Ўзбекистон - Россия, мигрантлар: Доллар 2015 йилги кўрсатгичга тушди. Мигрантлар хурсандчилиги узоққа чўзиладими? Иқтисодчилар нима дейди? Ўзбеклар ишлаши тақиқланган жойлар

пул
Сурат тагсўзи, Рублнинг тушиши муҳожирлар ойлигидан уйга юборадиган пул миқдорининг ошишига олиб келди.

Россияда доллар курси 2015 йиллар кўрсатгичини қайд этди. Бу фуқаролар учун яхши, аммо бюджет учун ёмон, деди таҳлилчи. Прогноз қандай: рубл кўтариладими ёки тушадими? 6 ойда 4 млн га яқин россиялик юртини тарк этди. Уларнинг ўрни Марказий осиёлик мигрантлар билан тўлиши мумкин эди.

Аммо Россия ўзида визали мамлакатлар фуқароларини истаяпти: уларга квоталарни оширди. Ўзбекистонлик мигрантларни эса хушламаяпти: рейдлар ва муҳожирлар ишлаши тақиқланган соҳалар кўпаяяпти.

  • 1 доллар - 58 рубл. 2015 йиллар кўрсатгичи.
  • «Валютанинг мустаҳкамланиши - иқтисодиётнинг "сунъий кома"далиги»
  • Иқтисодчилар тахмини: Рубл кўтариладими ёки тушадими?
  • Ўзбекистонликлар яна Россияга отланаяптими?
  • 4 ойда 4 млн га яқин россиялик ўз юртини тарк этган
  • Бўш иш ўринларига кимлар таклиф этилаяпти?
  • Ўзбекистонликларнинг қаерларда ишлаши тақиқланди?

Рублнинг тушиши - Россия пиарими?

Сўнгги кунларда Россияда 1 доллар - 58 рубл атрофида бўлиб, 2015 йиллар кўрсатгичини қайд этди. Бу фуқаролар учун яхши, аммо бюджет учун ёмон, деди таҳлилчи.

валюта

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Бу санкциялар иқтисодга путур етказмаслигини эълон қилиш учун яхши PR воситаси"

Уруш ва санкцияларга қарамай, рубл курси жиловсиз мустаҳкамланмоқда. Июнь ойининг биринчи ярмида Россия валютаси бир доллар учун 56-61 рубл даражасида сотилди ва айни кунларда ҳатто 55 га тушди.

Аномал ўсиш март ойи ўрталаридан буён давом этмоқда ва 2015 йилдан бери кўрилмаган кўрсатгичга қайтди. Владимир Путиннинг сўзи билан айтганда, доллар "қисқармоқда".

- Рублнинг тез тикланиши уруш бошида зарба қулаши ортидан содир бўлди - доллар ва еврога нисбатан курси 120 ва 130 рублдан ошиб кетди. Ва яна қисқа вақтда рублнинг ўз ўрнини мустаҳкамлаши Кремль учун сиёсий жиҳатдан фойдали бўлиб чиқди: бу санкциялар иқтисодга путур етказмаслигини эълон қилиш учун яхши PR воситаси. Аммо Ғарб таҳлилчилари валюта курсини сунъий, рублни эса "Потемкин қишлоғининг валютаси" деб аташади, чунки унинг ақл бовар қилмайдиган даражада мустаҳкамланиши иқтисодий асосга эга эмас, - деб ёзмоқда "Медуза" нашри.

Иқтисодчиларга кўра, "кучайган рубль" бугунги кунда санкциялар босими остидаги иқтисодиёт барқарорлигининг кўрсаткичи эмас, балки парадоксал равишда унинг таназзулга учраётгани ҳақида огоҳлантирувчи сигналдир.

- Валютанинг мустаҳкамланиши - иқтисодиётнинг "сунъий кома"га тушиб қолганини кўрсатади, деб ёзди мустақил таҳлилчи Александр Прокопенко.

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Ўтган йили 50 минг рубль маош 600 доллар бўлган бўлса, ҳозир 800 доллардан ошаяпти.

Россиядаги ўзбекистонликлар бу мамлакатда сиёсий ва иқтисодий вазиятнинг қандай давом этишидан кўра, долларнинг тушганига кўпроқ қизиқиш билан қарашмоқда. Сабаби, рублнинг тушиши муҳожирлар ойлигидан уйга юборадиган пул миқдорининг ошишига олиб келди.

Ўтган йили ўзбекистонлик муҳожирнинг ўртача иш ҳақи 50 минг рубль атрофида қайд этилган бўлса, бу тахминан 600 доллар атрофида эди. Айни пайтда эса шу миқдордаги иш ҳақи 800 доллардан ошиққа тенг бўлмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Рубль кўтариладими ёки тушадими?

Якуний прогноз кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Иқтисодчилар бу масала жуда мураккаблигини таъкидлашади.

- Ҳарбий вазият ва санкциялар ноаниқлиги шароитида ҳар қандай прогноз форс-мажор ҳолатлари туфайли бузилиши мумкин, дейишмоқда таҳлилчилар.

Россияда чекланган сўз эркинлиги боис, иқтисодчилар ҳам номларини сир сақлаган ҳолда интервью беришмоқда. Валюта прогнози борасида фикрларини билдирган россиялик иқтисодчи жуда қисқа муддатда - июнь ва июль ойлари охирида - экспортчилар солиқ тўлаши ҳисобига рубль мустаҳкамланади, дея тахмин қилди.

«Медуза» нашри билан анонимлик шарти билан суҳбатлашган халқаро молия ташкилоти бош иқтисодчиси эса келгуси уч ойда юқори нефть архларининг сақланиб қолиши, экспортдаги инерция, импортнинг йўқлиги ва капиталнинг чиқиб кетиши туфайли кучли заифлашув мумкинлигини билдирган.

