Ўзбекистон: Қирғиз-тожик чегарасидаги можарога Шавкат Мирзиёев эътибор қаратди - O‘zbekiston Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Қирғиз-тожик чегарасидаги можарога Шавкат Мирзиёев эътибор қаратди. Ўзбекистон президенти юзага келган вазиятни ҳар икки давлат президентлари билан муҳокама этиб олди. Ўзбекистон сўнгги можаро юзасидан расман хавотир билдириб чиққан биринчи минтақа давлати ҳам бўлганди.
Шу пайтгача қолган бирор бир Марказий Осиё давлати раҳбарининг Қирғизистон ва Тожикистон президентларига сим қоққанига оид расмий хабар ҳам олинмаган.
Пойтахт Тошкентдан кун аввалида олинган расмий хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёев шу бугуннинг ўзида ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон президенти билан гаплашиб олган.
Телефон қўнғироқлари Ўзбекистон раҳбарининг Туркманистонга бир кунлик ишчи ташрифи ортиданоқ амалга оширилгани билан кўпчиликнинг диққат эътиборини ўзига тортган.
Бунинг ортидан, минтақадан Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг ўзаро телефон мулоқотларига оид расмий хабарлар олинган.
Расман билдирилишича, икковлон давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасидаги вазиятни тезкор равишда кескинлаштириш чораларини муҳокама қилиб олишган.
"Амалий мулоқот" мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш ва яхши қўшничилик руҳида бўлиб ўтгани таъкидланган.
Садир Жапаровнинг фарқли равишда, орада ўзаро чегарадаги ҳодисаларнинг сўнгги ривожига Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг расман муносабат билдириб, баёнот билан чиққани кўрилмаган.
Давлат раҳбарлари мавжуд вазиятни фақат тинчлик йўли билан ҳал қилишга ва шу йил май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олишгани ҳам маълум бўлган.
Расмий Бишкек ҳукумат делегацияларининг қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралари эртага, 1 май куни Боткен вилоятида бўлиб ўтишини ҳам билдириб ўтган.
Эмомали Раҳмон эса, Қирғизистон президентини энг қулай вақтда Тожикистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилгани айтилмоқда.
Тожикистон томонининг телефон мулоқотига оид расмий хабарида айтилишича, таклиф Қирғизистон Президенти томонидан мамнуният билан қабул қилинган.
Ташрифнинг аниқ саналари дипломатик каналлар орқали келишиб олиниши билдирилган.
Бу - сув устидан икки қўшни давлат чегарасида бу яқин йилларда кузатилмаган энг ёмон тўқнашувлардан бири бўлган.
Сўнгги хабарларга кўра, можарода ҳар икки томондан жами камида 31 киши қурбон бўлган, катта сондаги одамлар яраланган, минглаб одам хавфсиз жойларга кўчирилган.
Ўнлаб уйлар, айрим бинолар ва чегара постларига ҳам зиён етканига оид хабарлар бор.
Тожикистон томони ўзларига етган инсоний ва моддий талафотларга оид расмий маълумотларни ҳалича тўлиғича очиқламаган.

Сурат манбаси, official
Агар, расмий хабарларга таянилса, Шавкат Мирзиёев биринчи бўлиб Тожикистон президентига қўнғироқ қилган.
Давлат раҳбарлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазиятнинг ривожланишини муҳокама қилишган.
Ўзбекистон президенти юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича ҳар икки томон ўртасида эришилган келишувларни қўллаб-қувватлаган.

Шавкат Мирзиёев ҳам мавжуд барча масалалар дўстлик, яхши қўшничилик, шериклик муносабатлари руҳида, фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниш муҳим эканини таъкидлаган.
Телефон қўнғироғи, бошқа томондан, Ўзбекистон президентининг Тожикистонга кутилаётган олий даражадаги ташрифи арафасида амалга ошган.
Расман билдирилишича, бугунги телефон мулоқоти чоғида президентлар худди шу ташрифга тайёргарликнинг қандай кетаётгани масаласини ҳам муҳокама этиб олишган.

