Қирғиз-тожик чегара можароси: Туни билан отишма тўхтамади, қурбонлар бор - O‘zbekiston Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Қирғизистон-Тожикистон чегараси

Сурат манбаси, APRIL/SOCIAL MEDIA/BBCKYRGYZ

Қирғизистон томонига кўра, зиддият ҳудудида отишмалар ярим тунга қадар тинмаган. Тожикистондан ҳам худди шунга ўхшаш хабарлар олинмоқда. Икки давлат Ташқи ишлар вазирлари можарони бартараф қилиш бўйича сўзлашувларни давом эттириши кутилмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Лайлак туманида туни билан отишмалар давом этган, айрим уйларга ўт қўйилган.

Ички ишлар бошқармасининг маълумотига кўра, можаро Мақсат қишлоғида содир бўлган.

"Милиция ходимлари кучайтирилган тартибда хизмат ўтамоқда. Мақсат қишлоғи аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилди. Арка-1 қишлоғида кафе ва дўконларга ўт қўйилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу аҳоли пунктида Тожикистон фуқаролари талон-тарож билан шуғулланиб, сўнгра объектларни ёқиб юборишган дейилади", идора хабарида.

Мақсат қишлоғида нечта уйга ўт қўйилгани ва қанча объект зиён кўрган тўғрисида ҳали аниқ маълумот йўқ.

Боткеннинг маҳаллий ҳокимияти 20 мингга яқин одам эвакуация қилинганини айтмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Боткеннинг маҳаллий ҳокимияти 20 мингга яқин одам эвакуация қилинганини айтмоқда

Қирғизистон томонининг бу даъволарига ҳали расмий Душанбенинг расмий муносабати ҳам кўзга ташланмайди.

Тожикистонлик мустақил журналистнинг ёзишича, кеча тунги тўққизларда қирғиз фуқаролари Исфаранинг Ворух қишлоқ жамоатидаги Тожикон маҳалласидаги уйлардан бирига граната отиб кетган. Портлаш пайтида уй эгаларининг йўқлиги боис ҳеч ким жабрланмаган.

Мазкур маҳалла раиси Ғафуржон Жўраевнинг айтишича, Ворух қишлоғи электрсиз қолган. У қирғиз томонидан узиб қўйилган. Анклав ҳисобланадиган бу қишлоқни Тожикистоннинг бошқа манзиллари билан боғловчи йўл тўсиб қўйилган.

"Мен ҳозир Хўжанд шаҳридаман. Оилам Ворухда. Йўл тўсиб қўйилгани учун бора олмаяпман. Тўғри, ҳозир телефон орқали гаплашиб турибмиз. Лекин электрни узиб ташлашибди.Энди аёлимнинг телефони қувватсизланса, нима киламиз? Хавотирликда яшайманми", - деб айтган унга ворухлик Даврон Собиров.

Исфара шаҳрида эришилган келишувга қарамай, бугун яна отишмалар давом этган. Бу гал Исфаранинг Кулкент қишлоқ жамоатида отишма содир бўлган, дейди журналист.

Чоркуҳ қишлоқ жамоатида яшовчи Абдухолиқ исмли кишининг журналистга айтишича, "қирғизлар Хўжаи аъло - Ворух йўлида кўринган одамгами, машинагами, қирғизлар ўт очишяпти".

Asia-Plus нашрининг воқеа жойидаги мухбирига таяниб хабар беришича, бугун, 30 апрель куни Чоркуҳда можарода ҳалок бўлган икки кишининг дафн маросими ҳам бўлиб ўтган.

Бундан аввал Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати 29 апрель куни соат 23:45дан бошлаб давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги воқеа содир бўлган ҳудудида ўқ отиш тўхтатилганини маълум қилган эди.

"Боткен вилоятида жойлашган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати бўлинмалари ва қўшинлари, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, куч тузилмалари бўлинмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан биргаликда вазиятни янада кескинлашишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрмоқда", дея баён қилинганди расмий хабарда.

