Россия Қозоғистон ерларига кўз олайтирмоқдами? - Қозоғистон мухолифати ЕвроОсиё иттифоқидан чиқишни талаб қилмоқда - video, Rossiya, Putin, Qozog‘iston, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ҳукуматдаги Единая Россия партияси депутатлари бир ҳафтадан буён Қозоғистон ерлари Россия томонидан совға қилингани ва уни қайтариш лозимлигини таъкидламоқда. Mухолифат фаоллари бундай даъволарга нисбатан Қозоғистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидан чиқиши керак, деган талабни олдинга сурди. Путин ростдан ҳам Қозоғистон ерларини қўшиб олишни истайдими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
10 декабрь куни Россия давлат думаси депутати Вячеслав Никонов Россия давлат телеканали орқали Қозоғистон олдин умуман мавжуд бўлмагани ва унинг ерлари Россия томонидан берилган катта совға эканлигини айтди.
Орадан бир кун ўтиб, фаоллардан бири Москвадаги Қозоғистон элчихонаси темир панжараларига «Шимолий Қозоғистон - Россия ерлари» , деб ёзилган баннер илди.
12 декабрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Давлат Думаси депутати баёноти юзасидан Россия дипломатига норозилик нотаси топширди. Қозоғистон ҳукумати Россия Федерацияси давлат арбоблари келажакда бу каби баёнотларни бермаслигининг олдини олиш борасида чора кўришга чақирди.
Қозоғистон Парламенти депутати Бахитбек Смагул Россия Думаси депутатини иғвогарликда айблади. Бу каби сиёсатчиларга Россия жамиятида қизиқиш борлиги ва уни Россия «Биринчи канали» намойиш қилганига афсус билдирди.
Қозоғистон сенатининг Mудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Мухтар Қул-Муҳаммад Россия депутати гапларини «сиёсий масъулиятсизлик ва таҳқирлаш», дея изоҳлади.
13 декабрь куни Россиянинг Олма отадаги консуллиги биносига «Шимолий Қозоғистон - бу қозоқларнинг ери», деб ёзилган плакат осилди.

Сурат манбаси, Thinkstock
Шундан сўнг Россия Думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари ўринбосари Виктор Водолоский Давлат Думаси номидан Россия Қозоғистон суверенитетини тўлиқ тан олишини айтди ва келиб чиққан ихтилоф барҳам топишига умид билдирди.
Бироқ Водолоскийнинг узрхоҳлигидан бир кун ўтиб, 14 декабрь куни Россия Думасининг яна бир депутати Евгений Федоров янада баландроқ оҳангда Россия Қозоғистонга совға қилинган ерларни, шу жумладан, Олма отани ҳам қайтиб олиши керак, деб чиқди.
«Жаноб Назарбоев, Тоқаев ва ТИВ кетишни хоҳлайсизми? Марҳамат, жомадонларни олиб, ерларни, Верний, яъни Олма ота шаҳрини ва қолганларини бериб кетаверинг», деган Федоров.
Евгений Федоров Россиядаги ҳукмрон партия «Единая Россия» номидан депутат бўлгунга қадар Россия Президенти маъмурияти қошидаги Mудофаа кенгашида ишлаган.
16 декабрь куни Россиянинг ЛДПР партияси раҳбари Владимир Жириновский Давлат Думаси депутатларининг Қозоғистонга бўлган ҳудудий эътирозларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Россия сиёсатчиларнинг бу каби даъволари Қозоғистондаги зиёли ва фаолларни жунбишга келтирган.
Қозоғистонлик сиёсатшунос Данияр Ашимбаев Никонов ва Федеровларнинг баёнотларига изоҳ бераркан, Россия бу каби беўхшов чақириқларни айтиш даражасида иттифоқчиларга эга эмаслигини айтди.
Қозоғистоннинг таниқли шоири Ўлжас Сулаймонов Қозоғистон шимолдаги вилоятларга кўпроқ эътибор қаратиши лозимлигини урғулади.

Сурат манбаси, official
Қозоғистоннинг мухолифатдаги ва ҳали Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган Демократик партияси лидери Жанболат Мамай Россия депутатларининг чақириқларига жавобан Қозоғистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидан чиқиш билан жавоб бериши кераклигини билдирди.
У Қозоғистон раҳбарияти бу борада сусткашлик қилаётганини таъкидлаган.
«Назарбоев бўлсин, Тоқаев бўлсин бошқа амалдорлар очиқ чиқиб айтиши керак эди. Қозоқнинг ерига кўз тиккан, Қозоқнинг мустақил мамлакатлигини тан олмайдиган ҳар қандай одамни жиноий жавобгарликка тортамиз, уларга Қозоғистонга кириш ман қилинади. Керак бўлса, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқидан чиқамиз, иттифоқдошимизнинг бу каби гапларни айтишга қандай ҳаққи бор, деган гапни очиқ айтиши керак эди», дейди Жонбўлат Мамай.
Қозоғистон ерларига даъвогарлик чақириқларидан бир ҳафта ўтиб, 17 декабрь куни Кремль бу борада расмий муносабатини билдирди.
«Россия Kонституцияси бўйича мамлакатнинг ташқи сиёсатини Президент белгилаб беради», деган КазТаг хабар агентлиги сўровига Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Шу йилнинг 21 июнида Россия Президенти Владимир Путин Совет Иттифоқига кирган вақти кўплаб республикалар тарихан Россияга тегишли бўлган ерларга эгалик қилиб олганини айтганди.
Путиннинг таъкидлашича, СССР таркибидан чиқаётганда бу мамлакатлар рус халқидан совға олгандек эмас, балки қандай кирган бўлса шундай чиқиши керак бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