Сурат манбаси, official
Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Мирзиёев Жепаров билан телефон суҳбати чоғида ҳам Қирғизистон-Тожикистон чегарасида юзага келган вазият ва уни тез фурсатда ҳал қилиш масаласига эътибор қаратган.
Қирғизистон ва Тожикистоннинг вазиятни барқарорлаштириш ва унинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик борасида бир келишувга эришишгани мамнуният билан қайд қилингани айтилган.
Маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон президенти билан суҳбати чоғида ҳам юзага келаётган барча баҳсли масалаларнинг кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик руҳидаги мулоқот асосида ҳал қилиниши зарур экани таъкидланган.

Сурат манбаси, APRIL/SOCIAL MEDIA/BBCKYRGYZ
Давлат раҳбарлари жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтган саммит якунида қабул қилинган қўшма қарор ва келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталишган.
Қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш ва устувор лойиҳаларни илгари суриш мақсадида фаол алмашинувларни давом эттириш ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Айни пайтда чегара ҳудудлари нисбатан тинч, аммо вазият кескинлигича қолаётгани айтилади.
Ўзбекистон сўнгги можаро юзасидан расман хавотир билдириб чиққан биринчи минтақа давлати бўлади.

Сурат манбаси, .
Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда кеча, 29 апрель куни расмий баёнот билан чиққан.
Ўзбекистон қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни тинч йўл билан ечишга чақирган.
Чегарадаги тўқнашувга оид хабарларни чуқур ташвиш билан қарши олганликларини билдирган.
Расмий Тошкент "томонларни зудлик билан можарога чек қўйиш, биргаликда вазиятни барқарорлаштириш ва тангликни янада кучайтириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш"га чақирган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ҳам мавжуд келишмовчиликка фақат музокаралар йўли билан барҳам бериш мумкинлиги алоҳида таъкидланган.
Вазирлик вазиятни тезроқ ўнглаш учун ўзлари ҳам ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирганди.
Чегаралар делимитацияси ва демаркацияси ўз мустақилликларини қўлга киритишлари ортидан, барча минтақа давлатларига бирдек хос зиддиятли масала бўлиб келади.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги сўнгги можаро ҳам бу муаммо ҳануз ўзининг барча томонлар учун қониқарли ечимини топмаганига далолат қилган.

Сурат манбаси, official
Ўтган йилнинг 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани туташган чегара ҳудудидаги қишлоқларда ҳам аҳоли ўртасида сув туфайли низо келиб чиққан.
Хабарларда Сўхнинг Чашма ва Қадамжой туманининг Чечме қишлоқлари аҳолиси Чашма номли булоқнинг қайси давлатга тегишли экани юзасидан чиққан тортишувлар ортидан тўқнашгани айтилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлар.
Жанжал натижасида Ўзбекистон ҳудудидаги уч хонадон ёқиб юборилган.
Можаро ҳар икки томондан жаъми 200 дан ортиқ кишининг тан жароҳати олиши билан якун топган.
Биргина расмий рақамлардан энг кўп жабрланганларнинг ўзбекистонликлар экани англашилган.
Шавкат Мирзиёев қудратга келган ўтган тўрт йил ичида Ўзбекистоннинг бир минтақа давлати билан ўзаро чегарасида бу кўламдаги зўравон можаро кузатилмаганди.
Садир Жапаровнинг шу йил Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти билан "чегара бўйича муносабатлари тарихида биринчи марта жуда қаттиқ ва аниқ келишиб олишган"ини айтган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара масалаларини "уч ой ичида ҳал қилиш" ниятида эканликлари маълум бўлган.
Шавкат Мирзиёев, "бу - халқлари (ечимини - gazeta.uz таҳр.) кутаётган жуда нозик муаммо" эканини ҳам таъкидлаган.
Ўзбекистон президенти "Бюрократиясиз, фуқароларига қулай ва яхшироқ бўлиши учун жиддий масъулиятни ўз зиммаларига олишга қарор қилганликлари"ни баён қилганди.