Харита

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий кучларни аввалги доимий турадиган жойларига олиб кетишга келишиб олингани маълум қилинган эди.

Бироқ, маҳаллий қирғиз расмийларининг сўзларига кўра, зиддият авж олган чегара ҳудудида тунги 00:00га қадар отишмалар тўхтамаган.

Икки давлат Ташқи ишлар вазирлари можарони бартараф қилиш бўйича сўзлашувларни давом эттириши кутилмоқда.

Оқ-Сув

Сурат манбаси, SOCIALMEDIA/BBCKYRGYZ

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри ҳам кун аввалида шаҳардаги манбасига таяниб, Исфара шаҳрининг Кулкент қишлоқ жамоатида Қирғизистон томони ўт очишни бошлагани ҳақида хабар берган.

Хабарнинг тўлдирилаётганини айтган, аммо бу хусусда Қирғизистон томонининг ҳам ҳозирча бирор бир расмий изоҳ билан чиққани кўрилмаган.

Мазкур нашрнинг ёзишича, Сўғд вилояти раиси шахсан президент Эмомали Раҳмоннинг буйруғи билан бугун, 30 апрель куни эрталаб исфаралик фаоллар билан учрашган.

Ражаббой Аҳмадзода Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ташаббуси билан қуролли можарони тартибга солиш бўйича комиссия тузилганлигини таъкидлаган.

Учрашув чоғида тўқнашувлар оқибатларининг тўлиқ бартараф этилиши, электр узатиш линиялари ва кўприклар таъмирланиши қайд этилган.

"Биз йўлни очиш бўйича Боткен вилояти маъмурияти билан музокаралар ўтказдик ва бу муаммо ҳал қилинади", - деб айтган Сўғд вилояти раиси.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси

Сурат манбаси, SOCIALMEDIA/BBCKYRGYZ

Шу билан бирга, вилоят раҳбари чегараолди ҳудудлари аҳолисини провокациялар ва ҳиссиётларга берилмасликка, сиёсий ҳушёрликни йўқотмасликка ҳам чақирган.

Айни пайтда чегара ҳудудлари нисбатан тинч, аммо вазият кескинлигича қолаётгани айтилади.

Расмий хабарларга кўра, кеча, 29 апрелнинг ўзида Тожикистон билан чегарадаги мавжуд вазият юзасидан Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳам устма-уст йиғилишлар ўтказган.

Вазиятни ҳукумат аъзолари билан учрашган, Хавфсизлик Кенгашининг тор доирадаги йиғинига раислик қилган, тангликни юмшатиш масаласини муҳокама этиб олгани хабар берилган.

Хавфсизлик Кенгаши Котибияти ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб, Қирғизистоннинг айрим қишлоқлари эгаллаб олинганлиги ҳақидаги хабарларни расман рад этиб чиққан.

Қирғизистон президентининг расмий веб сайтида ҳам Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият барқарорлашгани ва шахсан Садир Жапаров назоратида остида экани айтилган.

Расмий хабарга таянилса, Боткенда ҳозир Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ фаолият юритмоқда ва зиддиятни ҳал қилиш учун бир қатор тадбирларни амалга оширишга ҳам улгурган.

Расмий хабарларга кўра, чегарадаги можаро туфайли Қирғизистон "Тинчликка қарши жиноят" моддаси билан жиноий иш очган.

Қирғизистон прокуратураси Тожикистонни қуролли тажовуз ва халқаро шартномаларни бузишда айблаган.

Бу янгиликка шу соатларда расмий Душанбенинг муносабати имконли эмас.

Талафотлар

Қирғизистон-Тожикистон чегараси

Учинчи кунига кириб бораётган можарода яраланганлар ва қурбон бўлганларнинг сони ортаётганига оид хабарлар келишда давом этмоқда.

Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашрининг ёзишича, шу пайтгача ҳар икки томондан жами 200 дан ортиқ киши тан жароҳати олган. Қурбонлар сони 20 дан ошган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги қирғиз-тожик чегарасидаги воқеада жабрланганлар сони 96 кишига етганини маълум қилган.

