Украина-Россия: Руслар ҳам қочишмоқда - улар Ўзбекистонга ҳам келишяптими? - Уруш ва тинчлик yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Андрей Козенко, Нина Ахметели ва Григор Атанесян
- Role, Би-би-си
Украинага босқин бошланганидан кейин минглаб, эҳтимол, ўн минглаб - аниқ маълумотлар йўқ - Россия фуқаролари мамлакатни тарк этган. Одамлар қўрқув ва мавҳумликдан, уруш бошлаган давлатда яшашни истамасликдан, бошланаётган иқтисодий инқироздан қочмоқда. Ўзбекистонда ҳам россияликлар кўпайиб қолгани айтилмоқда.
Ҳозиргача энг асосий манзил Грузия бўлиб, руслар ўтган йили, Алексей Навальнийнинг штаб-квартираси мағлубиятга учрагач ва унинг тузилмалари экстремистик ташкилотлар деб тан олингани ва журналистлар, оммавий ахборот воситалари "хорижий агентлар" деб эълон қилинганидан кейин мамлакатдан кета бошлади.
Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 24 февралдан буён мамлакатга 20 мингдан ортиқ россиялик келган. Ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаурининг даъво қилишича, 3000 га яқин муҳожир мамлакатда қолган.
Энг қулай йўналишлар Арманистон ва Туркия бўлиб, чипталар нархи кескин ошганига қарамай, у ерга учиш қулайроқ. Бундан ташқари, одамлар вақтинча ёки доимий равишда - ўзлари ҳам билишмайди - Озарбайжон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Марказий ва Жанубий Американинг визасиз мамлакатларига кўчиб кетмоқда.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Визаси бор ёки олиши мумкин бўлганлар - авиапарвозлар қисқариши шароитида - учинчи давлатлар орқали Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқига кетади: Финляндияга поэздда ёки Ригага автобусда.
Бундай кўчишлар аллақачон уй-жой ижараси нархи кескин ошишига олиб келди. Кетганларнинг баъзилари салбий муносабатга дуч келишди - Тбилисида квартира ижараси эълонларида баъзан уйни рус ва беларусларга бермаслиги ёзилади. Грузиянинг 15 мингдан ортиқ фуқароси аллақачон Россия билан виза режимини жорий этиш талаби билан петиция имзолаган.
"Telegram" мессенжерида аллақачон ўндан ортиқ чатлар мавжуд бўлиб, барининг номида "релокация" сўзи бор, кейин мамлакат кўрсатилган. Уларнинг ҳар бирида 3 мингдан 40 минггача иштирокчи бор. Кўпчилик эмиграция ҳақида фақат назарий жиҳатдан ўйлаган, лекин охир-оқибат 2-3 кун ичида йиғилиб, жўнаб кетадилар ва бир-бирига оддий кундалик масалаларни ҳал қилишда ёрдам беришади: ишончли риелторни қандай топиш, банк ҳисобини қандай очиш, қайси уяли алоқа операторига уланиш ва ҳк. Visa ва Mastercard тизимлари рус карталари билан ишламаётган ва нақд рублни алмаштириш деярли мумкин бўлмаган шароитларда маҳаллий валютани қандай топиш мумкин, кўп мамлакатларда рубль ҳеч қачон машҳур валюта бўлмаган.
Шок ва ваҳима
"Биз узоқ вақт кетиш ҳақида ўйлаган эдик, буни оиламизда муҳокама қилдик", дейди Татьяна исмли интернет-маркетолог Би би сига (у бошқа суҳбатдошлар каби Россияда қолган қариндошлари учун қўрқиб, исмини айтмасликни сўради)."Ва 24-куни (босқин бошланганидан кейин - таҳр.) биз зудлик билан чипта олиш кераклигини англадик, чунки эртага нима бўлади, билмаймиз".

Сурат манбаси, Getty Images
Татьянанинг айтишича, унинг Европада қариндошлари бор, аммо унинг оиласи бу вариант ҳақида жиддий ўйлашга улгурмасдан Европа Иттифоқига парвозлар ёпилган. Биз Шри-Ланкадаги дўстларимиз олдига боришни ўйладик, лекин бу жуда қимматга тушаркан, бундан ташқари сайёҳлар у ерда фақат бир ой қолишлари мумкин. 1 март куни Татьяна ва унинг эри Тбилисига учиб кетишди.
Беларус ва Исроил фуқароси Мария Дубровская блог юритади ва ундан даромад олади. Февралгача у севгилиси билан Москвада яшарди ва шундай бўлдики, 21 февраль куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилиши куни улар кетишга қарор қилишди. "Бу шок қиладиган иш бўлди, - дейди у. - Мен дарҳол кетиш вақти келди деб ўйладим, лекин уруш бошланганидан кейин ҳамма нарса жуда тез ўзгарди. Рубль курси туша бошлади, дарҳол нақд пул олишга шошилдим. Банк иловасида банкоматда пул борлиги кўрсатилганди, аммо борсам бари тугабди. Бунга параллель равишда янгиликларни кузатардим, жуда даҳшатли ҳолат эди."
Дубровская Минскдаги онасига қўнғироқ қилиб, унга кетишни маслаҳат берди ва ўзи ҳам Арманистоннинг Гюмри шаҳрига учиб кетди, кейин қаерга боришини билмасди - Ереванга, Тбилисига ёки бошқа жойга.
"Хавфсизлик Кенгаши йиғилишидан кейинги кун биз ишимизда муаммолар бўлишига амин эдик, - дейди ўйин иловалари ишлаб чиқувчи Сергей. - Биз дарҳол Кипрга йўл олмоқчи эдик, у ерда компаниямиз рўйхатдан ўтган, аммо парвозлар тугади. Биз ҳозир Арманистонга етиб келдик, ҳозирча шу ерда қолмоқчимиз - бундан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида жиддий ўйлаб кўриш учун бироз вақт керак."
"Ғарб давлатлари эълон қилган санкциялар пакети ё узоқ муддатли танаффусни ёки компаниямизнинг Россиядаги ишини буткул тугатишни англатарди, - дейди лойиҳа бюроси директори Иван. - Мен Истанбулга, у ердан Лондонга учиш учун чипта сотиб олдим.
Санкт-Петербурглик Android дастурчиси Николайнинг айтишича, у ҳам узоқ вақтдан бери кетиш ҳақида ўйлаган. "Бетараф турадиган одамлардан ҳафсалам пир бўлди, - дея тушунтиради у. - Мен учун нейтрал одамлар бўлаётган воқеаларга айбдор бўлган Путиндан кейин иккинчи ўринда туради, улар сайловга бормайди, ҳаттоки сиёсатга эътибор бермайди. Уруш бошланди, бу ҳам улар учун аҳамиятсиз навбатдаги воқеа."
24 февралдан кейин бутун Россия бўйлаб ҳукумат ҳарбий ҳолат эълон қилиши ва эркакларнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлаши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Буни эшитган Николай чипта сотиб олди - бу унга тахминан 900 долларга тушди - Ереванга учиб кетди ва у ердан поэздда Тбилисига етиб борди. "Аслида бутун поезд русийзабон эди", деб эслайди у.
32 ёшли IT-мутахассис Никитанинг айтишича, февраль ойи бошида у Россия қўшинларининг Украина яқинидаги ҳудудда маневр қилаётгани тасвирларини кўрган ва ўшандан бери бунинг охири яхши бўлмайди, деб ўйлай бошлаган.
"24 февраль, ҳаммаси бошланганда, менинг биринчи реакциям уйқусизлик бўлди. Мен тун бўйи ухламадим, ҳамма нарса қулаб тушди, агар Россияда қолсам, ҳаётим барбод бўлади деган тушунча кучайди", дейди у.
25-куни Никита рафиқаси ва ўн ёшли қизи билан Истанбулга учиб, у ерда бир неча кун қолиб, кейин Батумига кўчиб ўтди.
Чамадонлар ва мушуклар
Интернет-маркетолог Татьянанинг айтишича, нарсаларни йиғиш жуда шошилинч эди: тоза кийим солинган иккита кичкина чамадон. Эри билан душанба куни кечқурун биржалар эрталаб очилишини ва рубль қулашини билиб, чипта сотиб олди.

Сурат манбаси, Getty Images
Улар иккита мушукни ота-оналарига қолдирдилар.
Улар Тбилисига Нижний Новгород ва Боку орқали боришди. Чегара назоратида улар сайёҳлар эканлигини айтишди ва нима учун қайтиш чиптаси йўқлигини сўрашганида, нархлар ошиб бораяпти деб жавоб беришди. Самолёт тўла эди, деб эслайди Татьяна,
"Менинг блогим обуначиси менга ёзди, у биз бирга учаётганимизни ва ҳамкорлик қилишимиз мумкинлигини айтди, - дейди Мария Дубровская. - Биз Грузия чегарасини зўрға кесиб ўтдик: давлат хизматлари веб-сайти ишламай қолди ва биз эмланганликни тасдиқлаш учун QR кодларини кўрсата олмадик. Бир амаллаб сайтни очиб, уларни принтерда чиқариб олдик."
"4 март куни мен Истанбулга катта узоқ масофали аэробусда учдим. Мен бундай учоқларда фақат Атлантика океани орқали учганман, - дейди лойиҳалар бюроси директори Иван. - Мен чегарада бир қанча танишлар билан учрашдим, улар ҳам Истанбул орқали кетди."
Лондонда, дейди Иван, Хитроу аэропортининг фуқаролик кийимидаги ходимлари келган Россия фуқароларидан уларнинг урушга муносабати ва Россиядаги сиёсий вазият ҳақида сўрашди.
"Ёнимда фақат кийим-кечак, зарядлаш қурилмаси ва ноутбук солинган рюкзак бор эди, - дейди Android дастурчиси Николай. - Оҳ, яна бир бор эслатма, мен яқинда пианино чалишни ўргана бошлагандим."

Сурат манбаси, Getty Images
"Хотинимнинг ҳали паспорти йўқ, - деб хавотирланади у. - Бундан ташқари, бизда мушуклар, гвинея чўчқалари бор. Мушукларни [уларни чет элга олиб чиқиш учун] парвозим олдидан чиплаштирдик. Бир клиникада чиплар тугаб қолди. Эрталаб бошқасига қўнғироқ қилдим ва улар менга ҳайрон бўлиб, уларда бундай чиплар жуда кўп эканлигини айтишди. Ва кечқурун у келди - ва бизнинг мушукларимиз охиргисини олишди".
Москвалик Екатерина Соболева Челябинск орқали Ереванга учиб кетди. "Бу энг арзон чипталар эди, 14 минг рубль, ҳозир анча қиммат. Улар багажсиз, қўл юки билан учиб кетишди. Улар фақат ўзларига керак нарсаларнигина олишди", дейди у.
"Тбилисига кукуха билан борманг"
Интернет-маркетолог Татьяна ва унинг турмуш ўртоғи ҳозирда Тбилиси меҳмонхонасида туришибди, тураржой изламоқда. "Биз ишни тўхтатмаяпмиз, - дейди у. - Лекин менинг халқаро компаниям бор, у Россиядаги фаолиятини қисқартирмоқда ва бизни ишдан бўшатишади".
Вақти-вақти билан чатларда у русларга мурожаатларни кўради: нега кетдингиз ва ҳокимиятга норозилик билдирмаяпсиз. "Беларусликлар бизни тушунишади, бунинг сабабини бошқаларга тушунтириш қийин, - дейди у. - Хавотир бир сония ҳам камаймайди, бу ерда бироз енгил бўлдим деб айта олмайман, энди чи деб ўйлайман. Диққатни жамлаш қийин, умидсизлик, бунақаси бўлмаган, бунақа зарба."
Мария Дубровскаянинг айтишича, у ҳозирча Тбилисида қолишга қарор қилган, лекин ҳали уй топа олмаган. Бир неча кечани квартира ижарага олган обуначилари билан ўтказган, у ерда бўш диван бор экан, яна бир нечта меҳмонхонада исроиллик дўстлари билан.
Дубровская дарҳол Украина учун инсонпарварлик ёрдами тўплашга қўшилди ва худди шу янги келганлар учун телеграм чат очди. Улар учрашиб гаплашадидар, маслаҳатлашадилар. Чат "Тбилисига кукуха билан борма" деб номланади.

Сурат манбаси, Getty Images
"Мен интеграциялашишни хоҳлайман, ксенофобияни камайтирмоқчиман, - дейди у. - Мен ҳатто барча даҳшатларни қабул қила олмайман. Аломатлари тушунарли бўлган грипп бор, лекин тушунарсиз бўлган жароҳат ҳам бор. Уларни тасвирлаб беролмайсиз. Уруш даҳшатини, бузилган ҳаёт азобини ёки авлодлар буларнинг оқибатларини енгишга мажбур бўлишини."
"Лондон мен учун мажбурий вақтинчалик рўйхатдан ўтиш жойидир. Вазият барқарорлашгани онда Санкт-Петербургга қайтишга умид қиламан", дейди Иван, лойиҳалар бюроси директори.
Android дастурчиси Николайнинг айтишича, у илгари танимаган бошқа бир киши билан Тбилиси чеккасида квартирани ижарага олган. Ойлик ижара тахминан 1200 доллар. 2020-2021 йилларда бундай квартирани ойига 300 долларга ижарага олиш мумкин эди.
Екатерина Соболеванинг айтишича, риелтор уни огоҳлантирган: ҳамма ҳам Тбилисида русларга квартира ижарага беришни хоҳламайди. Кейин у уй бекаси билан шахсан гаплашсам бўладими, деб сўради.
"Бир-биримизни тушуниш учун беш дақиқалик суҳбат кифоя қилди, - дейди у. - Ҳар қандай давлатда вазиятни соддалаштирадиган ва дунёни оқ-қорага бўладиган одамлар бор. Дунё эса мураккаброқ. Бошқа томондан, мен жамоавий айбдорликни ҳис қиламан - бу ерда дўконга бориб, яна бир бор рус тилида бирор нарса сўрашдан қўрқаман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















