Қирғиз-тожик можароси: Путин воситачи бўлишга тайёр, БМТ ва Қозоғистон ҳам вазиятдан ташвишда - O‘zbekiston Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Россия президенти

Сурат манбаси, kremlin.ru

Россия президенти матбуот котибининг айтишича, Путин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр.

"Албатта, бизнинг турли форматдаги умумийлигимизни ҳисобга олган ҳолда - бу КХШТ ва бошқалар, сўзсиз, Президент Путин ҳар доим иштирокчи мамлакатлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ўткир муаммоларни ҳал қилишда воситачи ролини ўйнашга тайёр. У буни аллақачон кўп марта намойиш этган ", - деб айтган Песков.

Россия президентининг матбуот котиби Путиннинг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятда воситачилик қилиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берган.

"Айни пайтда биз шу пайтгача қилинган дипломатик саъй-ҳаракатлар ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни ижобий баҳолаймиз. Уни олқишлаймиз", - дея баён қилган Дмитрий Песков.

Бу ҳақда Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги икки қўшни мамлакатни узоқ йиллик ва устувор келишувга эришишга, бу каби можаролар такрорланишига йўл қўймаслик учун самарали усуллар қўллашга чақирган.

Президент Путин ўз мамлакати номидан МДҲ ҳудудида сўнгги бор ўтган йилги Тоғли Қорабоғ урушини тўхтатишга воситачилик қилган.

Уруш Россия, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги имзоланган уч томонлама тинчлик битими ортидан, якун топган.

Минтақага Россиянинг тинчликни сақлаш кучлари киритилган, вазиятни Туркиялик назоратчиларнинг ҳам кузатиб боришлари айтилган.

Минтақа харитаси

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Хабарларга кўра, томонлар ўртасида эришилган расмий келишувга қарамай, ўтган тунда ҳам отишмалар давом этган.

Қурбонлар ва яраланганлар сони янада ортгани айтилмоқда.

Кеча, 29 апрель куни маҳаллий вақт билан кечга яқин томонлар ўт очишни тўхтатиш, ўзаро чегарадаги ҳарбийлари ва техникаларини ортга қайтариш борасида расман келишиб олишган.

Ўзаро чегарадаги вазиятни тинчитиш учун аввалига ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирлари учрашишган.

Илк учрашув кечган бино

Сурат манбаси, MFA.GOV.KG

Бунинг ортидан, Қозонда бўлиб турган Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирларининг ҳам чегарадаги вазиятни муҳокама этишгани хабар берилган.

Режадан ташқари учрашув ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши доирасида бўлиб ўтган.

Энг сўнгида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткент вилоятидаги мухтор вакилининг чегара можароси юзасидан расман қўшма баёнот билан чиқишгани кўрилган.

Баёнотда қуролли тўқнашувни тўхтатиш, шахсий таркиб ва ҳарбий техникани ҳудуддан олиб чиқиб кетиш, тангликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик ҳақида сўз борган.

Худди шу мақсадда ҳар икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ижроий ҳокимият органлари ходимлари иштирокида махсус ишчи гуруҳи тузишга қарор қилингани ҳам айтилган.

Бу қарорни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ҳам олқишлаб чиққани маълум бўлган.

28 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегараолди қишлоқлари аҳолиси орасида бошланган можаро икки томон ҳарбийлари қарама-қаршилигига айланиб кетган.

Ҳар икки томондан ўточар қуроллар, жумладан, тўплар қўлланилган. Тожикистон ҳарбийлари томонидан тикучарлар ҳавога кўтарилганига оид хабарлар ҳам ўртага чиққан.

Битим иш бермадими?

Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси

Учинчи кунига кириб бораётган можарода яраланганлар ва қурбон бўлганларнинг сони ортаётганига оид хабарлар келишда давом этмоқда.

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, шу пайтгача ҳар икки томондан жами 200 дан ортиқ киши тан жароҳати олган. Қурбонлар сони 20 дан ошган.

Нашр ўз ҳисоб-китобларида Исфара, Бобожон Ғафуров шаҳридаги манбалари ва Қирғизистоннинг 24.kg ахборот агентлиги хабарига таянган.

Можарода яраланганлар орасида Тожикистоннинг Исфара шаҳри мэрининг ҳам борлиги айтилган.

Акс-садолар

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон орада мавжуд вазиятдан ўзининг жиддий хавотирларини изҳор этиб чиққан биринчи минтақа давлати бўлган.

Расмий Тошкент томонларни вазиятни тинч йўл билан ечиш, оловланиб кетишига йўл қўймасликка чақирган, лозим бўлса, ўзлари ҳам ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканликларини баён қилганди.

Кеча, 29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги вазиятни Москва ҳам ўрганаётгани маълум бўлган.

Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирининг махсус вакили Мария Захарова пайшанба кунги брифинг чоғида маълум қилган.

У экспертлар билан маслаҳатлашгач, бу ҳақда батафсил изоҳ беришларини айтган.

Расмий хабарларга кўра, кеча, пайшанба куни мавжуд вазиятга Қозоғистон президенти ҳам эътибор қаратган, "чуқур хавотир" билдирган.

Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам икки давлат ўртасида ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувни олқишлаган.

Баёнотда, яна шунингдек, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат кенгаши доирасида бундай чегара ҳодисаларини ҳал қилиш механизмини ишлаб чиқиши мумкин, деб ҳисоблаши ҳам алоҳида қайд этиб ўтилган.

Ўзаро чегара графикаси

Маълум бўлишича, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Халқаро ташкилотнинг ҳам мавжуд вазиятдан хавотирда экани, "ташвиш билан кузатиб тургани" маълум бўлган.

Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги ёзишича, бу ҳақда БМТ Бош котиби махсус вакилининг муовини пайшанба кунги брифинг чоғида тўхталиб ўтган.

Фархан Ҳақ ташкилоти можаро ҳудудида ўт очишлар ҳақиқатан тўхтатилса, буни олқишлашларини айтган.

Махсус вакил БМТ ҳар икки томонни музокаралар ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб қолишини ҳам қўшимча қилган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари

Сурат манбаси, official

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар саналишади.

Икки давлат чегарасидаги можаро эса, мазкур ташкилот Мудофаа вазирларининг Тожикистон пойтахти Душанбедаги расмий учрашувидан кун ўтиб юз берган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги тўқнашувлар юзасидан Коллектив Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг бирор бир баёнот билан чиққани ҳозирча кўрилмаган.

КХШТ ҳам жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тинчликни сақлаш кучларини юбориш ҳуқуқига эга ташкилот саналади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek