Ўзбекистон Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятдан жиддий хавотирда - O‘zbekiston Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Чегарадаги можаролар

Сурат манбаси, BBC/ARXIV

Сурат тагсўзи, Қирғиз-тожик чегарасида низолар, шу жумладан, қуролли тўқнашувлар тез-тез қайд этилади. Бундай ҳодисалар 2020 йилда ҳам эпидемия ва карантин ҳолатига қарамай юз берган

Сўнгги хабарларга кўра, минтақада вазият бироз юмшаган. Ҳар икки томондан ўнлаб яраланганлар бор. Камида 7 киши қурбон бўлгани айтилмоқда.

Аввалроқ,Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида "Мамлакат раҳбарияти буйруғига асосан Тожикистон тўла сиёсий-дипломатик йўлга кўчади ва ўт очишни тўхтатади. Бугун Исфарада икки мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари музокара бошлаши" ҳақида айтилганди.

Пайшанба оқшомида икки давлат вакиллари ўртасида музокаралар бошланган.

Хабарларга кўра, Тожикистон ва Қирғизистон ҳукумати раҳбарлари вазиятни сиёсий ва дипломатик йўл билан ечишга келишиб олишган.

Ўзбекистон қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни тинч йўл билан ечишга чақирган. Ташқи ишлар вазирлиги расмий баёнот билан чиққан. Ҳар икки томондан яраланганлар сони ортаётганига оид хабарлар ҳам олинмоқда.

Кун бўйи минтақадаги қатор қишлоқларда отишмалар ҳамон давом этган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида билдирилишича, чегарадаги тўқнашувга оид хабарларни чуқур ташвиш билан қарши олишган.

Расмий Тошкент "томонларни зудлик билан можарога чек қўйиш, биргаликда вазиятни барқарорлаштириш ва тангликни янада кучайтириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш"га чақирган.

Ўзбекистон томонига кўра, мавжуд келишмовчиликка фақат музокаралар йўли билан барҳам бериш мумкин.

Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни тезроқ ўнглаш учун ўзлари ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирган.

Қирғиз президенти баёноти

Қирғизистон президенти

Сурат манбаси, official

Шу соатларда Қирғизистон президенти ҳам мавжуд вазият юзасидан баёнот билан чиққан.

"Қирғизистондаги барчани, энг аввало сиёсий кучлар ва оммавий ахборот воситаларини осойишталикни сақлаш, иғволарга учмаслик, адоват қўзғатмаслик ва ихтилоф чиқармаслик"ка чақирган.

"Ҳозир можарони ичкаридан оловлантирмоқчи бўлган шахслар хавфли" эканини айтган.

Президент Жапаровга кўра, "тожик биродарлари билан ҳамиша тил топиша олишади".

"Қадимий заминларида барча муаммоларни фақат яхши қўшничилик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, тинчлик-тотувлик билан ҳал этишади".

Қирғизистон президентининг баёноти унинг Facebook даги саҳифасида чоп этилган.

bbc

Сурат манбаси, BBC/official

Можаро

Чегара минтақаси

Сурат манбаси, Social media/bbckyrgyz

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма, яраланганлар бор. Томонлар низода яна бир-бирларини айблашмоқда. Хабарларга кўра, минтақада вазият ҳамон кескинлигича қолаётир, одамлар тарқалишга шошилишаётгани йўқ. Яраланганлар сони ортаётганига оид хабарлар ҳам олинмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати маҳаллий вақт билан бугун эрталаб соат 4:40да Боткеннинг Кўча-Бўйи ҳудудида вазият кескинлашганини маълум қилган.

Бунга Тожикистон фуқароларининг "провокацион ҳаракатлари" сабаб бўлганлиги айтилган.

Қирғизистон томонининг даъво қилишича, улар қирғиз фуқароларига тегишли уйларга тош отишган. Кейин йўлдан ўтаётган Қирғизистон автоуловларига ов милтиқларидан ўқ узишган.

Қирғиз-тожик чегарасида вазият кескинлигича қолмоқда, дейди маҳаллий аҳоли.

