Украина уруши: Қозоғистон, Туркия банклари Россиянинг “Мир” карталаридан воз кечди, Ўзбекистон эса йўқ Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Туркия ортидан Қозоғистон банклари Россиянинг "Мир" тўлов тизимига хизмат кўрсатишни тўхтатишганини эълон қилишди. Ўзбекистон банклари "Мир" карталарини ишлатишда давом этмоқда.
"Известия" нашри Қозоғистоннинг "Халқ банк"идан иқтибос қилишича, мамлакатдаги банкоматлар Россия картларига хизмат қилишни тўхтатган.
Россиянинг ТАСС хабар агентлиги UzCardга таяниб ёзишича, "Ягона умумреспублика процессинг маркази" — UzCard МИР тўлов тизими карталарини қабул қилишни давом эттирмоқда.
"UzCard ва Мир 2019 йилдан буён эквайринг ва кобейдж карталари чиқариш бўйича ҳамкорлик қилади. Ҳамкорлик фақат бир тарафлама, катта оға ва кичик ука форматида. Хусусан, Мир карталари билан UzCard инфратузилмасида фойдаланиш мумкин, лекин UzCard карталаридан (агар кобейдж бўлмаса) Россияда Мир инфратузилмасида фойдаланиш имконсиз",, деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.
Олдинроқ Туркиянинг Isbank ва Denizbank банклари Россиянинг "Мир" тўлов тизимига хизмат кўрсатишни тўхтатишганини эълон қилганди.
Бу, Туркия ҳудудида Россия банкларининг пластик карталарини ишлатиб юрган инсонлар ўз карталаридаги маблағдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишларини англатади.
Ҳозир Туркиядаги россияликлар бошқа банкларнинг бўлимлари ва банкоматларида "Мир" тизимидаги банк кардларидан фойдаланиш мумкин бўлиб турганини айтишмоқда, аммо бошқа банклар ҳам ўзларини АҚШ санкцияларига дучор қилмаслик чораларига қўл уришлари мумкин.
Алоқадор мавзулар:
Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин Россия сиёсатчилари, бизнесменлари, иқтисодиёти ва саноати қаторида молия тизимига қарши ҳам санкциялар жорий этилди, АҚШ бутун дунёдаги мамлакатлар, бизнес ва молия институтларини санкцияларни бузиш оқибатлари ўзларига ёмон бўлишидан огоҳлантирди.
Россияни жазо чораларини четлаб ўтишда ёрдам бераётганларга нисбатан ҳам иккиламчи санкциялар қўлланиши мумкинлиги эслатилди.
Ўтган ҳафта АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг "Мир" тўлов тизими билан янги шартномалар тузаётган ёки амалдаги битимларини кенгайтираётган молия ташкилотларини ўзларига қарши ҳам санкция жорий этилишидан огоҳлантириб чиқди.
Шунингдек, санкция рўйхатига "Национальная система платежных карт" ("Мир" тизими оператори) Бош директори Владимир Комлев ҳам киритилди.
Ғарб санкциялари оқибатида Европа ва Америкада банк картасини ишлатолмай қолган россияликлар ўзларини Туркияга урдилар, ўн минглаб россиялик туристлар у ерда банкоматлардан нақд пул чиқариб ололдилар.
Хабарларга кўра, "Мир" тизимидан фойдаланишга рухсат бериб келган Туркиянинг беш банкидан иккитаси Америка санкциясига тушиб қолмаслик чорасини кўришга қарор қилди, улар Россия банкларига хизмат кўрсатмасликлари ҳақида баёнот бердилар.
Мухбирларнинг хабар қилишича, иккиламчи санкциялар оқибатидан Halkbank, Vakifbank ва Ziraat банклари чўчиб қолганлар.
Ушбу баёнот ортидан биржада Isbank акцияларининг 10 фоиз қадри тушиб кетгани кузатилди.
Иккиламчи санкция хавотири
Шу йил 3 мартида Ўзбекистоннинг UZCARD тизими "Мир" тўлов тизими карталарининг қабули вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.
Ҳозирга келиб эса Ўзбекистонда "Мир" картасидан фойдаланишни истаган россияликлар UZCARD тизимига уланган ҳамма шохобчаларда фойдаланишлари мумкинлиги хабар қилинган.
Шу йил 12 сентябридан Ўзбекистоннинг икки банки - "Капитал" ва "Ипак йўли" чет элликларга банк карталари бериш тартибини қаттиқлаштирганлари ҳақида хабар қилдилар.
Туркиядан ташқари россияликлар ўз банк карточкаларидан фойдаланишни кўпайтирган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Россия санкцияга учраганидан кейин Ўзбекистон ҳам "карта туризми" мамлакати номини олди.
Россияликлар Ўзбекистонда ўз номларига банк картасини очтириш осон эканини айтадилар.
Ўзбекистон расмийлари йил бошидан буён хорижликларнинг Ўзбекистонда банк картасини очтиришлари 15-20 фоизга ортганини айтганлар, Ўзбекистон Марказий Банки маълумотларига кўра, шу йил июль ойи бошигача Ўзбекистон банкларида Россия фуқароларининг сақланаётган маблағи қарийб 115 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Шу йил июнида Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий компанияси АҚШ санкциясига тушди.
Бунга Promcomplektlogistic ширкатининг Россиядаги Америка санкция рўйхатига кирган "Радиоавтоматика" корхонаси билан ҳамкорлиги сабаб бўлган.
Америка мулозимларига кўра, Promcomplektlogistic "Радиоавтоматиканинг "АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларида "фаол қўллаб-қувватлаган".
Хабарларга кўра, Promcomplektlogistic "Радиоавтоматика" учун микросхема каби электрон компонентлар етказиб берган, "Радиоавтоматика" эса Россия Мудофаа вазирлигини жиҳозлар билан таъминлайдиган корхона.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
















