Ўзбекистон - Россия: Ўзбек аёлларининг Россияга кетиши нега кўпаймоқда? Video янгиликлар, O'zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
2021 йилда Россияга ишлашга келувчи аёллар сони 10% га ортди, жами 40 фоизга чиқди.
Россия Миграция тадқиқотлари марказининг ўрганишича, Россиядаги мигрант аёлларнинг энг катта қисми ўзбекистонликлардир.
Ўзбек аёлларининг Россияга ишлаш учун кетиши нега тобора кўпайиб бормоқда?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар
- Сабаби тирикчилик. Шароитларни тўғирлаш, уй олиш, болаларни ўқитиш, шунга ўхшаш ҳар хил мақсадларимиз бор,- дейди пойтахт ошхоналарининг бирида ошпазлик қилувчи чирчиқлик Нигора.
Россияда аёл меҳнат муҳожирларига алоқадор расмий маълумотлар асосида муҳожир аёлларнинг бугунги умумий кўриниши ва ижтимоий ҳолатига назар ташлаймиз.
Ўртача ёш - 30

Сурат манбаси, courtesy
Тирикчилик учун пул топишга бел боғлаган муҳожир аёлларнинг ўртача ёши 30 ни ташкил қилади. Қирғизистонлик ишчи хотин-қизларнинг катта қисми 30 ёшгача бўлганлар ва кейинги қаторда 30-40 ёш оралиғидагилардир.
Ўзбекистон ва Тожикистондан Россияга ишлашга келган мигрант аёллар орасида эса 30 ёшдан юқори ёшдагилар кўп.
Асосан хизмат кўрсатиш соҳалари

Россияда ўзбекистонлик ишчи аёллар энг кўп банд бўлган ишлар хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келади.
Миграция тадқиқотчилари ўзбекистонлик муҳожир аёллар фаррошлик, идиш-товоқ ювувчилик, энагалик, уй хизматчиси, ошпазлик, кўча тозаловчи, сотувчилик, официантлик, иш юритувчилик ва қурилиш соҳаларида ишлаётганини билдиришган.
Статистик маълумотларга кўра, Россиядаги муҳожир аёлларнинг 42 фоизи хизмат кўрсатиш ва 33 фоизи савдо тизимларида ишлашмоқда.
Иш тартиби - ўртача 12 соат
Мигрант аёлларнинг асосий иш тартиби ҳафтада 6 кун ва кунига 12 соатни ташкил қилади.
Дам олиш кунисиз ва тунги сменада ишлайдиган хотин-қизлар "Меҳнат кодекси"да белгиланган иш тартиби асосида ишлайдиган мигрант аёллардан кўра уч баробар кўпдир.
- Дам олиш кунларисиз ишлаган пайтларимиз ҳам кўп бўлади. Тонгги 7 дан кечқурун 11-12 ларгача ишда бўламиз. Бошқалар ҳам кунига 12 соатлаб ишлашади, - дейди Нигора.
Маош - ўртача 600 доллар