- Қишда нефть эмбаргосининг босими экспортга таъсир қилиши мумкин: нефть ва газ секторининг валюта тушумлари пасайишни бошлайди, капитални Россияга содиқ мамлакатларга олиб чиқиш учун имкониятлар очилади ва валюта курси заифлашади. 1 доллар 75 рубль атрофидаги кўрсатгичга чиқади, - тахмин қилмоқда эксперт.

Таҳлилчининг фикрича, 2023 йилдан бошлаб, импорт тикланишининг бошланиши, савдо оқимларининг Осиёга йўналишини ўзгартириш ва юаннинг Россия молия тизими учун роли кучайиши билан рубль силлиқ шаклда заифлашишда давом этади.

Рубль бўйича расмий прогнозлардан фақат Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг эслатиб ўтилган тахмини маълум қилинган: базавий сценарийда долларнинг ўртача йиллик курси 2022 йилда 76,7 рубль даражасида бўлиши ва ундан ошиб кетиши кутилмоқда. 2025 йилга келиб бир доллар 80 рублга тенг бўлиши тахминланган.

пул рубл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиялик иқтисодчилар кузга бориб яна рублнинг қадрсизланишини тахминлашмоқда.

Кетганлар ўрни кимлар билан тўлдирилади?

Россиядаги сиёсий ва иқтисодий беқарор вазият ўз фуқароларини мамлакатдан чиқиб кетишига ҳам олиб келди.

Федерал Хавфсизлик хизмати ҳисобига кўра, бу йил Россияни 3,8 миллион киши тарк этган.

Расмий маълумотларга кўра, ўз ватанидан чиқиб кетган россияликлар энг кўп йўналиши Туркия, Грузия, Арманистон ва Қозоғистонга бўлган.

Таққослаш учун 2000 йилдан 2020 йилгача Россиядан 4 млн россиялик чиқиб кетган бўлса, 20 йиллик бу кўрсатгич 5 ойда қайд этилган.

Шу манзарада Россия мамлакатга виза асосида келаётган чет эллик фуқароларга бериладиган квоталар сонини оширди.

Россия Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги май ойидаги буйруғига кўра, Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти, Калуга вилояти ва бир неча федерал округларга квоталар сони оширилган.

Таъкидлаганимиздек, оширилган квоталар сони фақат Россияга виза асосида кирувчи мамлакатлар фуқаролари учун эканлиги белгиланган.

Россияга визасиз тартибдаги Марказий Осиё давлатлари фуқаролари мақоми эса мамлакатда ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

Мигрантлар кетди ва яна қайтди

Россиянинг Украинага бошлаган урушининг дастлабки ҳафталаридаги санкциялар натижасидаги ташкилотларнинг ёпилиши, ишсизлик, нархларнинг ошиши ва доллар курсининг кескин кўтарилиши ортидан минглаб Марказий осиёлик мигрантлар ватанларига қайтишга қарор қилишган.

аэропорт
Сурат тагсўзи, "Ўзбекистонликлар ишсизлик ва пулсизликдан яна Россияга қайтиб кета бошлашган"

Халқаро Миграция Ташкилоти жорий йил бошида 133 минг ўзбекистонлик мигрант Россиядан ўз ватанига қайтиб кетганлигини билдирган.

Миграция масалалари бўйича экспертлар апрель-май ойларида ишчилар яна Ўзбекистондан Россияга йўл ола бошлаши ортганини билдиришмоқда.

- Ўзбекистонда ишсизлик, пулсизлик, нархларнинг баландлиги Россияда ишлаб оила боқадиган кишиларни ватанида узоқ ушлаб тура олмайди. 1-2 ойда яна ноиложликдан муҳожирликка чиқиш учун йўл излай бошлашади. Шундай пайтда Россияда доллар курсининг тушгани - улар учун яхши имконият, - дейди Россиядаги асли ўзбекистонлик таҳлилчи.

Ўзбеклар ишлаши қаерларда тақиқланди?

2 йиллик пандемия чекловлари инқирозини бошидан кечирган, демографик хавф ёқасидаги ва ҳозирги нотинч вазиятда мигрантларга эҳтиёжи баланд қолаётган Россия шунда ҳам Марказий осиёлик ишчиларни хушламаётир.

Россия бўйлаб «нолегал миграцияга қарши» номидаги полиция рейдлари давом этаяпти, муҳожирларга қарши ҳақсизлик ва ҳуқуқларининг поймол этилиши камайгани йўқлигини мигрантлар учун бепул юристлар ижтимоий тармоқларда бот-бот таъкидлаб келишмоқда.

Россиянинг бир қатор регионлари Марказий осиёликларни ишлашини тақиқловчи соҳалар рўйхатини эълон қилди. Масалан, Краснодарь ўлкаси маъмурияти 129 та соҳага хорижликларни жалб қилишни тақиқлади.

Бундай тармоқлар орасида ишлаб чиқариш, савдо, таълим, умумий овқатланиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш соҳалари бор.

Бундан олдин шу йилнинг феврал ойида Калуга вилоятида, март ойида Перм ўлкасида муҳожирларни ўнлаб соҳаларда ишга қабул қилинмаслиги тўғрисидаги фармонлар имзоланганди. Тармоқлар орасида такси ва дўконларда ишлаш ҳам мигрантларга тақиқланганди.

Расмий рақамларга кўра, айни пайтда 2 млнга яқин ўзбекистонлик Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб, ватанда қолган оилаларини боқишмоқда.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.