Можарода ҳар икки томондан жароҳатланганлар бор.

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, отишмада уч исфаралик яраланган.

Шаҳар маъмуриятидаги манба нашрга отишмани бугун эрталаб қирғиз тарафи бошлаганини айтган.

"Эрталаб аҳоли ўртасида можаро келиб чиқди, томонлар бир-бирига тош отишди. Бироқ Қирғизистон томонидан фуқаролик кийимида бўлган куч ишлатар тизими ходимлари тожикистонликларга қарата ўқ узишни бошлади. Ўнлаб одам жабр кўрди, бир нечтаси ўқдан яраланди", - дея иддао қилган бу манба.

Тожикистоннинг Исфара тумани Марказий касалхонасидагилар Asia-Plus га ўзларига ўқдан яраланган уч кишининг келтирилганини тасдиқлашган.

"Маълум бўлишича, улар ҳозир жонлантириш бўлимида. Аммо аҳволлари мўътадил. Шифокорлар томонидан лозим тиббий ёрдам кўрсатилмоқда".

Шу соатларда Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази ҳам баёнот билан чиққан.

Қирғизистон ҳарбийлари Головной сув тақсимлаш пункти жойлашган жойда тожикистонлик ҳарбийларга қарата ўқ узишганини айтган.

Тожикистон томонига кўра, "сўнгги можаро Қирғизистон билан бундан аввал эришилган битимнинг бузилиши манзарасида юз берган, қўшни давлат "Головной" сув тақсимлаш пунктини ноқонуний равишда тортиб олишга уринмоқда".

Матбуот маркази ўз баёнотида можарода жароҳатланган фуқаролари сонини икки нафарга нисбат берган.

Аммо Asia-Plus нашрининг ҳозир Исфара касалхонасида бўлган мухбирига таяниб хабар беришича, яқинда яна тўрт нафар фуқаро ўқдан олинган жароҳат билан бу ерга келтирилган.

"Умуман олганда, Исфара марказий касалхонасига асосан ўқдан яраланган 8 нафар жабрланувчи ётқизилган. Уларнинг аҳволи барқарордан оғиргача баҳоланмоқда", - деб айтган у.

Шаҳар маъмуриятидаги манбанинг сўзларига кўра, ҳозирда маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ҳодиса жойида, маҳаллий аҳоли билан учрашувлар ўтказишмоқда.

Айни пайтда, маҳаллий аҳолининг айтишича, тўқнашув содир бўлган жойга ҳар икки томондан ҳам техника ва хавфсизлик кучлари келтирилмоқда.

Қирғизистондан олинаётган хабарларга кўра, шу соатларга келиб, жароҳатланганлар сони 17 кишига етган.

Пойтахт Бишкекда эса, Боткен аҳолисини қўллаб-қувватлаб митинг бошланиб кетгани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, намойишчилар Бош вазир Улуғбек Марипов ва Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан учрашишни талаб қилишаётир.

24.кг ахборот агентлигининг ёзишича, даволаниш учун Германияга учиб кетган Ташиев аллақачон шошилинч равишда пойтахтга қайтиб келишини эълон қилган.

Намойишчилар, шунингдек, депутатлар ва спикер Талант Мамитов билан ҳам гаплашиш ниятида эканликларини айтишган.

Агентлик маълумотларига кўра, намойишчилар Боткен вилоятига юбориш учун кўнгиллилар отрядларини ҳам ташкил қилишмоқда.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келмоқда.

Минтақанинг аксарият аҳолиси эса, мусулмон саналади.

Ўзаро айбловлар

Тожикистоннинг Сомониён қишлоғига киравериш

Сурат манбаси, Asia-Plus/arxiv

Сурат тагсўзи, Тожикистоннинг Сомониён қишлоғига киравериш

Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистонни маълумотни сохталаштириш ва одамларни қўзғашда айбламоқда.