Россияда ишлаётган ўзбекистонлик ишчи аёлларнинг ўртача иш ҳақи 47 минг рубль (600 доллар) атрофида.
- Бизда соатбай ҳисобланади. Бир ойда дам олиш кунларисиз ишласам, 55 минг рубль маош чиқади. Хафтада бир дам олганимда 50 мингга сал етмай қолади. Ҳар бир ишлаган соатимиз ёзиб бориб, шунга кўра тўланади, - иши ҳақида гапириб берди чирчиқлик ошпаз аёл.
Оиласизлар кўп
Статистикага кўра, муҳожир аёлларнинг 28 фоизи оилали.
Россияга ишлашга келаётган Марказий осиёлик аёлнинг катта қисми - оила боқишни ўз зиммасига олган хотин-қизлардир.
- Ўзбекистонда туриб ўртача яшайдиган фуқарони эҳтиёжларини қондирадиган бир иш жойи ва маош топиш жуда қийин. Айтайлик, уй-жой нархлари озиқ-овқат масаласи, рўзғор тебратиш, болалар, ҳамма-ҳаммаси маълум бир миқдорни ташкил қилса, бу маблағни ойликда топиш Ўзбекистонда борган сари камайиб бораяпти, - дейди миграция масалалари бўйича юрист Зарнигор Омониллаева.
Болалар - 79 фоизи онасидан узоқда
Муҳожир аёлларнинг 21 фоизи фарзандини Россияга олиб келади.
Айни пайтда Россия мактабларида ўқиётган мигрант болаларнинг сони 140 минг атрофида, вояга етмаганлар сони 800 мингдан кўпдир.
Россия Таълим вазирлиги мигрант болалар орасида ўқишга бормаётган мактаб ёшидаги болалар ҳам кўплигини таъкидлайди.
Бундан ташқари, Россияда Марказий осиёлик аёллар томонидан болалар уйларига топширилган ёки ташлаб кетилган болалар масаласи ҳам мигрант аёллар мавзуси қаторида саналадиган муаммолардан ҳисобланади.
Энг кўп дуч келадигани фирибгарлик
Ўзбекистонлик муҳожир аёллар дуч келадиган энг кўп муаммолар учлиги - фирибгарлик, жинсий зўравонлик ва қуллик ёки одам савдоси қурбонига айланишдир.
Турли жиноятлар қурбони бўлган мигрант аёллар кўп ҳолларда қўрқув, андиша ва ҳуқуқсизлиги ортидан тегишли идораларга мурожаат қилишмайди.
Шу билан бирга Россияда турли қонунбузарликлари ортидан ушланган ўзбекистонлик хотин-қизларни полиция маҳкамалари, мигрантлар қамоқхоналарида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбек аёлларининг фоҳишалик ва қўшмачилик каби ишлар билан шуғулланиши Москва ва Санкт-Петербургда кўп кузатилади.
Соғлик - даволаниш қиммат
Ўзбекистонлик мигрант аёлларнинг Россияда тоби қочгудек бўлса, улар учун катта муаммо.

Сурат манбаси, official
Патент расмийлаштириш чоғида сотилган суғурта полиси аксар ҳолларда амал қилмайди.
Давлат поликлиникалари мигрантлар учун деярли тиббий хизмат кўрсатмайди, хусусий клиникаларнинг эса хизмат ҳақи жуда баланд.
Кўмаклашувчи ташкилотлар бор, аммо…
Россиянинг турли ҳудудларида Ўзбекистоннинг консулликлари, миграция масалалари бўйича агентлги ваколатхоналари мигрантлар муаммоларини ҳал этишда кўмаклашишади.

Шунингдек, ўзбекистонликларнинг ўнлаб турли жамиятлари ва диаспоралари, ҳуқуқ ҳимоячилари бор, уларнинг аксарида мигрантларга турли хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилади.
Бироқ айнан ўзбекистонлик мигрант хотин-қизлар муаммолари билан шуғулланувчи марказларни топиш қийин.
Шу боис ижтимоий тармоқларда ўзбек аёлларининг турли қийин вазиятларга тушиб қолгани ва турли масалаларда ёрдам сўраган видеотасвирларини кўплаб учратиш мумкин.
Жамият кўникди
Мигрант аёллар муаммолари билан шуғулланувчи юрист Зарнигор Омониллаева йилдан йилга миграция оммалашиб одатий ҳолга айлангани ҳақида фикр билдирди.
Юристга кўра, ўн йил олдингига кўра муҳожирликка чиқувчи ўзбекистонлик хотин-қизларга жамиятнинг ҳам муносабати ижобий томонга ўзгарган.
- Муҳожирликка чиққанлар бирини икки қиладиган, ҳаракатчан инсонлар саналаяпти. Шу боис мигрантлик йўлини танловчилар ҳам кўпайиб бораяпти. Аёллар ишга чиқмаса, уларни уй-жойини қилиб берадиган, болаларини боқишга кўмаклашадиган одам йўқ. Ҳозирда муаммоларини ҳал қилиш аёлларнинг ўзларига қолган, - дейди ҳуқуқшунос.
Айни пайтда Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган ўзбекистонлик хотин-қизларнинг сони ярим миллиондан ошган.
Россияда ишчи ўзбек аёллари кўпайиб бораётгани баробарида, Ўзбекистонда онасиз ўсаётган болаларнинг сони ҳам ортмоқда…
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