Улардан тўрт нафари вафот этган. Ҳалок бўлганлардан бири Лайлак туманида яшовчи ўн уч яшар қиз. У Боткен шаҳридаги касалхонага олиб кетилаётганида йўлда вафот этган.

Шунингдек, воқеада Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг уч зобити ҳам ҳалок бўлган.

Қўмита расмий баёнотида айтилишича, 22 нафар ҳарбий хизматчи жароҳатланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса, ўспирин қизнинг ҳам ўқдан вафот этганини тасдиқлаган.

Можаро тафсилотлари

Қирғизистон-Тожикистон чегараси

Сурат манбаси, SERGEI ZHUKOV/TASS/ARXIV

Чегарадаги можаро 28 апрелда, тушдан кейин, соат тўртга яқин келиб чиққан.

У Тожикистонинг Исфара шаҳрига қарашли Хўжаи аъло қишлоғига яқин ердаги сув тақсимлагич атрофида юз берган.

Тожикистонлик расмийларга кўра, бу сув тақсимлагич мавжуд харитага мувофиқ 1968 йилда Тожикистон ҳудудида қурилган.

Унинг қурилишидан мақсад Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида суғориш ишларини яхшилаш бўлган.

Тожикистон ДМХҚ матбуоти хизмати тарқатган хабарга кўра, сувтақсимлагич қирғиз аҳоли манзилларидан олисда жойлашган, лекин қирғиз томони у ерга ўз фуқароларини юбориб, можаро келиб чиқишига "гиж-гижламоқда".

Кейинги можаро бевосита Боткен тумани бошлиғининг "қўллови" остида бўлган, дейилади расмий хабарда.

Можаро натижасида қирғиз фуқаролари тожик фуқароларига қарата тош отишган. Етти нафар тожикистонлик яраланган.

Қирғиз томоин сув иншоотини эгаллаб олган ва тинч тожик аҳолисига қарши фукаро кийимида кийинтирилган махсус жангчиларни ишга солмоқда, дейилган Тожикистон ДМХҚ хабарида.

Қирғиз томони эса, можаро келиб чиқишида тожик томонини айблайди.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, можаронинг келиб чиқишига тожик фуқароларининг Бош сув тақсимлагич ҳудудидаги симёғочларга кузатув камералари ўрната бошлашгани сабаб бўлган.

Иккинчи кузатув камераси ўрнатилаётган пайтда қирғиз чегарачилари ва Боткен вилояти милиция ходимлари етиб келишган.

Ўзаро музокаралар давомида бир қарорга келинмаган.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, шундан сўнг қирғиз фуқаролари воқеа жойига келиб кузатув камералари ўрнатилган симёғочларни арралай бошлашган.

Можаро жойига икки томондан 100-150 нафар одам йиғилган.

Баҳслашув тош отишга айланган. Қирғизистон томондан бир кишига тош тегиб, яраланган.

Исфара шаҳар ҳукуматидан кузатув камералари ўрнатила бошланганини тасдиқлашган.

Ҳукумат вакили қирғиз томони ҳам кузатув камералари ўрнатгани ва тожикистонлик мутахассисларни сув сатҳини ўлчашга қўйишмаётганини айтган.

Бунинг натижасида тожикистонлик деҳқонлар суғориш мавсумида сув етишмаслигидан қийналишади, деган у.

29 апрель куни фуқаролар орасида бошланган можаро отишмага айланган.

Қирғиз томонидан очилган ўт оқибатида уч нафар тожикистонлик яраланган ва Исфара шаҳар беморхонасига олиб кетилган. Қирғиз томони тожик томонидан отилган ўқ 30 ёшли кишининг кўзига келиб текканини иддао қилган.

Ўқ тегиб яраланган ва ҳалок бўлганлар сони ошиб борган. Жумладан, Исфара шаҳар Раиси Баҳоваддин Баҳодурзода елкасидан яраланган.

Ўқ ёмғиридан жон олиб қочишлар

Кўчирилганлар

Сурат манбаси, SOCIAL MEDIA/BBCKYGYZ

Соат ўтган сайин отишмалар кучайиб, ҳар икки томон чегарага ҳарбий кучлар, танклар, оғир артиллерия олиб кела бошлаган.