Тожикистон тарафдан отилган ўқдан Боткеннинг бир яшовчиси жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган, дея хабар қилмоқда маҳаллий ОАВлари. Тошлардан жароҳат олганлар ҳам бор.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, қирғиз-тожик чегарасида юз берган воқеада жабрланган тўрт киши тиббий ёрдам сўраб, ўзларига мурожаат қилишган.

28 апрель куни Тожикистон фуқаролари Оқ-Сой дарёси орқали шағал юклаб кетишга ҳаракат қилган.

Қирғизистон Чегара хизмати маҳаллий ҳукуматларнинг икки томонлама келишувисиз бу ерга кириш мумкинмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Аммо тожик фуқаролари чегарачиларнинг огоҳлантиришларига бепарво бўлган.

Қурол қўлланилиши тўғрисидаги огоҳлантирувдан сўнггина ишни тўхтатишган.

Ундан кейин тожик томони "Головной" (сув тақсимлаш) чизиғидаги электр устунларига видеокамералар ўрнатишни бошлаган.

Ўртада тортишув юзага келиб, фуқаролар ўзаро тош отиши ортидан, жанжал келиб чиққан, дейилмоқда.

24.кг ахборот агентлигининг хабар беришича, учта қишлоқ ҳудуди (Оқ-Сой, Оқ-Татир ва Самарқандек)да фавқулодда режим жорий қилинган.

Боткен вилояти доимий вакили Омурбек Суваналиев отишма ҳақидаги баъзи хабарларнинг сохта эканини ҳам айтган.

Агар, Asia-Plus хабарига таянилса, Суваналиев ҳозир Суғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода билан музокаралар олиб бормоқда.

Оқ-Сой қишлоғида сув оладиган жой яқинида вазият барқарор, аммо кескинлига қолмоқда, ҳар икки мамлакат фуқаролари ҳам тарқалишга шошилишаётгани йўқ, деб ёзган нашр.

Биринчи можаро эмас

Боткеннинг шу Оқ-Сой қишлоғидаги сув тақсимлаш пункти

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA

Ўтган ҳафтада ҳам Боткеннинг шу Оқ-Сой қишлоғидаги сув тақсимлаш пунктида можаро юз берган эди.

Қирғизистонда ўзаро низо қайд этилган ҳудуд тўғрисида бунгача муҳокамалар бўлган.

Парламентда Бош вазир Улуғбек Мариповнинг номзоди кўриб чиқилаётганида, у чегара ҳудудларидаги муаммолар ҳақида гапираётиб, канал бошини қўшни давлатга "олдириб қўйганини" айтган.

"Афсуски, биз Боткендаги Тўрткўл сув омборига келиб қўйиладиган каналнинг бошини ҳам олдириб қўйибмиз. Мен бунга ойдинлик киритдим. Бу ерда стратегик масалалар мавжуд", деган Бош вазир 3 февраль куни.

Унинг баёнотидан кейин Боткеннинг маҳаллий аҳолиси Мариповнинг айтганлари бўйича тушунтириш талаб қилишган.

Бош вазирнинг қайта баёнот беришига қарамай, айрим фуқаролар Бишкекда норозилик митингига ҳам чиқишган.

Марипов "Бош вазирликка номзод сифатида ҳам, Қирғизистоннинг ватанпарвар фуқароси сифатида ҳам" яна бир масалани айтиш ниятида эканлигини билдириб, кейинчалик видеомурожаат билан чиққан.

"Буни ўша ерда яшаган Боткен вилоятининг Боткен тумани Оқ-Сой қишлоғи аҳолиси жуда яхши тушунишади деб ўйлайман. Бу ерда гап ўша Оқ-Сой қишлоғидаги, қишлоққа қўшни бўлган, сув тўсмасидан 500-600 метр юқори масофада жойлашган, қўшни давлатга тегишли Қайирма канали тўғрисида, ундан ташқари Оқ-Сув дарёси ҳақида бўлган. Менинг ниятим шу бўлган. Аммо, афсуски, буни баъзи кучлар нотўғри талқин қилиши мумкин. Мен буни тўлиқ тушунаман. Биз бу масалани келажакда мамлакатимиз манфаати учун, қонун доирасида ҳал қилишимиз керак деган фикрдаман", деган Марипов 7 февраль куни ҳукуматнинг расмий веб-сайтида чоп этилган видеомурожаатда.

