Тожикистон ва Қирғизистон ўт очишни тўхтатишга келишдилар Dunyo Yangiliklar

Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ва Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев

Сурат манбаси, Тожикистон Суғд вилояти раиси матбуот хизмати

Сурат тагсўзи, Қирғизистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев(чапда) ва Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов Тожик-Ўзбек чегарасида учрашганлар

Тожикистон ва Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг икки мамлакат раҳбарларига таяниб хабар қилишларича, 16 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 15:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатишга келишганлар.

Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов ва Давлат Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги "Равад" чегарадан ўтказиш пунктида учрашиб келишувга эришганлар.

Алоқадор мавзулар:

Учрашувда икки мамлакат ички ишлар вазирлари ва чегарадош вилоятларнинг раҳбарлари ҳам қатнашганлари хабар қилинмоқда.

Тожик-Қирғиз чегарасидаги навбатдаги зўравонлик 16 сентябрь тонгида бошланган.

Бундан олдинги қуролли тўқнашув 14 сентябрь куни рўй берган, Тожикистондаги "Азия-Плюс" ахборот агентлиги икки Тожикистон ҳарбийси ҳалок бўлгани, 11 киши жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатган эди.

Қирғизистондаги 24.kg веб-сайти ўша куни беш қирғизистонлик яраланганини хабар қилган.

16 сентябрдаги отишмалар бошланишида томонлар қарши тарафни айблаб чиқдилар.

Қирғизистонга кўра, Тожикистон Қирғизистон чегарачиларининг мавқеъларини оғир қуроллардан ҳужумга тутган.

Қирғизистон чегарачилари Тожикистон ҳарбийларини танк, БТР, БМП ва миномётларни ишга солганликда айблади.

Қирғиз чегара хизматига кўра, Боткен шаҳри атрофида ракеталар портлаган.

"Боткен шаҳридаги ноҳарбий инфраструктуралар вайрон этилди", дейилади Қирғиз чегара хизмати баёнотида.

Тожик Қирғиз можароси оқибатида шикастланган тинч фуқаро уйи

Сурат манбаси, Social media

Чегара ҳудудудидан Қирғизистон фуқаролари кўчирилгани хабар қилинди.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, бир неча инсон ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши яраланган.

Тожикистон эса жума тонгидан Қирғизистонни Тожикистон ҳудудидаги инсонларнинг уйлари ва ноҳарбий инфратузилмаларни "тўхтовсиз" бомбардимонга тутишда айблаб чиқди.

Тожикистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси Қирғиз ҳарбийлари Хўжаи Аъло, Қуммозор, Сурх, Сомониён, Кулканд, Хистеварз ва Овчикалъача аҳоли масканларини оғир қуроллардан бомбалашда айблади.

Тожикистон расмийлари талофатлар ҳақида маълумот бергани йўқ, бироқ Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги маҳаллий манбаларга таяниб камида бир Тожик чегарачиси ҳалок бўлгани, яна бир неча нафари яраланганини хабар қилди.

Кун давомида Интернет ижтимоий тармоқларида кўплаб хабар, фото ва видеолар тарқалди, икки томон ҳам бир-бирини ёлғон хабар тарқатаётганликда айблаб ҳам чиқдилар.

Би-би-сининг ҳодисаларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони йўқ.

Қирғизистон билан Тожикистоннинг умумий чегараси 970 километрни ташкил этади, бунинг ярмини икки томон ҳам баҳсли деб ҳисоблайди.

Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров

Сурат манбаси, Telegram/Aziz Abduvaliyev

Тожик-Қирғиз чегарасида 2021 йили ҳам сув устидан жанжал келиб чиққан, икки мамлакат ҳарбийлари ҳам аралашган қуролли тўқнашувларда 50 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

16 сентябрдаги ҳалокатли ҳужумлар Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Самарқанддаги ШҲТ саммитига борган вақтда рўй берди.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида қатнашган икки президент маъруза қилдилар.

Саммитни кузатган журналистлар Президент Садир Жапаровнинг мажлисни тарк этганига эътибор бердилар, сўнг унинг мобиль телефонда сўзлашиш учун қисқа вақт олиймақом мажлисдан чиқишга тўғри келгани хабар қилинди.

ШҲТ асосий мажлисидан сўнг Қирғизистон ва Тожикистон президентлари юзма-юз учрашганлари, чегарадаги вазиятни муҳокама қилганлари хабар қилинди.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek