Украина инқирози: Россияни Swiftдан узиш қанчалар аҳамиятли? Ukraina Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Рассел Хоттен
- Role, BBC News
Россиянинг айрим банкларининг бутун дунё бўйлаб пул ўтказиш учун муҳим бўлган "Swift" тўлов тармоғидан фойдаланишлари тақиқланди.
Бу чора Украинага бостириб кирганидан кейин Москвага қарши қўйилган кейинги санкцияларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский Москвага босимни кучайтириш учун тақиқни зудлик билан жорий қилиш кераклигини айтди. Аммо баъзи давлатлар бу чорага қўл уришга иккиландилар.
Россияни минглаб молия институтлари билан боғлайдиган тизимдан чиқариб ташлаш, мамлакат банк тармоғига ва маблағлардан фойдаланиш имкониятига путур етказади. Бироқ, бошқа давлатлар ва компанияларга ҳам зарба берилади, чунки Россиядан нефть ва газ сотиб олиш тўхтатилади.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар бўйича раҳбари Жозеп Боррель Россияни "Swift"дан узиш масаласи жума куни ташқи ишлар вазирлари томонидан кўриб чиқилганини айтди, аммо бу ҳаракат "бир овоздан" қабул қилинмаганини қўшимча қилди.
Жаноб Боррелнинг айтишича, бу чорани "келажакда кўриб чиқиш" эҳтимоли бор.
Британия мудофаа вазири Бен Уоллес жума куни Би-би-сига шундай деди: "Буюк Британия "Swift" тизимини Россия учун ўчириб қўйишни истайди. Афсуски, бу тизим бизнинг назоратимизда эмас. Бу бир томонлама қилинадиган қарор эмас".
Аммо жума кунги учрашув олдидан Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Берлин Москвани "Swift"дан четлаштириш ҳозирча тўғри қарор эканига ишонмаслигини айтди.
У журналистларга шундай деди: "Мен тушунаман - мен ҳам худди шундай ҳис қиламан - шу дақиқаларда, шу соатларда ҳис-туйғулар алангаланиб, "Swift келишуви" каби сўзлар жуда ва жуда кучли эшитилади, аммо бундай пайтларда босиқлик жуда муҳим".
Жума кунги учрашув олдидан Франция молия вазири Брюно Ле Мэр "Swift" санкциялари фақат охирги чора сифатида қўлланилишини айтди.
"Swift" нима?
"Swift" - глобал молиявий артерия бўлиб, у сизга чегаралар оша осон ва тез пул ўтказиш имконини беради. Бу "Society for Worldwide Interbank Financial Telecommunication"нинг (Жаҳон банклараро молиявий телекоммуникациялар жамияти) қисқартмасидир.
1973 йилда яратилган ва Бельгияда жойлашган "Swift" 200 дан ортиқ мамлакатдаги 11 000 банк ва муассасани бирлаштиради.
Аммо "Swift" сизнинг анъанавий Ҳай Стрит банкингиз эмас. Бу фойдаланувчиларни тўловларни жўнатиш ва қабул қилиш тўғрисида хабардор қиладиган тезкор хабар алмашиш тизимининг бир тури.
У кунига 40 миллиондан ортиқ хабарларни юборади ва триллионлаб доллар компаниялар ва ҳукуматлараро ўтиб юради.
Ушбу хабарларнинг 1 фоиздан ортиғи Россия тўловлари билан боғлиқ деб ишонилади.
"Swift"га ким эгалик қилади ва уни бошқаради?
"Swift" Америка ва Европа банклари томонидан яратилган бўлиб, улар алоҳида бир институт ўз тизимини ривожлантириб, монопол бўлиб олишини истамаган эди.
Тармоқ ҳозирда 2000 дан ортиқ банк ва молия институтларига тегишли.
У Бельгия Миллий банки томонидан дунёнинг йирик марказий банклари, жумладан, АҚШ Федерал захира тизими ва Англия банки билан ҳамкорликда назорат қилинади.

Сурат манбаси, Reuters
"Swift" ўз аъзоларига хавфсиз халқаро савдони таъминлашда ёрдам беради ва низоларда тараф олмайди.
Бироқ 2012 йилда Эрон ядровий дастури билан боғлиқ санкциялар доирасида "Swift"дан узиб қўйилган эди. Ўшанда у нефть экспортидан келадиган даромаднинг деярли ярмини ва ташқи савдонинг 30 фоизини йўқотди.
"Swift"нинг айтишича, у санкцияларга таъсир қилолмайди ва уларни қўллаш бўйича ҳар қандай қарор ҳукуматларга тегишли.
"Swift"дан узиш Россияга қандай таъсир қилади?
Россия компаниялари "Swift" тақдим этадиган одатий силлиқ ва тезкор транзакцияларга кириш ҳуқуқини йўқотади. Унинг энергия ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун тўловлар жиддий бузилади.
Эҳтимол, бундай вазиятда банклар тўғридан-тўғри муомала қилиши керак бўлади, бу эса қўшимча кечикишлар ва харажатларга олиб келади ва охир-оқибат, Россия ҳукумати даромадлари қисқаради.
Россияга аввал ҳам - 2014 йилда Қримни аннекция қилганида "Swift"дан ўчириш билан таҳдид қилинган эди. Россия бундай чора кўриш уруш эълон қилиш билан баробар бўлишини айтди.
Ғарбий иттифоқчилар узоққа бормади, аммо таҳдид сабабли Россия ўзининг трансчегаравий трансфер тизимини ривожлантиришга уринди.
Бундай санкцияларга қарши тайёрланиш учун Россия ҳукумати карта тўловларини қайта ишлайдиган "Мир" номли Миллий тўлов карталари тизимини яратди. Бироқ, ҳозирда бир нечта хорижий давлатлар ундан фойдаланмоқда.
Нима учун Ғарб "Swift" масаласида якдил эмас?
Россиянинг тизимдан узилиши Россияга товар жўнатадиган ва ундан сотиб оладиган компанияларга, айниқса, Германияга зарар етказади.
Россия Европа Иттифоқига асосий нефть ва табиий газ етказиб берувчи бўлиб, муқобил манбаларни топиш осон бўлмайди. Энергия нархлари аллақачон осмонга сапчиётган бир пайтда, кўплаб ҳукуматлар аҳвол ёмонлашиши олдини олишни хоҳлайди.
Россия қарздор бўлган компаниялар тўловни олишнинг муқобил йўлларини топишлари керак бўлади. Баъзилар халқаро банк тартибсизликлари хавфи жуда катта, дейди.
Россиянинг собиқ молия вазири Алексей Кудрин "Swift" билан алоқани узиш Россия иқтисодиётининг 5 фоизга қисқаришига олиб келиши мумкинлигини айтганди.
Аммо Россия иқтисодиётига узоқ муддатли таъсири ҳақида шубҳалар мавжуд. Россия банклари тўловларни санкция қўлламаган давлатлар орқали, масалан, ўз тўлов тизимига эга Хитой орқали амалга ошириши мумкин.
Россияни бу тизимдан узиш қарори Европа ҳукуматларининг қўлловисиз бўлмас эди, уларнинг аксари ўз иқтисодларига зарар етиши мумкинлиги сабабли қаршилик кўрсатдилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