Аввал Исфаранинг Чоркуҳ, Ворух қишлоқ жамоатларида, Чорбоғ, Сурх, Сомониён қишлоқларида отишмалар авжига чиққан бўлса, можаро майдони тез кенгая борган.

Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров ва Қирғизистоннинг Лайлак туманлари чегарадош қишлоқларида ҳам отишмалар бошланган.

"Илгари бундай бўлмаган. Қирғизистоннинг Мақсат қишлоғига яқин маҳаллаларимиз отишмага дучор бўлишганди. Бу гал бизнинг чегарадан узоқроқ маҳалламизга ҳам дайди ўқлар учиб кела бошлади. Оқариқ, Овчибоғ маҳаллаларида ўқлар визиллаб уча бошлабди. Ариқ бўйида ўтирган бир йигитга ўқ тегиб, оёғидан яраланган. Маҳалламиздаги жуда кўпчилик одамлар хавфсизроқ қишлоқларга, Бўстон ва Хўжанд шаҳарларидаги қариндошлари, танишларининг уйларига қараб жон олиб қочишди. Ўзининг манфаатини ўйлаб, Рамазон ойида одамлар қонини тўккан, ваҳимага, қўрқувга солган бир ҳовуч кимсаларнинг виждони қийналмасмикан", - дейди Бобожон Ғафуров туманининг Қирғизистон билан чегарадош Овчиқалъача қишлоғида яшайдиган журналист Бихалича Аҳмедова.

Овчиқалъачалик бошқа бир кишининг айтишича, отишмада ўн нафарга яқин ҳамқишлоғи яраланган, ҳалок бўлганлар ҳам бор.

Боткен вилояти Ички ишлар бошқармасидан билдиришларича эса, Овчиқалъача билан чегарадош Лайлак туманининг Мақсат овули аҳолиси хавфсиз жойга кўчирилган.

Арқа-1 овулида кафе биноси ёндирилган. Маҳаллий аҳоли кеча кечқурун Интернационал овулининг бошлиғи Мирзабек Жубаев ўғирлаб кетилганини иддао этган.

"Тожик томонидан ўтганлар иккита уйни эгаллаб олишди, яна иккитаси ёқиб юборилди. Икки нафар эркак ўлдирилди", - дея иддаоларида давом этган мақсатликлар. Бу хабарни Боткен вилояти ИИБ тасдиқлаган. Лекин Тожикистон томони тасдиқламаган.

- Ўк отилиб тургач, барибир ўз жонингни ўйламасанг ҳам, болаларингни ўйлар экансан. Уч нафар ёш болам бор. Оиламиз билан 25 километр узоқликдаги Хўжанд шаҳрига, қариндошларникига қараб қочдик. Бир биз эмас, юзлаб оилалар хатарсиз жой излаб, бошпанасини тарк этишга мажбур бўлди, деди Бобожон Ғафуров туманининг Қирғизистонинг Лайлак туманидаги Арқа овули билан чегарадош Хистеварз қишлоғида яшовчи Амир Кенжаев.

Тожикистонда энг катта саналадиган бу қишлоқда камида 60 минг нафар одам яшайди.

Сўнгги можаро мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи ва глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Жорий пайтда аксарият минтақа давлатларида коронавирус билан боғлиқ аҳволнинг яна ёмонлашиб бораётгани кузатилади.

Тожикистон ва Қирғизистонни 900 км дан ортиқ давлат чегараси ажратиб туради, уларнинг ярмига яқин қисми демаркация қилинмаган.

Одатда, давлатлар ўртасида чегара қаерда жойлашганлигини аниқлашнинг иложи йўқ, бу эса маҳаллий аҳолининг сув, яйлов ва йўллардан фойдаланишида муаммоларга олиб келади.

Баҳсли ҳудудлар икки мамлакат чегараларининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади ва унинг энг зиддиятли қисмлари ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek