва журналистлар: дарахт кесишни тақиқланг!

Сурат манбаси, Facebook
Ўзбекистондаги бир гуруҳ блогер ва журналистлар Президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, сенаторлар ва депутатларга мурожаат қилиб, мамлакатда дарахт кесишни кескин тақиқлаш ва ушбу қарор ижроси устидан қаттиқ назорат ўрнатилишини талаб қилдилар.
"Мамлакатда машиналар ва корхоналар сони тобора кўпаймоқда, қишлоқлар урбанизациялашмоқда, кислород ва озон қатлами эса тобора камаймоқда. Биз аҳолиси зич жойлашган мамлакатмиз, бизда қуруқликнинг асосий қисмини деярли ҳеч нарса ўсмайдиган чўллар ва шўр босган лалми ерлар ташкил қилади.
Бизда сувдан фойдаланиш ва чиқиндиларни дарёларга ташлаш муаммоси мавжуд. Ва ушбу манзара фонида биз мутлақо масъулиятсизлик билан ўзимизни кислород билан таъминловчи ҳамда ҳавони чанг ва саноат газларидан тозаловчи кўп йиллик дарахтларни кесишда давом этмоқдамиз. Дарахтлар Қаршида кесилди, дарахтлар Фарғона ва Навоийда кесилди, ҳозир Бухоро ва Тошкентда кесилмоқда. Бу ҳалокат.
Агар бу ишлар тез орада тўхтатилмаса, аҳолининг асосий даромади даволанишга сарфланадиган касал миллатга айланамиз. Бу ҳозирнинг ўзидаёқ юз бермоқда. Агар экологияга лоқайдлик билан қарасак, иқтисодиётимиз ҳеч қачон кўтарилмайди", дейилади очиқ хатда.
Очиқ хат муаллифлари Саша Иванюженко (Insider.uz канали муаллифи), Виктория Абдурахимова (NUZ.uz ва "Город говорит" канали муаллифи), Алишер Азимов ("Daryo.uz" бош муҳаррири), Лола Исламова ("Anhor.uz" бош муҳаррири), Евгений Скляревский ("Письма о Ташкенте" сайти муҳаррири), Лилия Николенко ("Scalaris media" МЧЖ директори, "Потребители.uz" лойиҳаси асосчиси), Эмиль Фахреев ("Scalaris media" МЧЖ бошқарув директори, "Эжичное варенье" канали муаллифи), Ферузхан Якубходжаев ("Наблюдения под чинарой" канали муаллифи), Евгения Гранде (NUZ.uz муҳаррири), Никита Макаренко (Gazeta.uz колумнисти, "Эффект Макаренко" канали муаллифи).
Бошқа кўплаб журналист ва блогерлар ҳам ушбу мурожаатни қўллаб-қувватлашларини билдирмоқдалар.
Шу йил май ойида Ўзбекистон Жиноят Кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгаришлар киритилиб, дарахтни ноқонуний кесган шахсларга нисбатан жарималар миқдорлари оширилди.
Давлат экология қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилнинг дастлабки олти ойи давомида ўсимлик дунёсига 2 миллиард 240 миллион сўмлик зарар етказилган.
1232 та маъмурий иш бўйича 961,9 млн сўмлик жарима ундирилган.
Дарахтларни ноқонуний кесган шахсларга нисбатан етти жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича умумий зарар 1,4 млрд сўмни ташкил этган.
Судларга, прокуратурага ва ички ишлар органларига жарима ва товон пулини ундириш учун жисмоний ҳамда юридик шахсларга нисбатан қўзғатилган 189 та маъмурий ва жиноий иш юборилган.
Аммо жарималар оширилгани, маъмурий ёки жиноят ишлари очилгани Ўзбекистон бўйлаб дарахтлар шафқатсиз кесилаётгани олдини олишда самарали восита бўлиб хизмат қилолмаяпти.
Бундан олдин агар Президент Мирзиёевнинг ўзи мамлакатдаги раҳбарларни кўчат ўтқазишга чақирса, дарахтлар 33 миллионтага кўпайиши ҳақидаги таклиф илгари сурилди.
- Ўзбекистон: агар Президент Мирзиёев дарахт ўтқазишга чақирса...
- 100 йиллик дарахтларимизни шафқатсиз кесаяпмиз, ҳавомиз ифлосланаётгани бизни ўйлантирмайди
- Тошкент ҳокимлиги дарахт кесилишини "жиноят" деб аташдан бош тортди
- #10YearChallenge Ўзбекистон ва дунё 10 йилда нима йўқотди ва топди?
- Ўзбекистон Орол тубини ўрмонга айлантирмоқда
"Бир миллион дарахт" ташаббуси доирасида кўчат ўтқазиш бошланди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда кенг жамоатчилик иштирокида оммавий дарахт этиш акциясини ташкил этиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаб чиқди ва бошқа мамлакатлардаги тажриба ўрганиб чиқилганини маълум қилди.
"Юксалиш" Ўзбекистон фуқаролари, жамоат ва халқаро ташкилотлар, бизнес ҳамжамияти вакилларини "Бир миллион дарахт" акцияси доирасидаги ҳамкорликка чақирди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