Аммо сўнгги ҳафталарда Қирғизистондан олинаётган хабарлар маҳаллий аҳолининг бу борадаги келишувлардан норози эканини кўрсатган.
Улар Ўзбекистон билан бу масалада эришилган айрим битимларни қайта кўриб чиқилиши талабида эканликлари маълум бўлган.
Бугунги кунда Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасининг узунлиги 1 378 километрни ташкил этади. Улардан 1 170 км ёки 85% рўйхатга олинган.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 9 та мунозарали ҳудуд мавжуд бўлиб, у ерда икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддиятлар тез-тез юз бериб келади.
Қирғизистон ва Тожикистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош учта давлатидан иккитаси бўлишади.
Олти миллиондан сал ошувчи аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини ўзбеклар ташкил этади.
Қирғизистондаги пандемия билан боғлиқ аҳвол ва сўнгги сиёсий жараёнларга Ўзбекистон ҳукуматининг фаоллик билан муносабатда бўлгани, вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бериш саъй-ҳаракатида экани кўрилган.
Марҳум президент Ислом Каримов ўз вақтида сув туфайли минтақада уруш бошланиб кетиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра, ҳали ўртадаги чегаралар аниқланиб, белгиланмас экан, можаролар олдини буткул олиш мумкин эмас.
Чунки қўшнилар ўз ерлари деб ҳисоблайдиган баҳсталаб майдонларда уй қуришда давом этишмоқда. Сув йўллари тўсиб қўйиляпти.
Қайси йиллар меваси, бу!

25 апрель куни Ўш вилояти аҳолиси билан учрашувда Қирғизистон ДХМҚ раиси Қамчибек Ташиев Лайлак туманидаги Қозу-Боғлон (Тожикистонда Хўжабақирғон деб аталади) дарёсини тўсиб, сув омбори қурилиши ҳақида айтган.
Тожикистондаги мустақил журналистнинг айтишича, бу хабар тожикистонликларни қаттиқ ташвишга солган.
Чунки Хўжабақирғон сувидан Суғд вилоятининг Бобожон Ғафуров ва Жаббор Расулов туманларида катта экин майдонлари суғорилади.
Дарё йўли тўсилса, бу экин майдонларини суғориш муаммоси юзага чикади.
Ташиев айни шу Хўжабақирғон сувидан Хўжанд шаҳри аҳолиси ҳам ичимлик суви сифатида фойдаланишини таъкидлаган.
У йил давомида кўзланган лойиҳани амалга ошириш мумкинлиги ҳақида сўз юритган.
Лекин тожикистонлик сувдан фойдаланиш мутахассисларининг айтишларича, бу лойиҳа албатта тожик томони билан келишувсиз, халқаро битимларга мувофиқ бўлмаса, амалга оширилмайди.
Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Лайлак тумани экин майдонларининг катта қисми Тожикистоннинг Қайроққум сув омборидан тортиб бериладиган сув орқали суғорилишини ҳам эслатишган.
"Мен Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара, сув ва ерга оид барча муаммолар келишув йўл билан ҳал этилишига ишонаман. Аслида бу муаммоларнинг келиб чиқиши Шўролар Иттифоқининг ташкил топиш даврларидаги нотўғри, балки атайлабдир, ер тақсимлаш масалаларига бориб тақалади. Мана энди мустақиллик даврига келиб, унинг мевасини татияпмиз. Барча Марказий Осиё мамлакатларида баҳсталаб ерлар йўқ эмас", - деб айтган журналистга маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.
Кейинги ўн йил давомида икки қўшни мамлакат орасидаги можаро асосан Исфара шаҳри ва Боткен туманидаги қўшни қишлоқ ва овулларда яшаётган аҳоли орасида келиб чиққан. Бунга асосан сув ва ер масалалари сабаб бўлган.
Лекин бу галги ҳарбий можаро ўз кўлами жиҳатидан олдингиларига қараганда камида етти-саккиз баравар катта бўлган, деди можарони ёритган суғдлик журналистлардан бири.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