Низолар тарихчаси

Chegara

Қирғиз-тожик чегарасида низолар, шу жумладан, қуролли тўқнашувлар тез-тез қайд этилади.

Бундай ҳодисалар 2020 йилда ҳам эпидемия ва карантин ҳолатига қарамай юз берган.

Йил бошидан бери ҳам бир нечта келишмовчиликлар кузатилган.

Бишкек билан Душанбе чегараларни белгилаш масаласида бир фикрга келишолмайди.

Чегарадаги жанжалларнинг аксарияти Ворух анклави атрофида юз беради.

Совет Иттифоқи қулаб, чегарани белгилаш масаласи пайдо бўлганида, икки томон турли хил ҳужжатларни асос қатори қўлланишни таклиф қилгани маълум.

Чегарани белгилаш билан бир қаторда сувдан фойдаланиш масаласи ҳам долзарб.

Таҳлилчиларнинг фикрича, трансчегаравий сувларни тақсимлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари Совет Иттифоқи давридаги каби сақланиб қолгани сабабли, бу масала тобора кескинлашиб бораверади.

Chegara

"Боткен вилоятидаги тўрт-бешта дарё қўшни давлатлар билан биргаликда фойдаланиладиган трансчегаравий сувлар ҳисобланади. Можаронинг сабабларидан бири шундаки, сувдан фойдаланиш қоидалари Совет Иттифоқи даврида тузилиб, ўша бўйича қолаётганлиги", деган эди Боткеннинг собиқ ҳокими, маҳаллий таҳлилчи Ҳаит Айқинов Би-би-си билан суҳбатда.

"Биз Совет Иттифоқининг сув тақсимлаш қоидалари билан яшаяпмиз. Уни ўзгартириш ҳақидаги таклифларимизга қўшнилар жавоб бермаяпти. Ўша пайтда тузилган қоида умумий иттифоқ манфаатларига мос келган. Ҳозир энди мустақил мамлакат бўлганлигимиз учун, бу бизнинг манфаатларимизга тўғри келмайди, уни қайта кўриб чиқиш керак деб таклиф қилаяпмиз", дейди Саламат Аламанов.

Унинг айтишича, "Аслида, Ўзбекистонда ва Фарғона водийсидаги Тожикистон ерлари пахта етиштириш учун мослашган. Ўша пайтда пахта стратегик хом ашё ҳисобланган. Шунинг учун Совет Иттифоқида сувни у ерга етказиб бериш қарори бўлган".

"Бугунги кунда уларнинг хом-ашё стратегияси биз учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас-да. Шунинг учун ўзимизнинг ерларни ўзлаштириб, ҳудудимизда мавжуд сувларни керакли ҳажмда фойдаланишимиз керак, деган сабабларни айтамиз. Аммо шартнома бекор қилинмагунча, схема ишлайверади. Улар шунга таяниб, ишни кечиктирмоқда", дея сўзларида давом этган у.

Mulozim

Сурат манбаси, official

Яқинда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев қирғиз томони чегарани аниқлашда тожик расмийларига Ворух анклавини бошқа жойга алмаштиришни таклиф қилганини маълум қилган.

Аммо Душанбе таклифга жавоб беришидан аввал, баъзи тожик сиёсатчиларининг баёнотлари ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлган.

Хусусан, Тожикистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий 30 март куни Facebookда Ворух бўйича қирғиз тарафнинг таклифини танқид қилган узун пост қолдирган.

Орадан кўп ўтмай, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ворухга амалий ташриф билан келган.

Маҳаллий аҳоли билан учрашувда Раҳмон чегарани аниқлашда Ворухни алмаштириш ҳақида гап бўлмаслиги кераклигини айтган.

"Қирғизистон билан чегарадош Исфара шаҳри халқларимиз ўртасидаги дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди", деган Раҳмон.

Dushanbe

Сурат манбаси, official/arxiv

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek